Қизиққанларга айтаманки, бизнинг ташкилот қуйи тизимдаги, хусусан, мактаблар, коллеж-лицей ва техникумлар, олийгоҳларда ўқиётган, турли корхона, муассасаларда ишлаётган, маҳаллаларда яшаётган ёшлар ҳаёти билан чамбарчас боғлиқ. Уларнинг манфаатларини имкон қадар ҳимоялаймиз, орзу-интилишларини баҳоли қудрат қўллаб-қувватлаймиз, ташвиш-муаммоларини ижобий ҳал этишга уринамиз.
30 июнь – Ёшлар куни муносабати билан Ўзбекистон Президентининг мамлакатимиз ёшларига йўллаган табригида таъкидланганидек, “Бугунги кунда мактаб, коллеж, техникум ва олийгоҳларда билим олаётган, ўз шахсий ишини очиб, тадбиркорлик билан шуғулланаётган, Қуролли Кучларимиз сафларида йигитлик бурчини шараф билан адо этаётган, ишлаб чиқариш, қурилиш, илм-фан, таълим, тиббиёт, маданият, адабиёт ва санъат, спорт соҳаларига, замонавий IT-технологиялари йўналишларига дадил кириб бораётган, катта орзу-умидлар билан яшаётган 18 миллиондан зиёд ўғил-қизларимиз — бизнинг бебаҳо бойлигимиз, олтин захирамиздир”.
Мазкур табрикдаги ушбу фикрлар эътиборимни тортди: “Ўтган даврда ёшлар билан ишлаш бўйича мутлақо янги — вертикал бошқарув тизими яратилди. Юртимиздаги барча маҳаллаларда ёшлар етакчиси лавозими жорий этилиб, бу вазифага ташкилотчилик қобилиятига эга, ташаббускор йигит-қизлар танлаб олинди. Маҳаллада бу тизим орқали ёшларга 100 дан ортиқ имкониятлар яратилди. “Ёшлар дафтари” тизими йўлга қўйилиб, сўнгги икки йилда 798 минг нафарга яқин ёшларга қарийб 1 триллион сўмлик ёрдамлар кўрсатилди. Жумладан, 53 минг нафар эҳтиёжманд оилага мансуб талабага ўқиш учун контракт пуллари тўлаб берилди.
Намангандаги жами ёшлар сони (16-30 ёш) 638 минг 842 нафарни ташкил этади. Улардан 313 минг 738 нафари аёл-қизлардир. Вилоятимизда 710 та умумтаълим мактаби мавжуд, барчасида мактаб сардорлари, синф сардорлари сайланган. Шунингдек, ҳисобот сайлов йиғилишларида туман (шаҳар)ларда ва вилоятда иттифоқ ва “Камалак” сардорлари сайлаб олинган. 93 минг 737 нафар сардор фаолият юритмоқда. Жорий йилнинг ўтган олти ойи давомида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Наманган вилоят кенгаши қошидаги “Камалак” болалар ташкилоти томонидан ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда 500 дан ортиқ тадбир ва лойиҳалар амалга оширилиб, 600 минг нафардан зиёд ёшлар қамраб олинган.
“Телеграм” ижтимоий тармоғида сардорлар учун иккита гуруҳ, учта канал ташкил қилиниб, 1 июлгача 20 минг нафардан ошиқ ёшлар билан онлайн мулоқотлар йўлга қўйилган. “Камалак” болалар ташкилотининг энг йирик лойиҳалари “Ёшлар шахмат тахтаси”, “Қувноқлар ва зукколар”, “Ёшлар эко ҳаётни танлайди”, “Яшил макон” ва “Экопатрул” лойиҳалари, “Заковат” интеллектуал танловлари, “Заковат куиз”, “Сардорлар куни”, “Мунозара”, “Эко патрул”, “Мен сардорман”, “Chess Kingdom” шахмат мусобақаси, “Рамазон туҳфаси”, “Ёзни Камалак билан” каби туркум маънавий-маърифий тадбирлар ва лойиҳалардан иборат. Сардорлар фаолиятини ривожлантириш мақсадида “Болалар пресс клуби”, “Меҳрли ўйинчоқлар”, “Сардорлар олимпиадаси”, “Ақлли авлод”, “Сардорлар форуми”, “Навоийхонлик кечаси”, “Байт челленж” лойиҳалари уюштирилиб, уларда 50 мингдан зиёд ёш қатнашди.
Шу йил 19-24 май кунлари Қашқадарё вилоятининг “Лочин” оромгоҳида “Ватан, дўстлик ва бахтли болалик учун” шиори остидаги республика анжуманида вилоятимиз сардорлари фахрли 2-ўринни эгаллаб қайтишди. Ўқувчи-ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этишга қаратилган “Ёзни Камалак билан” анъанавий лойиҳасини бу сафар сардорлар ўзгача кўтаринки кайфиятда олиб боришди. Оромгоҳлар, болалар сайлгоҳлари, умумтаълим мактаблари ва маҳаллаларда спорт, экология ва адабиёт, санъатга оид лойиҳалар уч босқичда юқори савияда ташкил этилди.
2022 йилда “Камалак” болалар ташкилоти лойиҳаларига 5 минг нафар ўқувчи-ёшлар қамраб олинган бўлса, жорий йил шу давригача бу кўрсаткич 7 минг нафарга етди. Вилоятдаги 10 та олий таълим муассасасининг 5 таси давлат ва 5 таси нодавлат таълим муассасаси ҳисобланади. Бешта давлат олий таълим муассасасида Ёшлар иттифоқининг бошланғич ташкилоти очилган, 4 та нодавлат олий таълим муассасаси билан меморандум имзоланди ва бошланғич ташкилот очилди. Профессионал таълим муассассалари 64 та, уларнинг 54 тасида Ёшлар иттифоқининг бошланғич ташкилот етакчилари фаолият юритади. Ҳар бир бошланғич ташкилот ижтимоий тармоқларда ўзининг саҳифалари орқали жараёнларни мунтазам ёритмоқда.
Наманганда жорий йил 1 июлигача Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят кенгашининг таълим муассасалари, корхона, ташкилотлардаги бошланғич ташкилотлари билан биргаликда йигирмата лойиҳа амалга оширилиб, ярим миллион нафар йигит-қиз жалб этилди. 560 нафар ёшлар етакчисининг билим ва малакасини ошириш учун икки марта ўқув-семинари ташкил этилди.
Қолаверса, иттифоқ вилоят кенгаши “Биз жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларга қаршимиз”, “Гиёҳвандлик – аср вабоси”, “Биз ўз ҳуқуқларимизни биламиз”, “Жиноят ва жазо”, “Одам савдоси – давр муаммоси”, “Коррупцияга қаршимиз” сингари шиорлар мужассамлашган ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, вояга етмаганлар ишлари бўйича комиссиялар ҳамда соҳага дахлдор ташкилотлар билан ҳамкорликда 48 марта спорт тадбири, 11 марта ҳарбий қисмларга ташриф, 8 марта психологик тренинг, 35 маротаба давра суҳбати ўтказилиб, 8 минг 700 нафар ёшлар иштироки таъминланди.
“Ташаббусимиз, иқтидоримиз, куч қудратимиз – Ватан учун!” шиори билан уюштирилган “Талабалар шоуси” олий таълим муассасаларида тўлов-шартнома шаклида таҳсил олаётган, Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафида муддатли ҳарбий хизматни ўтаган, ҳарбий қисмлар қўмондонлигининг тавсияномасига эга бўлган, Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг фаол аъзоси бўлган 2022-2023-ўқув йилида моддий қўллаб-қувватлаш учун тавсия қилинган 160 нафар талабага (тўлов-шартнома суммасининг 35 фоизи)ни тўлаб бериш учун Ёшлар иттифоқи томонидан вилоятдаги олий таълим муассасаларига салкам 470 миллион сўм миқдоридаги ваучер сертификати топширилди.
Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи марказий кенгашининг шу йил 30 майдаги олий таълим муассасаларида “Ёшлар ойлиги”ни юқори савияда ташкил этиш тўғрисидаги 42-сонли фармойишига мувофиқ белгиланган тадбирлар режасига кўра, барча олий таълим муассасаларида ойлик доирасида “Билим ва тафаккуримиз – шу эл учун, шу юрт учун!” шиори остида турли фестиваль, лойиҳа ва тадбирлар юқори даражада нишонланди. “Раҳбар ва ёшлар учрашуви”, “Уч авлод учрашуви, “Заковат” турнири, “Китобхон талаба ва китоблар кўргазмаси”, “Талант шоу”, “Ҳоким ва битирувчи талабалар учрашуви” ва бошқа тадбирлар юқори савияда ташкил этилди. Мазкур тадбирларга 5 минг нафардан ортиқ талаба ёшлар иштирок этди. Ўтказилган барча лойиҳа, танлов ва тадбирлар ижтимоий тармоқлар ва оммавий ахборот воситаларида ёритиб келинмоқда. Айниқса, “Ёшлар ойлиги” якунидаги гала концерт ёрқин лаҳзаларни улашди.
Вилоятда 31 та ҳарбий қисм ва муассасаларда бошланғич ташкилот очилган бўлиб, ҳарбий қисм ва муассасалардаги бошланғич ташкилотлар билан жорий йил январь-июнь ойларида жами 40 дан ортиқ турли туркум тадбирлар ўтказилди. 22 минг 310 нафар ўқувчи ёшлар ва ҳарбий хизматчилар кўрик-танловлар, давра суҳбати ва учрашувлар, ҳарбий-спорт мусобақалари, “Очиқ эшиклар куни” саёҳатларида қатнашишди.
Ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларда миллий маданиятимиз ва маънавиятимизни, урф-одатларимизни чуқур ўрганиш, буюк сиймолар ва саркардаларимизнинг ватанпарварлик туйғуларини мисоллар ёрдамида ифодалаб бериш ҳамда шонли тарихимизни чуқур ўргатиш ниятида “Мард аскар – ёшлар намунаси”, “Мактабимиз фахри”, “Ватан тараққиётига ҳисса қўшаман”, “Ибратли тенгдошим”, “Мусиқа жанговар сафда”, “Менинг армия – менинг фахрим!”, “Мен – ғолиб!”, “Аскар оналарини шарафлаймиз”, “Менинг акам – Ватан ҳимоячиси”, “Ёшлар тарбиясида армиянинг ўрни”, “Мардлар қўриқлайди ватанни”, “Аждодлар изидан”, “Заковат”, “Инсон муқаддас – хотира абадий”, “Ватан фидойи фарзандларини унутмайди”, “Ватанга ва халққа садоқат билан хизмат қилиш – олий бурчимиз”, “Ватан муқаддас – уни ҳимоя қилиш янги Ўзбекистон ёшларининг шарафли бурчидир” каби қатор тадбирлар, лойиҳалар ва танловлар ташкиллаштирилди.
“Буюк алломалар, адиб ва мутафаккирларимиз ижодий меросини кенг ўрганиш ва тарғиб қилиш мақсадида ёшларни китоб ўқишга бўлган қизиқишларини янада ошириш ҳамда ўзбек ва жаҳон адабиётининг сара асарларига меҳр уйғотишда Наманган вилояти ахборот-кутубхона марказида, “Янги Ўзбекистон – ёшлар зиё маскани”да ва Ҳамид Олимжон ва Зулфия музейларида кечган “Энг яхши ҳарбий китобхон”, “Навоийхонлик ва Бобурхонлик”, “Зукко китобхон”, “Китобхон ҳарбий” танловларининг Наманган вилояти босқичида 1 минг 500 нафар ёш ҳарбий хизматчи ўзаро беллашди. Умумтаълим ҳамда ўрта махсус, профессионал таълим муассасалари ўқувчилари ўртасида соғлом турмуш тарзини татбиқ этиш, уларни қутқарувчи касбига ундаш, ҳарбий ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, фавқулодда вазият юз берганда тўғри ҳаракатланиш, ёшларда ватанга содиқлик туйғуларини шакллантиришда “Ёш чегарачи”, “Ёш қутқарувчи”, “Шунқорлар” мусобақаларининг маҳалла, туман ва шаҳар, вилоят босқичларида 25 минг нафарга яқин ёшлар қамраб олинди.
Умуман, Ёшлар иттифоқи Наманган вилоят кенгаши ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда 2022 йил биринчи ярим йиллигида ўтказган тадбирлар сони 45 тани ташкил этган бўлса, жорий йилда бу кўрсаткич 70 дан ошган ва ёшлар қамрови ҳам сезиларли ўсди.
Дарвоқе, давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев жорий йил 14 июль санасида Президентлик лавозимига киришиш маросимида Ўзбекистон ёшларига йўллаган ўзига хос мурожаати дастуриламалимизга айланмоқда. “Азиз ўғил-қизларим, бугун тарихнинг ўзи, замоннинг ўзи сизларнинг олдингизда беқиёс имкониятлар очмоқда. Эл-юрт корига аввало ким ярайди? Албатта, сизлар! Янги Ўзбекистонни, Учинчи Ренессансни ким барпо этади? Албатта, сизлар! Юртимиз, халқимизни келажакда ким рози қилади? Албатта, сизлар! Халқимиз, Ватанимиз сизларга ишонади. Сизлар Ўзбекистон тарихига олтин ҳарфлар билан ёзиладиган буюк ишларни амалга оширишга қодирсиз!..” деган пурмаъно фикрлари фаолиятимиз мезонига, миллионлаб қоракўзларни юксак марраларни забт этишга руҳлантирувчи даъват бўлди.
Яқинда вилоятимиз бўйлаб ажойиб хушхабар тарқалди. Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 14 ноябрдаги 914-сонли қарорига биноан, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи тизимида эришган ютуқлари, тизим ривожига қўшган ҳиссаси, табиий етакчилик қобилияти ва фидойилиги алоҳида инобатга олиниб, республикамиз бўйича 14 нафар энг муносиб йигит-қиз олий ўқув юртларига имтиёзли қабул қилиш ҳуқуқига эга бўлди. Наманган вилоятидан Чуст тумани, “Тоймас” МФЙдаги 20-умумтаълим мактабининг жамоатчилик асосида бошланғич ташкилот етакчиси Мадина Ҳабиялиева олий таълим муассасасига имтиёз асосида муддатидан аввал талабаликка тавсия этилди.
Ҳа, қўлга киритган муваффақиятларимиз талайгина, камчиликларимизни ҳам тан олишимиз керак ва уларни бартараф қилиш устида эртаю кеч астойдил изланишдамиз. Зеро, Юртбошимиз бот-бот уқтирганидек, Янги Ўзбекистоннинг бунёдкори ёшлар бўлади!
Азизбек ТОШМАТОВ,
Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Наманган вилоят кенгаши раиси