Йирик корхоналарда давлат иштироки камайиб, хусусий сектор улуши ортмоқда

    Тошкент вилоятида 205 та давлат активлари оммавий савдоларга чиқарилган.

    Сўнгги йилларда юртимизда хусусий мулкка эга бўлишнинг ўзига хос шаффоф тизими яратилганига гувоҳ бўляпмиз. Орамизда электрон аукционларда иштирок этиб, қисқа вақтда, ҳеч қандай тўсиқларсиз ер майдонлари ёки хусусий мулк объектларига эга бўлаётганлар оз эмас. Мазкур тизим давлат активларини хусусий мулкга сотишда ҳам қўлланилаётгани тадбиркорларга қулайлик яратмоқда.

    Бир вақтлар давлат улуши катта бўлган йирик корхоналарга жисмоний шахслар томонидан инвестиция киритиб, унга эгалик ҳуқуқини олиш деярли имконсиз масала эди. Бугунги кунга келиб эса Президентнинг бир қатор фармон ва қарорларида корхоналарда давлат иштирокини камайтириб, уларнинг улушларини хусусий секторга сотиш орқали самарали бошқарув тизими ҳамда рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқаришга эришиш масаласи кўндаланг қўйилмоқда. Хусусийлаштириш жараёнлари бўйича ягона давлат органи ҳисобланган Давлат активларини бошқариш агентлиги Тошкент вилоятининг бир қатор корхоналарига ташкил этилган пресс-тур давомида журналистларни бу борада олиб борилаётган ишлар билан таништирди.

    Бозорларда рақобат кучайиб бораётган бугунги даврда харидорларни жалб қилишнинг асосий воситаси сифатли ва арзон маҳсулот ишлаб чиқариш бўлиб қолмоқда. Бунинг учун ишлаб чиқариш корхоналари замонавий, қўшимча ресурсларни тежовчи техникалар билан таъминланган бўлиши керак. Президентимизнинг 2020 йил 27 октябрдаги “Давлат иштирокидаги корхоналарни ислоҳ қилишни жадаллаштириш ҳамда давлат активларини хусусийлаштиришга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони ана шу жиҳатларни назарда тутади.

    — Айни пайтда мамлакатимизда 3 мингга яқин давлат иштирокидаги корхонлар мавжуд бўлиб, уларни хусусий секторга сотиш ишлари жадаллик билан олиб борилмоқда, — деди Давлат активларини бошқариш агентлиги Тошкент вилоят ҳудудий бошқармаси ўринбосари Камолиддин Тоирбеков. — Хусусан, Тошкент вилоятида жами 267 та давлат объектлари 1 сўм ва ҳарид қийматида “E-ijro auksion” савдо майдончасига чиқарилиши белгиланган бўлиб, шундан 205 та давлат активлари оммавий савдоларга чиқарилган. Уларнинг аксарияти шаффоф тизим орқали тадбиркорлар томонидан сотиб олиниб, самарали иш фаоляти йўлга қўйилди. Бундан ташкари, Марказнинг Тошкент вилояти худудий бошкармаси томонидан “E-ijro auksion” ягона электрон-онлайн савдо майдончасига 2020 йилда жами 553 та давлат мулки объектлари электрон тарзда эълонга чиқарилиб, шундан 353 та давлат мулки объектлари кичик бизнес ва тадбиркорлик субьектларига уч томонлама ижара шартномаси орқали ижарага беришга эришилди. Бунинг натижасида 1630 та янги иш ўринлари яратилди.

    Инвестор корхонага янгича руҳ олиб кирди

    Тошкент вилоятидаги йирик объектлардан бири “Тўйтепа металл қурилмалари” акциядорлик жамиятининг 84,4 фоиз давлат улуши ҳам сотувга қўйилган эди. Очиқ тарзда ўтган аукцион жараёнларида умумий майдони 10,09 гектар бўлган корхонани маҳаллий тадбиркор 20 миллиард сўм қийматида ҳамда 4 миллион АҚШ доллари маблағ киритиш талаби билан харид қилди.

    Металл қурилмалари конструкцияси ишлаб чиқаришга ихтисослашган заводнинг янги раҳбарлари шу вақтга қадар техникалари эскириб, иқтисодий кўрсаткичлари пастлаб бораётган мазкур корхонага янги технологиялар олиб кириб, қўшимча иш ўринлари яратиш, маҳаллий бозорга мос, экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш, бир сўз билан айтганда, уни республикадаги энг илғор ишлаб чиқариш объектларидан бирига айлантиришни мақсад қилган. Завод бош муҳандиси Баҳодир Қодировнинг айтишича, корхонани тубдан янгилаш, замонавий ускуналар билан жиҳозлаш мақсадида ўтган йили 520 минг АҚШ долларига тенг дастгоҳлар олиб келинди. Уларнинг айримлари, хусусан, металл листларини букиб, айлантирадиган қурилма, лазер ёрдамида металларни ҳар хил шаклда кесадиган ускуналар республикада ноёб ҳисобланади. Заводнинг йиллик ишлаб чиқариш қуввати 1 йилда 60-70 минг тоннага мўлжалланган.

    Ҳозирги кунда заводда 50 турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқарилади. Талаб ва таклифдан келиб чиққан ҳолда, халқ хўжалигига зарур бўлган махсус техникаларни ишлаб чиқариш ҳам йўлга қўйилган. Масалан, ичимлик сув ташиш техникаси, йўлларда ишлатиладиган йўл ювиш ва йўл тозалаш машинаси ҳамда 8 куб сиғимдаги чиқиндиларни ташиш машиналари сифат ва қулайлик жиҳатидан шу турдаги исталган техникалар билан бемалол рақобатлаша олади. Ушбу машиналарнинг асоси Самарқанд автомобил заводидан сотиб олиниб, зарур техник қисмлар билан бойитилади. Ихчам, аммо сиғими катта бу ускуналар бозорда анчайин талабгир бўлиб бормоқда. Биргина чиқиндиларни ташиш машинаси ўтган йилнинг 4-чорагида 26 та ишлаб чиқарилиб, харидорларга етказилди.

    Заводда 245 киши доимий иш билан таъминланган. Келгусида бўш иш ўринлари сонинини янада ошириш режалаштирилган. Асосийси, заводга янгича руҳ кириб келмоқда ва у яқин келажакда энг замонавий, юқори ишлаб чиқариш қувватига эга, маҳсулотлари билан дунё бозорларига чиқадиган корхонага айланса, ажаб эмас.

    “Эскирган ускуналар билан рақобатга дош бера олмаймиз”

    2021 йил якунига қадар республика бўйича жами 1501 та объект хусусийлаштирилиши режалаштирилган бўлиб, уларнинг орасида Янгийўл туманидаги “Янгийўл ёғ-мой” АЖ корхонаси ҳам бор. Мамлакатимизда ўз ўрни ва ишлаб чиқариш қувватига эга мазкур заводда асосан пахта чигити қайта ишланиб, қадоқланган ўсимлик ёғи, хўжалик совуни, чорва моллари учун озуқа еми ишлаб чиқарилади. Акцияларининг 51 фоизи давлат улуши бўлиб, афсуски, корхона ускуналари анча эскириб, ишлаб чиқариш қуввати пасайган. Пресс-тур иштирокчилари узоқ йиллик иш фаолиятига эга заводда бўлиб, мавжуд жараён билан бевосита танишди.

    — Корхона бир кунда 400 тоннагача чигитни қайта ишлаш қувватига эга бўлиб, бу ерда 600 дан ортиқ ишчи меҳнат қилади, — деди ишлаб чиқариш бўйича директор Шуҳрат Асанбоев. — Бироқ ҳозирги кунда корхонанинг тўлиқ қувватда ишлаши ҳамда хомашё етказиб берилиши билан боғлиқ айрим муаммолар бор. Завод ускуналари анча эскирган. Бугунги даврда эски ускуналар билан ишлайдиган корхоналарнинг рақобатга дош бериши қийин. Боиси, хомашёнинг асосий талабгорлари янги, ишлаб чиқаришнинг самарали усулларини қўллайдиган, қўшимча материаларни кам сарф қиладиган, ишчи кучидан оптимал фойдаланадиган корхоналар бўлади. Улардаги имкониятлар маҳсулот тан нархини пасайтиришга шароит яратади. Табиийки, тан нарх паст бўлгач, маҳсулотни арзон сотиб, бошқалар билан рақобатлаша олади. Натижада маҳсулот айланмаси ва сотувнинг яхшилиги ҳисобига хомашёга бўлган талаби ҳам ортиб боради. Афсуски, бизнинг корхонамизда бундай имкониятларнинг йўқлиги тан нархнинг баландлигига олиб келяпти. Бунда самарадорликка эришиш учун барча ишлаб чиқариш ускуналарини замонавийларига алмаштириб, заводни тўлиқ модернизация қилиш зарур.

    Айни пайтда корхонада мавжуд ускуналар асосан чигитни қайта ишлашга мўлжалланган бўлиб, бошқа хомашёни ишлаб бериш имконияти етарлича эмас. Унинг тўлиқ қувватда, самарали ишлаши, бозор талабларига мос, рақобатбардош маҳсулот ишлаб чиқариши учун янги ускуналар, илғор технологиялар зарур. Шу боис, ундаги давлат улушининг хусусий инвесторга сотилиши бу муаммоларни бартараф этишга хизмат қилади.

    Ҳозирда объектларни хусусийлаштириш бўйича Республика прокуратураси бошчилигида 6 та молиявий ташкилотлардан иборат ишчи гуруҳ тузилган бўлиб, улар мазкур корхонада ҳам бўлди. Жараёнда завод тўлиқ хатловдан ўтказилди ва айни вақтда баҳолаш ишлари амалга оширилмоқда. Тез орада оммавий савдоларга чиқарилиб, тўлиғича хусусий мулкдорларга сотилиши белгиланган. Айтиш жоизки, бундай корхоналарнинг хусусий секторлар қўлига ўтиши бозорларда рақобат муҳитини ошириб, дастурхонларимизнинг сифатли, арзон маҳсулотлар билан тўлишига йўл очади.

    Раҳбарлар ходимларига “хисоб” беради

    Янгийўл туманидаги “Биокимё” корхонасида ҳам давлат улуши 51 фоизни ташкил этади. 1994 йилдан буён акциядорлик жамияти сифатида фолият юритаётган мазкур корхонада истеъмол ва техник спирти ишлаб чиқарилади. Жамиятда 340 нафар киши иш ўрни ҳамда яхши ойлик маоши билан таъминланган. 2016 йилдан бошлаб корхонада янгича корпоратив бошқарув тизимининг жорий қилиниши самарадорлик кўрсаткичларининг бир неча баробарга ўсишига олиб келди.

    — Корпоратив бошқарув тизими янги термин бўлиб, авваллари ташкилотларда бундай ёндашув бўлмаган, — деди “Биокимё” корхонасининг қимматли қоғозлар бўйича мутахассиси Муқаддас Қоратоева. — Бу тизимнинг ўзига хослиги шундаки, унда раҳбарнинг ҳар бир ходими олдида очиқлиги, хисобдорлиги таъминланиб, уларга корхона даромадалари, сарф-харажатлари тўғрисидаги маълумотлар бериб борилади. Хар чоракда жамият корпоратив бошқарув тизими даражаси ва ижроия органи самарадорлигининг мухим кўрсаткичлари бахоланиб, натижалари расмий веб-сайтларда ошкор қилинади. Корпоратив бошқарув тизими жорий қилингач, жамиятимизнинг ташкилий тузилмаси, ички корпоратив низомлари қайтадан кўриб чиқилди. Кузатув кенгаши таркибида янга қўмиталар ташкил этилди. Бу нафақат ишлаб чиқариш, балки бошқарув соҳасида ҳам тизимли , очиқ ва шаффоф иш олиб боришга олиб келди.

    Янгича бошқарув тизимининг жорий этилиши билан корхона даромадлари бир неча баробарга ошганини рақамлар ҳам кўрсатиб турибди. Таҳлилларга кўра, жамиятнинг ўтган йилги даромади ундан аввалги йилларга нисбатан 30 фоизга ўсган. Хусусан, 2020 йилда 230 миллион долларлик маҳсулот хорижга экспорт қилиниб, жами йиллик фойда 22,5 миллиардни ташкил этган. Бу йилги режалар ҳам ундан оз эмас.

    Бир вақтлар олинган фойданинг катта қисми раҳбарларнинг чўнтагига кирган бўлса, бугун корхоналарда яратилаётган шаффоф корпоратив бошқарув тизими натижасида олинаётган фойданинг аниқ хисоб-китоби кузатиб борилиб, самарали сарфланмоқда. “Биокимё” АЖ ҳам олинган фойда хисобидан 340 нафар ишчини муносиб рағбатлантириб, уларнинг ижтимоий ҳимоясини кўнгилдагидек йўлга қўйган. Зеро, корхоналарни хусусийлаштириш нафақат замонавий ишлаб чиқаришни янада ривожлантириш, балки аҳолини иш билан таъминлаб, уларнинг турмуш шароитларини яхшилашга хизмат қилади.

    Ирода ТОШМАТОВА,

    “Янги Ўзбекистон” мухбири

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates