Ёш режиссёрларнинг фильмлари грант асосида суратга олинади

    Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари Миллий ассоциацияси ташаббуси билан бир қатор ҳамкор ташкилотлар кўмагида 3-7 май кунлари ўтказилаётган “Янги Ўзбекистон. Янги нигоҳ” медиа-ҳафталиги давом этмоқда.

    Маълумки, мамлакатимизда ёш истеъдодлиларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг маҳоратини юзага чиқариш юзасидан кўплаб ишлар амалга оширилмоқда. Мазкур медиа-ҳафталикда ҳам ёшлар масаласига алоҳида эътибор қаратилган.

    Кечки дастур бўйича соат 18:00 да Кинематография агентлигининг ёш киноижодкорларини тақдирлаш, питчинг жараёнида танлаб олинган ва «Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили»га бағишланган ёшлар учун фильмлар яратиш бўйича грантларни тақдим этиш маросими бўлиб ўтди.

    Маросимда Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов ҳамда агентлик Бош директори Фирдавс Абдухолиқов, Ўзбекистон халқ артисти Хайрулла Саъдиевлар сўзга чиқишди. Ёшларни қўллаб-қувватлаб, келгуси ишларига катта муваффақиятлар билдирилди.

    Бу йили иккинчи маротаба ўтказилаётган “Дебют” қисқа метражли фильмлар фестивалида ёш режиссёрларнинг фильмлари грант асосида суратга олинади. Унда 100 га яқин топширилган сценарийлардан 40 таси саралаб олинган ва қайта ишлашга топширилган эди. Бугунги грантларни тақдим этиш маросимида сценарийларни энг охирги вариантлари қабул қилиниб, 15 та энг сара ғолибларга махсус сертификатлар тақдим этилди.

    Ёш кинорежиссёр Маҳлиё Асқаралиеванинг “Галдир” (“Лола, қуёш ва мен”) қисқа метражли фильми премьера қилинди. Мазкур фильм агентлик буюртмасига биноан “Ёшлар ижодий-тажриба студияси” ДУК томонидан суратга олинган.

    Сценарий муаллифи Ҳуснулло Жомонқулов, ғоя муаллифи ва постановкачи режиссёр Маҳлиё Асқаралиева, постановкачи операторлар Истеъдод Усмонов, Сардор Анваров либослар бўйича рассом Феруза Ғиёсова, картина директори Маҳмудали Гусейинов.

    Кинокартина психологик драма жанрида бўлиб, Офтоб исмли дизайнер қизнинг ҳаётида юз берган қизиқарли воқеалар ҳақида ҳикоя қилинади. Премьерага фильм ижодкорлари ҳам таклиф этилган.

    Премьерадан сўнг, таниқли эстрада ва кино юлдузлари иштирокида рамзий “қизил йўлакча” ҳамда шоу-концерт дастури ўтказилди. Ёш журналистлар, киноижодкорлар ва меҳмонлар билан фотосессиялар, интервьюлар ва байрамона шукуҳдаги суҳбатлар ташкил этилди.