Ёшлар — Ватаннинг бўлғуси қаҳрамонлари

    Ўтган йили барчамиз бошимиздан кечирган мураккаб паллаларда мамлакатимиз ҳарбий хизматчилари матонати, шижоати ҳамда ватанпарварлиги билан шифокорлардан асло кам хизмат қилгани йўқ.

    Давлатимиз раҳбари Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 29 йиллиги ва Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан йўллаган байрам табригида ҳам алоҳида таъкидлади. “Ана шундай ғоят кескин шароитда Қуролли Кучларимиз соҳибқирон Амир Темур бобомизнинг “Миллатнинг дардига дармон бўлмоқ — чин вазифангиздур”, деган эзгу даъватини ўзига шиор қилиб олди”, дея юрт ўғлонларининг матонатига юксак баҳо берди.

    Ўзбекистон Республикасини 2017–2021 йилларда янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси асосида мамлакатимиз ҳаётининг бошқа жабҳалари қатори ҳарбий соҳанинг ҳам энг муҳим йўналишлари бўйича замон талабларига мос қарорлар қабул қилинди. Амалга оширилган тизимли ва комплекс чора-тадбирлар натижасида қисқа давр ичида миллий армиямизнинг жанговар шайлиги ва умуман мамлакатнинг мудофаа қобилияти ошди.

    Ватан ҳимоячилари куни арафасида Қуролли Кучлар академиясига ташрифи асносида ўтказилган йиғилишда давлатимиз раҳбари Қуролли Кучларни ривожлантириш ва мамлакатимиз мудофаа қобилиятини янада мустаҳкамлаш ҳамда бу борада замонавий ахборот-коммуникация технологиялари ва илғор инновацияларни кенг татбиқ этиш масалаларига алоҳида тўхталди.

    Жумладан, барча даражадаги қўмондонлик ва бошқарув органлари фаолиятини такомиллаштириш, қўшинларда автоматлаштирилган бошқарув воситалари ва комплексларни жорий қилиш орқали уларнинг ҳамкорликдаги оператив ва жанговар тайёргарлик даражасини ошириш, шунингдек, ахборот ва киберхавфсизликни таъминлаш истиқболдаги долзарб вазифалардан бўлиб қолишини таъкидлади.

    Бундан тахминан бир йил аввал Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ҳамда Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан Ахборот-коммуникация технологиялари ва алоқа ҳарбий институти негизида ҳарбий соҳа учун инновацион ғоялар излаш, ишланма ва технологияларни амалга ошириш дастури тасдиқланган. Мазкур дастур доирасида қатор ишлар бажарилмоқда. Ўтган йили махсус йўналишда 4,3 миллиард сўмлик учта илмий тадқиқот ишига киришилди. Мазкур йўналишдаги илмий ишларга ажратилган мазкур маблағ 2019 йилдагига қараганда ўн бир баравар кўплиги диққатга сазовор.

    Мудофаа вазирлиги Ахборот-коммуникация технологиялари ва алоқа ҳарбий институтининг илмга чанқоқ бир гуруҳ талабалари Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Ёшлар академияси аъзосидир. Айни пайтда юртимизнинг бўлғуси посбонлари вазирлигимиз томонидан ёшлар учун ташкил этилаётган танлов ва кўргазмаларда фаол иштирок этмоқда. Ёшлар академияси томонидан 2020 йил 1–15 декабрь кунлари ташкил этилган “TechnoWays” технологик ривожланиш марафонида Ахборот-коммуникация технологиялари ва алоқа ҳарбий институтининг беш нафар иқтидорли талабаси ўз лойиҳалари билан қатнашди. Марафоннинг якуний босқичида ҳарбий институт талабаси Ойбек Деҳқоновнинг “Тиббий маълумотларни аниқлаш ускунаси 30 миллион сўм миқдоридаги мукофот билан рағбатлантирилди.

    Инновацион ривожланиш вазирлигининг махсус йўналишдаги илмий-техник кенгаши томонидан мудофаа ва ҳарбий саноат учун зарур қатор илмий тадқиқотлар олиб борилмоқда. Жумладан, вазирлик томонидан молиялаштириш қиймати 10,978 миллиард сўмлик махсус йўналишдаги ўн иккита лойиҳа амалга ошириляпти. Махсус йўналишдаги илмий-техник кенгаш томонидан ўтган йили қўшимча равишда умумий молиялаштириш қиймати 10,95 миллиард сўмга тенг ўн битта илмий тадқиқот лойиҳаси мавзулари эълон қилинган.

    Ҳозир Тошкент шаҳрининг Олмазор туманида “Истамбул” технопарки филиалини очиш бўйича саъй-ҳаракатлар олиб борилмоқда. Ушбу лойиҳа мудофаа соҳасига янги технологияларни олиб кириш, илмий тадқиқотлар ўтказишни ҳам назарда тутади. Бу Ўзбекистон–Туркия ҳамкорлик муносабатларини ривожлантириш бўйича қўшма дастурларни тайёрлаш, тажриба алмашиш ва малака ошириш учун мустаҳкам платформа яратиш имконини беради.

    Мудофаа тизими ва ҳарбий таълим мамлакат осойишталигини таъминлашнинг энг муҳим омили бўлиши билан бирга, жуда катта тарбиявий аҳамиятга эга. Соҳага тегишли муассасаларнинг халққа яқинлашуви натижасида ватанпарварлик ва фидойилик туйғулари, юртни севиш ва ардоқлаш, садоқат ва матонат тушунчалари шаклланиб, мустаҳкамлана боради. Зеро, бугунги ёшлар Ватаннинг бўлғуси қаҳрамонларидир. Шу сабабли давлатимиз раҳбари айни мавзуга алоҳида эътибор қаратди. Мамлакат аҳолисини, хусусан, ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларнинг фуқаролик позициясини кучайтириш билан боғлиқ ишларни “Жасур жангчи — ёшлар учун намуна” шиори остида янада жадаллаштириш, ҳарбий округлар қўмондонликларига камида ўнтадан мактабни оталиққа олиш ҳамда ҳарбий қисм командирлари томонидан ўқув масканларида ватанпарварлик ва ҳарбий шон-шараф дарсларини йўлга қўйиш вазифаси берилди.

    Президентимиз “Ўз фарзандларида юксак ватанпарварлик руҳини камол топтира олмаган давлат, қандай қудратли қуролга эга бўлмасин, мудофаа қобилиятини мустаҳкамлай олмайди”, дея таъкидлади. Давлатимиз раҳбарининг ушбу сўзлари мазмун-моҳияти кейинги тўрт йил мобайнида ёшларга оид давлат сиёсати доирасида бажарилаётган кенг кўламли ишлар, берилаётган кўмак ва кенг оммалашган беш ташаббус билан узвий боғлиқ.

    Президентимиз Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 29 йиллиги ва Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан йўллаган байрам табригида билан тарихимизда биринчи марта ўз моҳиятига кўра ноёб тизим — ҳарбий-маъмурий секторлар ташкил этилганини қайд этди. Бундай иш усули жойлардаги давлат ҳокимияти органларини мамлакатимиз мудофаа қудратини мустаҳкамлашга фаол жалб этиш, “Армия ва халқ — бир тану бир жондир” деган улуғ ғояни амалда таъминлашга ҳисса қўшишга имкон яратди.

    Ўтган йили Инновацион ривожланиш ва Мудофаа вазирликлари ҳамкорлигида “Аскарга мактуб” пилот лойиҳаси амалга оширилди. Чирчиқ олий танк қўмондонлик-муҳандислик билим юрти муддатли хизматчилари иштирокида бошланган лойиҳа ёшларда фаол ҳаётий позиция, Ватанга муҳаббат, унинг тарихий меросига ҳурмат, миллат манфаатлари ва хавфсизлигини ҳимоя қилиш каби маънавий-ахлоқий фазилатларни шакллантириш ва ривожлантиришга қаратилган.

    Лойиҳада яқинлари миллий армиямиз сафларида хизмат қилаётган ёшлар, таълим муассасалари ва ҳарбий қисмлардаги таълим жараёни иштирокчилари — ўқитувчилар, ҳарбий инструкторлар, психологлар, аскар ва офицерлар иштирок этди.

    Ҳарбий кадрларни тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ҳамда ҳарбий илмни ривожлантириш борасида Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони томонидан замонавий ҳарбий билимларни ва миллий ҳарбий санъат тарихини чуқур ўрганиб, қўшинларнинг тайёргарлик усул ва услубларини янада такомиллаштириш вазифаси қўйилди. Бу жараёнда ҳарбий таълим тизимида бошланган ислоҳотларни узвий давом эттириш, олий ҳарбий билим юртлари, лицей ва коллежлар, жумладан, “Темурбеклар мактаби” ҳарбий академик лицейлари фаолиятини такомиллаштириш, уларда таълим олаётган ўқувчилар қалбида миллий она Ватанга меҳр ва садоқат, адолат туйғусини ҳар томонлама кучайтириш, Жалолиддин Мангуберди, Амир Темур, Шоҳрух мирзо, Заҳириддин Муҳаммад Бобур каби буюк саркарда аждодларимизнинг бой ҳарбий санъатидан кенг фойдаланиш муҳимлиги алоҳида таъкидланди. Номлари зикр этилган улуғ боболаримизнинг ҳарбий маҳорати ўта чуқур билим, тактика, стратегия, вазиятни тўғри баҳолаш ва режалаштириш кабиларга асослангани билан ажралиб туради. Шоҳрух мирзо ва Заҳириддин Муҳаммад Бобур жорий этган “тебратма” ва “тўлғама” усуллари ҳарбий санъатлар тарихидан жой олган.

    Президентимизнинг мамлакатимиз пойтахтида барпо этилган “Ғалаба боғи” ва “Шон-шараф” музейи мажмуасини ҳарбий хизматчилар, юртимиз аҳолиси, айниқса, ёшлар учун ҳарбий тарихни ва буюк аждодларимиз қаҳрамонлигини ўрганиш илмий марказига айлантириш таклифини барча қизғин қўллаб-қувватлади. Улуғ саркарда аждодларимизнинг номлари қаторида улар билан ёнма-ён сафда турган фидойи, садоқатли ва жасур қўмондонларнинг, ботир лашкарбошиларнинг эл-юрт учун кўрсатган қаҳрамонликлари солномаларини яратиш шонли тарихимизни тиклаш, юртдошларимиз, айниқса, ёшларимизга етказишда муҳим аҳамият касб этади.

    Иброҳим АБДУРАҲМОНОВ,

    инновацион ривожланиш вазири, академик

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates