Йод — саломатлик учун зарур элемент

    Фикр 18 октябр 2021 5419

    Термиз давлат университети кимё ва технология факультети декани, кимё фанлари доктори, профессор Ҳайит Тўраев шогирдлари билан Сурхондарё вилояти ер ости шўр сувлари таркибидан йод ва унинг бирикмаларини ажратиб олиш бўйича илмий изланишлар олиб бормоқда.

    Оқова сувларнинг таркибида кўплаб компонентлар бор. Биргина нефтни қайта ишлаш заводларининг чиқинди сувлари таркибида катта миқдорда ёд мавжуд бўлиб, уни тозаланмасдан тупроққа сингиши атроф-муҳит учун катта зарар

    Таъкидлаш жоиз, саломатлигимиз учун муҳим саналган ёднинг инсон организми учун бир кунлик ўртача меъёри 100-200 микрограммни ташкил қилади. Унинг танқислиги қалқонсимон без фаолияти билан боғлиқ касалликларни келтириб чиқаради. Ҳозирги вақтда дунёда ёд етишмовчилиги натижасида 1 миллиард 600 миллиондан ортиқ киши эндемик бўқоқ касаллигидан азият чекаётганини инобатга олсак, уни ишлаб чиқариш ҳажмини кенгайтириш қанчалик зарур эканини англаш қийин эмас. Қалқонсимон без гормонларининг асосини ташкил этадиган мазкур микроэлемент организмнинг ўсиши, ривожланиши ҳамда танадаги барча аъзоларнинг фаолияти учун муҳимдир.

    Ёд ва таркибида ушбу элемент мавжуд бўлган маҳсулотлар юртимиз аҳолиси учун ҳам муҳим аҳамиятга эга. Боиси, мамлакатимиз ёд манбаи ҳисобланган денгиз ва океанлардан узоқда жойлашган. Бундан ташқари, Марказий Осиё ҳудудида ҳаво ҳарорати жуда юқори бўлиши тупроқ таркибидаги ёд моддасининг ҳам буғланиб кетишига сабаб бўлади. Бу эса, ўз навбатида, ёднинг ўсимликлар ва озиқ-овқат маҳсулотлари орқали одам организмига етарли бўлган миқдорда қабул қилинишини чеклайди. Демак, ёд ва унинг бирикмаларини ишлаб чиқариш тиббиёт, қолаверса, саноат талаби бўлиб, илм-фан олдидаги муҳим вазифалардан бири ҳисобланади. Саноат корхоналари оқова сувлари таркибидан ёдни ажратиб олиш эса экологиямиз учун ҳам аҳамиятли.

    Аҳолимизнинг ёд ва унинг бирикмаларига бўлган йиллик ўртача талаби 16 минг тоннани ташкил қилади. Фармацевтикада, озиқ-овқат саноатида, ветеринарияда, минерал ўғитлар ишлаб чиқаришда, кимё саноатида катализатор сифатида, махсус шиша, ёқилғи, синтетик каучуклар олишда ишлатилишидан маълумки, унга талаб юқори, импортда алоҳида ўрни бор. Ҳолбуки, юртимизда бу модда захиралари етарлича. Таркибида ёд бўлган ер ости сувлари асосан, Фарғона, Бухоро-Қарши ва Устюрт платоси артезиан ҳавзаларида мавжуд. Шунингдек, Сурхондарё вилоятининг артезиан ҳавзаларида таркибида ёд бўлган 6 та захира аниқланган. Булар Учқизил, Хавдак, Какайди, Лалмикор, Жайронхона ва Эски Термиз гидротермал ҳудудларидир. Бундай ҳудудлардан чиқаётган оқова сувларнинг тозаланмаслиги тупроқ таркиби ва ўсимликлар оламига зиён етказади. Боиси чиқинди сувларнинг таркибида бром, хлор каби моддалар ҳам кўп миқдорда мавжуд бўлиб, ёд ажратиб олиш жараёнида сув мазкур моддалардан ҳам тозаланади.

    Олтинсой туманини инновацион ҳудудга айлантириш, инновацион технологияларни жорий этиш мақсадида илмий фаолиятга оид дастурларга ажратилган маблағлар ҳисобидан мазкур лойиҳани амалга ошириш учун ҳам грант ажратилган.

    — Ер ости шўр сувларидан ёд ажратиб олиш Хавдаг конидан чиқаётган ёдо-бромли чиқинди сувдан ўринли ва мақсадли фойдаланиш имконини беради, — дейди профессор Ҳайит Тўраев. — Лойиҳанинг тиббий аҳамияти ҳам катта. Чунки дунёда 50 миллион киши айнан ёд етишмаслиги сабаб ақлан заиф бўлиб қолган. Энг хавотирлиси, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан мактаб ёшидаги 285 миллион боланинг организмига ёд керакли миқдорда тушмаётгани аниқланган. Ваҳоланки, боланинг ақлан ривожланишида бу модда муҳим аҳамиятга эга. Сурхондарё вилоятидаги Хавдак массивидан бир йилда 2 минг 700 тонна, Какайдидан эса 2 минг 500 тонна ва Учқизил массивидан 1 минг 500 тоннагача ёд ва унинг бирикмаларини ажратиб олиш имконияти мавжуд. Ёд олишнинг ҳозиргача маълум бўлган усулларида ёдидлар хлор ёрдамида оксидланади. Табиийки, бу усулнинг экологик хавфи юқори. Шу билан бирга, саноат чиқинди сувлари таркибидан водород пероксиди иштирокида ҳам ёд ажратиб олиш усули мавжуд. Унинг камчилиги шундаки, водород пероксидининг парчаланиши ва портлаш хавфи юқори. Қолаверса, анчайин қиммат. Ер ости шўр сувлари таркибидан ёд ва унинг бирикмаларини ажратиб олиш эса экологик жиҳатдан хавфсиз, камхарж ва иқтисодий жиҳатдан тежамкор.

    Ёдни профессор Ҳ.Тўраев таклиф этаётган усулда ишлаб чиқариш технологияси Фанлар академиясининг Умумий ва ноорганик кимё институти ва Термиз давлат университетида мақбул технологик тажрибалар олиб борилган. Хавдаг ҳудудида ер ости шўр сувларидан ёдни ажратиш учун ҳаво-десорбция қурилмаси синовдан ўтказилганда, бажарилган назарий ҳисоблашлар ва тажриба тадқиқотлар тўғри ва ишончли экани тасдиқланган.

    Лойиҳанинг иқтисодий аҳамияти ҳам салмоқлидир. 1 килограмм кристалл ҳолатидаги ёднинг нархи ўртача 349 минг сўмни ташкил қилади. Маҳаллий ишлаб чиқаришда эса унинг ўртача нархи 114 минг 440 сўмга тушади. Бу ҳолда 1 килограмм ёд ишлаб чиқаришдан олинадиган соф фойда 234 минг 560 сўмга боради.

    Мазкур лойиҳа асосида ёд ва унинг бирикмаларини ишлаб чиқариш йўлга қўйилса, республикамизнинг ёдга бўлган эҳтиёжи ўртача 40 фоиз қопланади, бу эса импорт ўрнини босиш имконини беради. Уч йил ичида эса ёдни экспорт қилиш даражасига эришиш мумкин. Бугунги кунда бўқоқ касаллигининг ортиб бораётганини эътиборга олсак, уни даволаш ва олдини олишда ҳам ушбу микроунсурни ишлаб чиқаришнинг самараси катта. Қолаверса, ер ости шўр сувларидан ёд ажратиб олиш Хавдаг конидан чиқаётган ёдо-бромли чиқинди сувдан ўринли ва мақсадли фойдаланилиши билан ҳам аҳамиятли.

    Феруза Жўраева

    «Янги Ўзбекистон» мухбири

    No date selected
    март, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates