«Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси республика бўйлаб жорий этилмоқда

    Мамлакатимизда 6 январ 2022 2388

    «Республикада кўкаламзорлаштириш ишларини жадаллаштириш, дарахтлар муҳофазасини янада самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент фармонига мувофиқ, юртимизда дарахтзорларни кўпайтиришга қаратилган «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси жорий этилди.

    Умуммиллий лойиҳа ҳудудларда яшил боғлар ва яшил жамоат паркларини барпо этиш, кўчатхоналар сонини кўпайтириш, тупроқ унумдорлигини ҳисобга олган ҳолда, ҳудудлар иқлимига мос хорижий манзарали дарахтларни маҳаллийлаштиришни кўзда тутади.
    Лойиҳага кўра, дарахтларни шикастлаш ва нобуд қилганлик учун жавобгарлик кучайтирилади. Мазкур йўналишда жамоатчилик назорати янада оширилади. Дарахтларни экиш ва парвариш қилиш соҳасидаги бошқарув тизими такомиллаштирилади. Шунингдек, қатор зарур чоралар кўзда тутилган:

    – ҳудудларнинг тупроқ-иқлим ва бошқа хусусиятларини аниқлашга қаратилган тадқиқот ва таҳлилларни амалга ошириш ҳамда бунинг натижасида ҳудудлар кесимида республика харитасини ишлаб чиқиш;
    – ҳар бир дарахтни парвариш қилиш учун масъул бўлган шахсларни белгилаш, бу борада рағбатлантириш механизмларини жорий этиш;

    Давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар ва буталар қимматбаҳо навларининг кесилишига мораторийнинг амал қилиши муддатсиз даврга узайтирилди. Мораторий даврида амалдаги чеклов ва мажбуриятлар билан бирга қўшимча равишда қуйидагилар оширилди:

    - мораторий талабларини бузганлик учун маъмурий жарималар миқдори беш бараварга;
    - дарахтлар ва буталарни ноқонуний кесиш ва шикастлаш билан ўсимлик дунёсига етказилган зарар учун ундириш суммалари икки бараварга.

    Мораторий талабларини бузган қурилиш-пудрат ташкилотларининг «Шаффоф қурилиш» миллий ахборот тизимидаги даражаси бир поғона пасайтирилади. Даражаси бир поғона пасайтирилган қурилиш-пудрат ташкилотлари бир йил мобайнида даражасини кўтариш имконидан маҳрум бўлади. Бунда даражасини бир поғонага пасайтириш имкони бўлмаган қурилиш-пудрат ташкилотлари бир йил муддатга қурилиш-пудрат ташкилотлари электрон рейтингидан тўлиқ чиқариб ташланади.
    Жамоатчилик назоратини кучайтириш мақсадида 2022 йил 1 апрелдан бошлаб янги тартиб ўрнатилади. Унга мувофиқ:

    – аҳоли томонидан Ички ишлар вазирлиги ва Давлат экология қўмитасининг махсус ахборот тизимига юборилган, дарахтлар, буталар, бошқа ўсимликлар ва ниҳолларни қонунга хилоф равишда кесиш, кундаков қилиш, шикастлаш, йўқ қилиш ёки бошқа жойга кўчириб ўтказиш бўйича ҳуқуқбузарликлар ҳақидаги фотосурат ва видеоёзувлар махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш техника воситалари орқали қайд этилган ҳуқуқбузарликлар ҳолатлари акс эттирилган фотосурат ва видеоёзувларга тенглаштирилади ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда белгиланган тартибда кўриб чиқилади;
    – ҳуқуқбузарлик ҳолатлари тўғрисидаги фотосурат ва видеоёзувларни юборган шахслар ҳар бир тасдиқланган ҳолат бўйича ҳуқуқбузардан ундирилган маблағлар ҳисобидан базавий ҳисоблаш миқдорининг бир бараварига тенг миқдордаги пул мукофоти билан рағбатлантирилади. Бунда, ҳуқуқбузарлик тегишли органлар томонидан бевосита аниқлангандан сўнг келиб тушган хабарлар бўйича рағбатлантириш амалга оширилмайди, бунда рағбатлантириш ҳуқуқбузарлик бўйича биринчи хабар берган шахсга нисбатан қўлланилади;
    – ҳуқуқбузарлик ҳолати бўйича фотосурат, видеоёзув ва хабарларни тақдим этган шахслар тўғрисидаги маълумотларнинг ошкор этилишига йўл қўйилмайди;
    Фармон билан 2022-2024 йилларда Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда «яшил боғлар»ни барпо этиш дастури, шунингдек, янги ҳамда маданият ва истироҳат боғлари негизида ташкил этилаётган «яшил жамоат парклари» рўйхатлари тасдиқланди, деб хабар беради Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати.