Йўл — умумхалқ мулки

    2021 йилнинг ўтган 9 ойи давомида 4 847 та объектдаги автомобиль йўлларида назорат ишлари ўтказилди.

    Тарихдан маълумки, қадимдан ҳам йўл солиш, кўприк қуриш — энг савобли амаллардан ҳисобланади. Бу ҳаётий тушунча миллий қадриятларимизда ҳам ўз аксини топган. Яна бир нарса аниқки, йўл қуриш қанчалик улуғланса, унга бевосита ва билвосита зарар етказиш, йўлни сифатсиз қуриш ва ёхуд бузиш шунчалик оқланмайди.

    Ҳеч ким атайлабдан тайёр турган йўлни бузмайди: бу ишнинг ҳам ўзига яраша сабаби бўлиши керак. Аммо... Энг аввало, ўша сабаб оқибатни оқлаши, фавқулодда муҳим бўлмоғи керак. Иккинчидан ва асосийси, ҳуқуқий-демократик давлатда яшаётган, янги Ўзбекистонимизда инсон қадри ва манфаати устуворлик касб этишини мақсад қилган эканмиз, ҳар бир ҳатти-ҳаракат қонун доирасида қилинмоғи лозим.

    Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Йўл-қурилиш ишлари сифатини назорат қилиш инспекцияси мамлакатдаги йўллар қурилиши, шунингдек, йўл-қурилиш материаллари, буюмлари ва конструкцияларини ишлаб чиқариш соҳасидаги қонуний ҳужжатлар талаблари бажарилишини назорат қилувчи махсус ваколатли давлат органи ҳисобланади. Бинобарин, “Ўзйўлинспекция” ўзига юклатилган вазифалардан келиб чиқиб, мунтазам равишда автомобиль йўлларида олиб борилаётган ишлар устидан қатъий сифат назоратини амалга оширмоқда.

    Жумладан, 2021 йилнинг ўтган 9 ойи давомида 4 847 та объектдаги автомобиль йўлларида назорат ишлари ўтказилди. Шундан: 52 таси қурилиш, 142 таси реконструкция қилиш, 134 таси мукаммал таъмирлаш, 2246 таси жорий таъмирлаш объекти, 1555 таси умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларини сақлаш, 146 таси кўкаламзорлаштириш, 47 та табиий офатни бартараф этиш объекти, 39 та ноқонуний қазиш, 180 та ҳолатда йўл қурилиш материаллари ишлаб чиқарувчи корхоналардаги ишлар. “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурига киритилган 294 та қишлоқ, овул ва маҳаллалардаги объектлар ҳамда 12 та бошқа объектда ўтказилган назорат тадбирлари ҳам ана шулар жумласига киради. Аниқланган қоидабузилиш ҳолатларини бартараф этиш бўйича буюртмачи, пудратчи, лойиҳачи, сақловчи ва бошқа ташкилотларнинг масъул ходимларига нисбатан 5 209 та бажарилиши мажбурий бўлган ёзма кўрсатмалар берилди.

    Рақам – рақам билан-ку, аммо уларнинг ҳар бири ортида сифатсиз ёхуд сифати талабга тўла жавоб бермайдиган неча километрлаб йўл ва табиийки, давлат хазинасидан сарфланган миллиардлаб маблағ ётибди.

    Албатта, сўнгги йиллардаги мамлакатнинг инфратузилма ривожида қурилаётган автомобиль йўллар, кўприк ва йўл ўтказгичларнинг салмоғи ортиб бораяпти ва бу — тараққиётимиз жадаллашиб бораётганидан далолат. Лекин бир нарсани назардан соқит қилмаслик керакки, автомобиль йўллари қурилса-ю, уни сақлаш бўйича қоидаларга риоя қилинмаса, натижада уларнинг сифати тез орада кўнгилдагидек бўлмаслиги табиий.

    Пиёдаларнинг ҳам, ҳайдовчиларнинг ҳам ҳақли эътирозларига сабаб бўлаётган ҳолатлардан яна бири — йўллардаги қурилиш ёки таъмирлаш якунланганидан сўнг, кўп вақт ўтмасдан турли хил важ ва сабаблар билан қилинган қазишлар оқибатида юзага келаётган ноқулайликлардир.

    Бу борада қонун нима дейди? Ўзбекистон Республикасининг “Автомобиль йўллари тўғрисида”ги қонуни талабларига кўра, автомобиль йўллари қайси юридик шахслар ихтиёрида бўлса, ўша субъектлар билан олдиндан келишмасдан, каналлар, алоқа ва электр узатиш линиялари, қувурлар, темир йўллар ҳамда бошқа коммуникациялар — автомобиль йўлларини кесиб ўтишига йўл қўйилмайди. Автомобиль йўлларидаги ёки уларнинг айрим участкаларидаги ҳаракатланишни чеклаш ёки таъқиқлаш – унга эгалик қилаётган юридик шахслар томонидан берилган рухсатномалар асосидагина амалга оширилиши керак. Рухсатнома бериш жараёнида эса, табиийки, инфратузилма ўтказган, яъни йўлни қазган ташкилот йўл қопламасини сифатли тиклаб беришни ҳам зиммасига олиши шарт. Бироқ ўтказилган назорат натижалари шуни кўрсатмоқдаки, кўп ҳолларда автомобиль йўлларидаги қазиш ишлари тегишли рухсатномасиз ёки рухсатнома талабларига риоя этмаган ҳолда амалга ошириляпти.

    2020 йил 22 январда қабул қилинган қонун билан Ўзбекистон Республикаси “Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси”нинг 147-моддасига ўзгартириш киритилди. Унга кўра, автомобиль йўлларини ўзбошимчалик билан қазиш, уларда сунъий нотекисликлар ва тўсиқлар яратиш, бу борадаги ишларни амалга ошириш учун берилган рухсатнома талабларини бажармаслик, шунингдек, йўлларни сақлаш қоидаларини бузиш билан боғлиқ ишлар маъмурий ҳуқуқбузарлик ҳисобланади. Бунинг учун фуқароларга — базавий ҳисоблаш миқдорининг 1 бараваридан 3 бараваригача, мансабдор шахсларга эса — 10 баравари миқдорида жарима солиниши белгиланган. Йўлларни сақлаш қоидаларини бузганлик бўйича “Ўзйўлинспекция” мансабдор шахслар томонидан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённома тузиш ҳуқуқига эга..

    Шу ўринда юқорида саналган ҳолатлар бўйича жорий йилда кузатилган айрим рақамларга мурожаат қилсак. 9 ой мобайнида лойиҳалаш, қурилиш-монтаж ишлари бажарилаётганда, қўйиладиган талабларни бузиш, инспекция ходимларининг кўрсатмаларини бажаришдан бўйин товлаш ёки ўз вақтида бажармаслик, шунингдек, автомобиль йўлларини ўзбошимчалик билан қазиш, уларда сунъий нотекислар ва тўсиқлар яратиш, берилган рухсатнома талабларини бажармаслик, қолаверса, йўлларни сақлаш қоидаларини бузиш каби ҳолатларга йўл қўйган мансабдор шахсларга нисбатан “Маъмурий жавобгарлик тўғрисида”ги Ккдекснинг 99- ва 147-моддалари асосида тегишли чоралар қўлланиши учун 184 та маъмурий баённома расмийлаштирилиб, судларга юборилди.

    Булар орасида ноқонуний қазиш ишлари бўйича 10 та ҳолат кузатилган бўлиб, жами 63,05 миллион сўмлик зарар аниқланди ва суд органларига тақдим этилди. 134 та ҳолат бўйича 5 318,46 миллион сўмлик сифатсиз бажарилган қурилиш-монтаж ишлари ҳажмини тўловдан чиқариш бўйича талабнома киритилди. Йўл қурилиш материаллари тайёрловчи айрим корхоналарнинг маҳсулотлари сифатсиз экани тўғрисида огоҳлантирилиб, ишлаб чиқаришни вақтинча тўхтатиб туриш ҳақида 22 та кўрсатма берилди.

    Кўприклар масаласи ҳам “Ўзйўлинспекция”нинг доимий назоратида турибди. Зеро, 2021 йил 3 февралда қабул қилинган Давлат дастурида 5 мингдан ортиқ таъмирталаб кўприкларни таъмирлаш ишларини босқичма-босқич амалга ошириш вазифаси белгилаб қўйилган.

    Инспекция томонидан жорий йилнинг ўтган 9 ойи мобайнида 90 та сунъий иншоот объектларида сифат назорати ўтказилиб, 42 та кўприкдаги қурилиш, таъмир ва сақлаш ишларидаги қоидабузишларни бартараф этиш бўйича кўрсатмалар берилиб, маъмурий баённомалар расмийлаштирилди.

    Албатта, ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарликнинг белгиланиши ҳам, лозим чора-тадбирлар кўрилиши ҳам бу каби ҳолатларнинг камайишига сабаб бўлиши мумкин. Лекин йўллар тўғрисидаги қонуний ҳужжатлар талабларига тўлиқ риоя этилишини таъминлаш масъул идоралар билан бир қаторда ҳаммамизга боғлиқ. Чунки, йўл — умумхалқ мулки. Уни сақлашга, равон бўлишига жамиятдаги барча баравар масъул.

    Фахриддин СОЛИҲОВ,

    Транспорт вазирлиги ҳузуридаги

    Йўл-қурилиш ишлари сифатини назорат қилиш

    инспекцияси бошлиғи

    No date selected
    март, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates