Ёшлар парламенти ёш сиёсатчиларни кашф этади

    Фикр 6 август 2020 20490

    Ҳар бир миллатнинг ўзлигини намоён этиши, бевосита, ундаги ёшларнинг нечоғлиқ иқтидор ва истеъдод эгаси эканлиги, уларнинг ақл-закоси, интилувчан ҳамда изланувчанлигига қаралади.

    Чунки барча соҳада етук билимга эга бўлган чин маънодаги маънавиятли ёшларнинг борлиги эса юртимиз таянчи ва ишончидир. Бугун ёшларимиздан ҳар жабҳада янада фаол бўлиб, дунё ҳамжамиятида ўзининг муносиб ўрнини топа олиши, ўз ҳуқуқ-эркинликлари, шунингдек, бурчларини тўлақонли англаган ҳолда, демократик ва фуқаролик жамиятнинг муносиб вакили бўлиши талаб этилмоқда. Бу борада эса юртимизда улар учун кенг имконият ҳамда шарт-шароитлар яратиб берилаётганлиги, айни ҳақиқатдир.

    Хусусан, мамлакатимизда ёшлар масаласи давлат сиёсати даражасида эканлигини яна бир бор тасдиқ этган ҳолда, Президентимизнинг 2020 йил
    2 мартдаги Фармони билан тасдиқланган «Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили» Давлат дастурининг ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ҳузурида Ёшлар парламенти ташкил этилиши бунинг ёрқин исботидир.

    Ёшларнинг ҳуқуқий онги ва саводхонлигини юксалтириш, уларнинг сиёсий-ҳуқуқий билимларини ошириш ва энг муҳими Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан илгари сурилган 5 та муҳим ташаббусни амалга оширишда ёшлар фаоллигини ошириш унинг асосий вазифасидир.

    Шунингдек, ёшлар ташаббусларини қўллаб қувватлаш баробарида иш билан банд бўлмаган ёшларнинг бандлигига кўмаклашиш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича самарали механизмлар жорий этиш, қолаверса, уларнинг интеллектуал, маънавий-ахлоқий, эстетик, бадиий дунёқарашини кенгайтириш каби бир қатор устувор мақсад ва вазифалар белгилаб олинган.

    Бунинг ёрқин намунаси сифатида бугунги кунда Навоий вилоятида ҳам жамиятда ўз ўрнига эга бўлган, шижоатли, ғайратли, шу билан биргаликда айни вақтда юртимизда олиб борилаётган оқилона сиёсатни бутун шуури билан теран англаган 6 нафар ёш депутатларимиз Ёшлар парламенти аъзоси сифатида сайланди. Улар навоийлик ёшларнинг вакили сифатида ўзларининг ёшлар масалалари бўйича таклиф ва ғояларини илгари сурган ҳолда, ўз фаолиятларини ташкил этмоқда.

    – Айни пайтда ўз фаолиятимни Ёшлар парламенти билан боғлар эканман, бу менга катта ишонч ва масъулиятни юклайди. Чунки ёшларнинг ҳар қандай мақсад ва ғоялари, ўйлари ҳамда фикрлари биз учун муҳим, – дейди Ёшлар парламенти аъзоси Бекзод Савуров. – Жамият ривожланиб, юрт равнақ топишида, аввало, ёшларнинг ўрни беқиёс. Бунинг учун эса ҳар бир ёш ҳуқуқий, сиёсий билим ҳамда етук интеллектуал салоҳият соҳиби бўлмоғи лозим. Мен навоийлик ёшлар вакили сифатида вилоятимизнинг фаол ёшлари билан бир қаторда, энг олис ҳудудларидаги ёшлар муаммоларини ўрганиш, уларни ҳал қилишнинг зарур чораларини кўриш борасида бор куч-ғайратим билан ҳаракат қилишни ўз олдимга мақсад қилдим.

    Дарҳақиқат, ҳар бир ёш – бир келажак! Уларнинг бугунги эришган натижалари келгуси бахтли кунларнинг дебочаси бўлиши тайин. Таъкидлаш жоизки, Ёшлар парламенти ёшларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш билан бир қаторда, уларда ватанпарварлик руҳини кучайтиришда вакиллик органлари билан ҳамкорлик қилиш, қонун ижодкорлигининг барча босқичларидан хабардорлигини ошириш каби жараёнларда ҳам қўллаб-қувватламоғи лозим.

    Таъкидлаш жоизки, Ёшлар парламенти аъзолари сиёсий ва ҳуқуқий соҳада эгаллаган билим ҳамда кўникмалари, ҳаётий позицияларини аниқ белгилаб,парламентимизнинг келажакдаги чинакам ворисига айланиши, шубҳасиз. Уларнинг теран фикрлаши, ҳар соҳага бўлган мустақил қарашлари, қонун ва қарорларнинг туб моҳиятини англаган ҳолда, улар асосида фаолиятларини олиб бориши келгусида ватанпарвар арбоблар, сиёсатчилар, депутатлар бўлиб етишишида асосий пойдевор бўлиб шаклланса, ажаб эмас.

    Зеро, бугуннинг ёшлари нафақат Ўзбекистон балки дунё ҳамжамиятида ўз ўрнини топиши, халқаро ҳамкорликларда юртимиз ривожи учун беминнат ҳиссасини қўша оладиган илм эгалари бўлмоғи лозим. Чунки биз маънавияти, маданияти юксак бўлган аждодлар авлоди эканмиз, биз билан доимо халқимиз фахр ва ифтихор туйғуларини ҳис этмоғи жоиздир.

    Ж.Ходжаев,

    Ўзбекистон Республикаси

    Олий Мажлис Сенати аъзоси.

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates