Йўл-транспорт ҳодисасини ички ишлар органлари ходимисиз расмийлаштириш (европротокол) тартиби белгиланмоқда

    2021 йил 20 январь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси томонидан “Транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилишга доир қонун ҳужжатлари такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасининг муҳокамасига бағишланган тадбир ўтказилди.

    Таъкидланганидек, юртимиз ҳудудида йўл-транспорт ҳодисаси билан боғлиқ маъмурий ҳуқуқбузарликлар таҳлилига кўра, 2018 йилда 13701 та, 2019 йилда 24005 та, 2020 йилда 16023 та тан жароҳати билан боғлиқ бўлмаган йўл-транспорт ҳодисаси содир этилган. Ушбу маъмурий ҳуқуқбузарликлар Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ходимлари томонидан расмийлаштирилиб, тегишлилиги бўйича кўриб чиқиш учун суд идораларига юборилган. Йўл-транспорт ҳодисаси иштирокчиларининг 40 фоизи бир-бирига эътирози йўқлиги ва мақсади суғурта товонини олиш эканлигини билдиришган.

    Амалдаги қонунчиликда йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлганда Йўл патруль хизмати инспектори чақирилиб, ҳужжатлар расмийлаштирилади, тиббий наркологик текширувдан ўтказилади ва суғурталовчига хабар берилади. Терговга қадар текширув, турли экспертизалар, суд жараёни тамомланиб, иштирокчилар ўзлари шахсини тасдиқловчи ҳужжатлар ва транспорт воситаларининг ҳужжатлари, экспертиза хулосаси, терговга қадар текширув, суд қарорларини тўплаб суғурталовчига тақдим этади. Суғруталовчи ҳужжатларни ўрганиб чиқиб товон тўлаш ёки рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади. Ушбу ҳаракатларни амалга ошириш учун ўртача 30-50 кун сарфланади ва фуқароларнинг ортиқча сарсон бўлиши ва қўшимча харажатлар қилишига сабаб бўлади.

    Қонунга киритилаётган янги нормалар билан йўл-транспорт ҳодисаси ҳақидаги билдиришнома тузиш орқали тан жароҳати билан боғлиқ бўлмаган йўл-транспорт ҳодисаси тўғрисида ҳужжатларни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходими иштирокисиз расмийлаштириш бўйича соддалаштирилган тартибни белгилаш назарда тутиляпти.

    Хусусан, йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлганда иштирокчилар ҳуқуқни мухофаза қилувчи орган ходимисиз билдиришнома тўлдириб тиббий наркологик текширувдан ўтадилар ва транспорт воситаларини техник шикастини баҳолаш экспертизасидан ўтказиб, 3 кун ичида суғурталовчига ариза тақдим этади. Суғурталовчи ҳужжатларни ўрганиб чиқиб, 15 кун ичида товон тўлаш ёки рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади

    Лойиҳа билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга янги – йўл-транспорт ҳодисаси ҳақидаги билдиришнома расмийлаштириш муносабати билан маъмурий жавобгарликдан озод этиш нормаси ҳамда “Транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисида”ги Қонунга йўл-транспорт ҳодисаси ҳақидаги билдиришнома деган тушунча киритилмоқда.

    Шунингдек, тан жароҳати билан боғлиқ бўлмаган йўл-транспорт ҳодисасини ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходими иштирокисиз расмийлаштириш асослари, қоидалари ва тартиби аниқ белгиланяпти

    Тадбирда қайд этилганидек, тан жароҳати билан боғлиқ бўлмаган йўл-транспорт ҳодисаларини ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари ходими иштирокисиз расмийлаштириш тартиби хорижий малакатлар Россия, Беларусь, Украина, Франция ва Белгия каби давлатларда амал қилади.

    Йўл-транспорт ҳодисаси тўғрисидаги ҳужжатларни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари ходими иштирокисиз расмийлаштириш тартибини (Европротокол) жорий этиш йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимлари ва ҳайдовчилар ўртасидаги бевосита мулоқотни амалга оширишда “инсон омили”га ва ортиқча қоғозбозликка, фуқароларни ортиқча сарсон бўлишига чек қўйишга, шунингдек ҳар бир содир этилган йўл-транспорт ҳодисасини расмийлаштириш учун йўл-патруль хизмати инспекторларининг ўртача 2-3 соат вақти тежалиши орқали тан жароҳати билан боғлиқ йўл-транспорт ҳодисаларини кўриб чиқишда сифат даражасини ошириш ҳамда автомобил йўлларида тирбандликларни олдини олишда самара беради.