Ёшлар академияси — замонавий билимларга эга илғор ўғил-қизлар маскани

    Айни пайтда Ёшлар академиясининг 1800 дан ортиқ аъзоси мавжуд бўлиб, улар геология, математика, физика, қишлоқ хўжалиги, кимё саноати, соғлиқни сақлаш, таълим, сунъий интеллект, робототехника ва мехатроника, дастурлаш, 3D моделлаштириш ва бошқа йўналишларда ўз лойиҳаларини амалга ошириб келмоқда.

    Дунёда рақамли технологиялар, замонавий инновациялар барча соҳа ва одамлар ҳаётига жадал кириб бормоқда. Бир вақтлар инсонлар фантастик фильмлар орқали намойиш этилган ақл бовар қилмас қурилмалар, эртакларда учрайдиган “ақлли” буюмлар, автоматик тарзда ҳаракатланадиган аппаратлар, робот ва бошқа технологияларнинг реал ҳаётда пайдо бўлишини ақлига ҳам сиғдиролмасди.

    Аммо тиниб-тинчимас олимларнинг изланишлари туфайли бугунги кунга келиб ҳар қандай ғайриоддий технология одамлар учун фантастика бўлмай қолди. Асосан ривожланган давлатларда ишлаб чиқариладиган бундай замонавий техникалар ўзимизда ҳам яратилаётгани, бунда, айниқса, ёшларнинг ҳиссаси ортиб бораётгани қувонарли ҳол.

    Инновация, ахборот технологияларини ривожлантириш, барча жабҳаларда жорий этиш мамлакатимизда тараққиётнинг муҳим йўналишларидан бирига айланди. Охирги йилларда йигит ва қизларнинг ижодий, интеллектуал ва тадбиркорлик салоҳиятини рўёбга чиқариш, илғор ғоялар, лойиҳа ва технологияларни ҳаётга кенг жорий қилиш, иқтидорли талабалар, ёш олим ва тадбиркорларнинг инновацион фаолиятини рағбатлантириш, илм-фан, таълим ва ишлаб чиқариш интеграциясини кучайтириш учун зарур шарт-шароитлар яратиляпти. Натижада республикамизнинг энг чекка ҳудудларида яшайдиган ёшларда ҳам IT соҳага қизиқиш ортиб, замонавий йўналишга оид билимларни эгаллаш, ўз ғояларини илм-фан билан боғлаган ҳолда ҳаётга татбиқ этиш истагидаги ўғил-қизлар сафи кенгайиб бормоқда.

    Қувонарлиси, бундай иқтидор эгаларини бир жойда бирлаштириб, ғояларини қўллаб-қувватлайдиган турли марказлар, ташкилотлар қошида гуруҳлар фаолияти йўлга қўйилмоқда. Президентимиз қарори билан 2019 йил август ойида Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузурида ташкил этилган Ёшлар академияси ҳам қисқа фурсатда илм-фан соҳасига қизиққан иқтидорли ва ташаббускор ёшларни ўз платформасига аъзо қилишни бошлади.

    Буюк боболарга муносиб ворислар вояга етмоқда

    Академияга ўз жамоаси, стартап лойиҳаларига эга 40 ёшгача бўлган йигит-қизлар қабул қилинади. Ёш ихтирочилар бу ерда “Ғоялар генераторлари”, “Стартаплар”, “Бизнес вакиллари” ҳамда “Бўлажак академиклар” каби 4 та платформадан бирида фаолият юритиши мумкин.

    Мазкур платформаларга жамоалар ўз мақсад ва ғояларига кўра сараланади. Масалан, биринчи ва иккинчи платформага муайян бир муаммонинг ечимига қаратилган инновацион ғояга эга ёки уни амалга оширишга йўналтирилган стартап лойиҳалари ҳамда бу бўйича аниқ режаси бўлган жамоалар қабул қилинса, учинчиси фаолиятида илм-фан ва инновация ютуқларини қўллаган, тегишли соҳада камида 1 йиллик тажрибага эга ёшларга ўз эшикларини очади. “Бўлажак академиклар” платформаси эса юқоридаги тизимларда фаол иштирок этган, мамлакатнинг илм-фан ривожига катта ҳисса қўшаётган катта илмий салоҳиятга эга олимлар учун истиқболга йўналтирувчи механизм бўлиб хизмат қилмоқда.

    — Айни пайтда Ёшлар академиясининг 1800 дан ортиқ аъзоси бор, — дейди Инновацион ривожланиш вазирлиги Иқтидорли ёшлар билан ишлаш бошқармаси бошлиғи Фирдавс Неъматзода. — Улар геология, математика, физика, қишлоқ хўжалиги, кимё саноати, соғлиқни сақлаш, таълим, сунъий интеллект, робототехника ва мехатроника, дастурлаш, 3D моделлаштириш ва бошқа йўналишларда ўз лойиҳаларини амалга ошириб келмоқда. Аъзолар орасида инновацион ва амалий ишланмаларини ҳаётга татбиқ этиб, муайян соҳа ривожига ҳисса қўшаётган фаол ва ташаббускор жамоалар кўпчиликни ташкил этади.

    Бугун улар томонидан ишлаб чиқилган кўплаб лойиҳалар ҳаётимизга кенг жорий этилмоқда. Хусусан, айни пайтда турли соҳаларда фойдаланилаётган, туғма қўлсиз ва ҳаёти давомида қўли ампутацияга учраган ногиронлар учун бионик протезлар, ўпкани сунъий шамоллатиш аппаратлари учун махсус оксигенация ниқоблари, кийимлар, болалар ўйинчоқлари ва бошқа уй-рўзғор буюмларидаги бактерия ва ҳидларни бартараф этишга мўлжалланган “CleanBox” қурилмаси, автомобиллар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилган “Carwon smart security system” мобиль иловаси, маиший чиқиндилар асосида сунъий углеродлаштирилган материал олиш қурилмаси, рангли металл буюмлар қуйиш учун вакуум асосида ишлайдиган “Ҳумо С1” ускунаси, “Sky project” виртуал парашют симулятори ва бошқа бир қанча ихтиролар ўзбек йигит-қизлари, хусусан, Ёшлар академияси аъзолари томонидан яратилгани бизни қувонтиради.

    Ихтиролари пандемия даврида ҳам қўл келяпти

    Ана шундай ихтиро муаллифларидан бири - “Turin invest engineering” компаниясининг Бобур Зокиров бошчилигидаги тажрибали муҳандислардан иборат жамоаси бугунга қадар кўплаб йирик лойиҳаларни амалга ошириб келмоқда. Пандемия сабаб юзага келган мураккаб вазиятда ҳам ўз ишланмалари билан одамларга кўмак беришни мақсад қилган ёшлар қисқа вақт ичида “Volkswagen Caddy” русумли автомашиналар асосида “А” синфидаги тез тиббий ёрдам машиналарини жиҳозлашга муваффақ бўлди.
    4 литрли кислород цилиндри ўрнатилган автомобиль яхши иссиқлик ва шовқин изоляциясига эга.

    Айтиш жоизки, бугунги пандемия шароитида бундай машиналар тиббиёт ходимларининг хизматини енгиллаштиришда катта кўмак беради. Ҳозир белгиланган меъёрлар асосида тўлиқ техник текширув ва синовлардан ўтган автомобилларнинг 12 таси жиҳозланиб, тажриба тариқасида Тошкент вилоятида фойдаланишга топширилган.

    Айни пайтда Турин политехника университетида таҳсил олаётган бу ёшлар келгусида янада самарали қурилмалар яратишни мақсад қилган.

    — Муҳандислар, ҳеч муболағасиз, давримизнинг ҳақиқий қаҳрамонларидир, — дейди “Turin invest engineering” жамоаси раҳбари Бобур Зокиров. — Биз шу соҳанинг вакиллари ҳамда Ёшлар академияси аъзолари сифатида халқимиз турмуш даражасини яхшилаш, мамлакатимиз иқтисодиёти ривожига ҳисса қўшадиган лойиҳалар яратаётганимиздан хурсандмиз. Жамоамиз билан олдимизга қўйган мақсадларимиз кўп ва келгусида янада фойдали бўлган ихтиролар қилиш, инновацион лойиҳаларни амалга оширишда давом этамиз.

    Саратон касалликларини эрта аниқловчи замонавий дастур

    Муслимбек Пирназаров жамоаси эса Ўзбекистон бозорида дастурий таъминот ишлаб чиқариш билан шуғулланади. Ҳозир ёшлар, асосан, 3 та йўналишда иш олиб бормоқда. Биринчи, “Mammo Cancer AI” дастури жамоанинг иқтидорли вакили Зафар Тошпўлатов лойиҳаси асосида ишлаб чиқилган бўлиб, технология кўкрак саратони бези касаллигини сунъий интеллект ёрдамида эрта аниқлаш имконини беради.

    Дастур ҳозир тиббиётга қўлланиладиган кўкрак безини аниқловчи маммография текшируви аппаратига уланади. Қурилма орқали рентген тасвирлари дастурга юборилганида у кўкрак безининг бор-йўқлиги, ҳажми ва бошқа жиҳатларини аниқлаб беради. У, шунингдек, саратон билан боғлиқ кўз илғамайдиган энг кичик белгиларни ҳам топиб, бу ҳақида сигнал орқали шифокорга билдиради.

    Айни пайтда лойиҳа ишлари бошланғич босқичда. Уни синовга топшириш учун саратон тасвирларини чизиб, уларни аниқлаш хусусиятини пайдо қилиш лозим. Лойиҳа муаллифлари тасвирларни чизишда Республика онкология маркази мутахассислари билан ҳамкорлик қилмоқда.

    Ҳозир лойиҳанинг “Packs” ва “Image viewer” дастурларини ишлаб чиқиш бўйича жамоа аъзолари томонидан фаол ишлар олиб борилмоқда. Уни янада такомиллаштириш учун Инновацион ривожланиш вазирлигига молиялаштиришга кўмаклашиш бўйича ҳужжатлар топшириш кўзда тутилган. Режага кўра, 2020 йилнинг 31 декабрига қадар дастур синов текширувлари учун Республика онкология марказига топширилади.

    Айни дамда Турин политехника университетида таҳсил олаётган бу ёшлар яна бир йирик лойиҳага қўл урган. Жамоа аъзолари томонидан ишлаб чиқилаётган университет тизимини тўлиқ автоматлаштириш дастури олий ўқув юртининг барча жабҳаларини ўз ичига қамраб олади. Бунда талабаларнинг университетга ҳужжат топширишидан бошлаб, таълим тизими, спорт, кутубхона, мутахассисликка йўналтирувчи тўгараклар билан ишлаш жараёнларининг барчаси автоматлаштирилади. Лойиҳа нафақат талабалар, балки университетнинг профессор-ўқитувчилари ва барча ходимлар учун қулай тизимга айланиши кутилмоқда.

    — Биз ушбу замонавий дастур орқали тизимга уланадиган ҳар бир кишининг маълумотлари дахлсизлигини таъминлаш, фойдаланувчиларга қўшимча қулайликлар яратиш ҳамда университет ҳаётини ягона манбада қамраб олишни мақсад қилганмиз, — дейди Муслимбек Пирназаров. — Ҳозир дастурни такомиллаштириш ишлари олиб бориляпти ва режага кўра, лойиҳа 2021 йил сентябрь ойида ишга тушиши мўлжалланган.

    Ёш дастурчилар турли корхоналар, ишлаб чиқарувчилар учун бизнес жараёнларни автоматлаштирадиган “ERP” тизимини яратиш устида ҳам иш олиб бормоқда. Аслида жаҳонда бунга ўхшаш тизимлар кўп, аммо нархи баландлиги боис, улардан фойдаланиш кўрсаткичи бизда у қадар юқори эмас. Лойиҳа муаллифлари ишлаб чиққан тизим эса “Software As a Service” шаклида иш юритишга мўлжалланган бўлиб, унда яхлит бир тизим ишга тушиши ҳисобига корхоналар алоҳида дастур яратиш учун катта маблағ сарфлашларига тўғри келмайди. 2021 йилнинг февраль ойида ишга тушиши кутилаётган мазкур тизим дастурий таъминотнинг таннархини камайтириш имконини яратиш билан бир вақтда корхоналарга керакли бўладиган кўплаб сервисларни кўрсата олади.

    Рағбат ва мотивация — ёшларни юксак марралар сари руҳлантиради

    Ёшлар академиясининг ҳар бир аъзоси ана шундай иқтидор эгалари. Бугун республикамизнинг ҳар бир вилоятида академиянинг етакчиси сайланиб, иқтидорли ёшлар жамоалари томонидан ишлаб чиқилган лойиҳалар саралаб олиняпти. Ўтган қисқа вақт ичида ана шундай йигит-қизларни қўллаб-қувватлаш, академия аъзоларини рағбатлантириш, истиқболли ишланмаларга эга ёшларга мотивация бериш мақсадида бир қатор йўналишларда амалий, инновацион ва стартап лойиҳалар танловлари ўтказиб келиняпти. Халқаро миқёсда ташкил этилаётган тадбирларда академия аъзолари фаол иштирок этиб, ихтирочилик, замонавий кашфиётлар қилишда ҳеч бир ривожланган мамлакатлардан қолишмаслигини намоён этяпти.

    2019 йилнинг 29—31 октябрь кунлари “Ўзэкспомарказ” миллий кўргазмалар мажмуасида “InnoWeek — 2019” инновацион ғоялар ҳафталиги доирасида ўтказилган Халқаро робототехника мусобақасида ҳам Ислом ҳамкорлик ташкилотига аъзо 25 та мамлакатдан келган 500 нафар иштирокчи орасида юртимиз ёшлари умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни қўлга киритди.

    Пандемия шароитига қарамай, ана шундай ёшларни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш мақсадида жорий йилнинг ўзида Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси оқибатларини юмшатишга қаратилган “Covid-19 challenge 2020” инновацион воситалар ва ечимлар онлайн танлови, инновацион ғояларига эга талабалар, ёш олимлар, ташаббускор фуқароларни излаб топиш ва рағбатлантириш мақсадида “Инновацион ғоялар етакчиси” кўкрак нишони учун ҳамда энг яхши 20 та стартап лойиҳалар танлови бўлиб ўтди.

    Бугун Ёшлар академияси томонидан амалга оширилаётган лойиҳаларнинг аксарияти ҳудудларда ўғил-қизларнинг интеллектуал, илмий, ижодий салоҳиятини ошириш, уларни жамиятда олиб борилаётган ислоҳотларнинг фаол етакчиларига айлантиришга қаратилган. Ана шу мақсадда ҳукумат қарори билан бугун республиканинг ҳар бир ҳудудида босқичма-босқич Ёшлар технопарклари ташкил этиляти. Чекка ҳудудларда истиқомат қиладиган йигит-қизларни мамлакатимиз ривожланиши учун муҳим аҳамиятга эга бўлган соҳа ва йўналишлар бўйича ўқитишга қаратилган “Технобус” инновацион таълим автобуси фаолияти йўлга қўйилди. Ундаги илк маҳорат дарслари Тошкент вилояти Оҳангарон шаҳри ҳамда Тошкент шаҳрининг Олмазор туманидаги иқтидорли ёшлари учун ташкил этилди.

    Бундан ташқари, Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан 40 ёшгача бўлган олимларни рағбатлантириш, уларнинг илмий фаолиятларига кўмаклашиш мақсадида янги тизим ишлаб чиқилди. Унга кўра, “Scopus” халқаро илмий маълумотлар базасида энг юқори Хирш индексига эга олимларни йил якунида эришган натижалари асосида 100 млн сўм пул мукофоти билан моддий рағбатлантириш кўзда тутилган.

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates