Ўзбекистон Конституциясининг 79-моддасида “Давлат ёшларнинг шахсий, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий, экологик ҳуқуқлари ҳимоя қилинишини таъминлайди, уларнинг жамият ва давлат ҳаётида фаол иштирок этишини рағбатлантиради.
Давлат ёшларнинг интеллектуал, ижодий, жисмоний ва ахлоқий жиҳатдан шаклланиши ҳамда ривожланиши учун, уларнинг таълим олишга, соғлиғини сақлашга, уй-жойга, ишга жойлашишга, бандлик ва дам олишга бўлган ҳуқуқларини амалга ошириш учун шарт-шароитлар яратади.” деб қайд этилган.
Мамлакатимизда Ўзбекистонда ёшларнинг ҳуқуқий саводхонлиги ва ҳуқуқий онгини оширишга катта эътибор қаратилмоқда. Мамлакатимизда ёшларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг мустаҳкам ҳуқуқий асослари яратилган. 2016 йил сентябрда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги Қонуни ёшларга оид давлат сиёсати ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштириш баробарида қонун ҳужжатларини ягона қонун сифатида тизимлаштириш, ёшлар сиёсатини шакллантириш ва амалга оширишнинг ташкилий-ҳуқуқий механизмларини белгилаб берди.
Бола ҳуқуқларини ҳимоя қилишда Ўзбекистон Республикасининг “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги, “Вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикаси тўғрисида”ги, “Болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги ва бошқа қонунлар муҳим рол ўйнайди.
Давлатимиз раҳбарининг дастлаб 2017 йил 14 мартдаги “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорида ҳуқуқбузарликлар профилактикасини амалга оширувчи давлат органларининг иш шакли ва услублари, энг аввало ахборот-коммуникация технологияларидан етарли даражада фойдаланилмаётганлиги сабабли ҳозирги кун талабларига тўлиқ жавоб бермаслиги таъкидланган эди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 30 июндаги “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини тубдан ислоҳ қилиш ва янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-6017-сон Фармони ва “Ўзбекистон Республикаси ёшлар ишлари агентлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги ПҚ-4768-сон Қарорига мувофиқ, янги ташкил қилинган давлат органининг вазифаларига ёшларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, иш билан таъминлашга кўмаклашиш, хорижда таълим олиш ва бизнесни юритишга ёрдам бериш киради.
Фармонда таъкидланганидек, ёшларда замонавий тадбиркорлик кўникмаларини шакллантириш ва янги иш ўринларини яратиш орқали уларнинг бандлигини таъминлаш, вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар ва жиноятчилик профилактикасини самарали ташкил этиш, оилавий ажримларнинг олдини олиш, ёш авлодда мустаҳкам ватанпарварлик ғояси ҳамда қатъий фуқаролик позициясини шакллантириш борасида қатор муаммолар сақланиб қолмоқда.
Аҳолига мамлакатимизда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар, қабул қилинаётган қонун ҳужжатлари ва давлат дастурларининг мазмуни ва моҳиятини изчил етказиш тизимини шакллантириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш тизимини тубдан такомиллаштириш тўғрисида”ги Фармони қабул қилинган. Ўзбекистонда Жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш концепцияси ва уни 2019 йилда самарали амалга ошириш бўйича “йўл харитаси” тасдиқланган эди. Фармонда белгиланганидек, ёшларнинг ҳуқуқий тарбиясига салбий таъсир кўрсатувчи омилларга нисбатан ҳуқуқий иммунитетни шакллантириш, ҳар бир шахсда қонунларга ва одоб-ахлоқ қоидаларига ҳурмат, миллий қадриятларга садоқат, ҳуқуқбузарликларга нисбатан муросасизлик ҳиссини уйғотиш ишига комплекс тарзда ёндашилишини тақозо қилади.
Маълумки, ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг камайиши ҳуқуқ-тартибот идоралари, мактаб, коллеж, лицейлар, шунингдек, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари (маҳалла)нинг “шахс-оила-маҳалла-таълим муассасаси- ташкилот-жамият” тамойили асосида қамраб олувчи профилактик чора-тадбирлар самарасидир.
Кўп қиррали стратегиялардан яна бири таълимга алоҳида эътибор қаратилишидир, чунки сифатли таълим билан кўпроқ иқтисодий натижаларга эришиш мумкин ва бу билан ўз-ўзидан жиноятни содир этиш эҳтимоли ҳам камаяди.
Амалга оширилаётган профилактика чора-тадбирларининг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини, қонунийлик аҳволи ҳамда жиноятчилик даражаси ҳақидаги маълумотларни аҳолига етказиш масалаларида оммавий ахборот воситалари билан фаол ҳамкорлик қилиш, Интернет бутунжаҳон ахборот тармоғи имкониятларидан кенг фойдаланиш, содир этилган ҳуқуқбузарликлар ва уларни бартараф этиш жараёни тўғрисида кенг жамоатчиликни тезкор хабардор қилиш самарали омиллардан ҳисобланади.
Маълумки, ҳуқуқий таълим ҳар бир инсонга ҳуқуқий соҳада ёрдам кўрсатишга мўлжалланган. Таълимнинг бу тури турли шакл ва усуллар орқали амалга оширилади. Булар ҳуқуқий тарбия, ҳуқуқий тарғибот, ҳуқуқий тарбия, ҳуқуқий амалиёт ва ўз-ўзини тарбиялашдир.
Ҳуқуқий таълим ҳуқуқий тарбиянинг дастлабки бўғини бўлиб ҳисобланади, чунки у мактабда амалга оширилади, ўрта ва олий ўқув юртларида давом эттирилади. Ҳуқуқий тарғибот таълим муассасаларидан ташқарида бўлади ва оммавий ахборот воситалари орқали ҳуқуқий ахборотни жамоатчиликка тарқатади.
Ҳуқуқий тарбия узоқ, мураккаб, мақсадли жараён бўлиб, унда таълим муассасаси муҳим ўрин тутади. Таълим муассасасида икки жараён содир бўлади: таълим ва талабалар, мактаб ўқувчиларининг ахлоқий ва ҳуқуқий тарбияси.
Ҳуқуқий таълим ва тарбия деганда инсон томонидан ҳуқуқий билимларни ўқитиш, таълим ва ўз-ўзини тарбиялаш, шунингдек иш ва ижтимоий фаолият доирасида такомиллаштириш жараёни сифатида тушуниш мумкин; узлуксиз ҳуқуқий таълим ва тарбия деганда эса – ҳуқуқий маданиятни ҳаёт давомида бойитиб бориш тушунилади.
Умуман ҳуқуқий таълим шакллари хақида гапирганда унинг қуйидаги турларини, яъни: 1) ҳуқуқий тарбия (олий ва ўрта махсус ўқув юртларида, мактабда махсус тайёргарлик); 2) ҳуқуқий тарғибот (махсус маърузалар, консултациялар, телевидение, бошқа оммавий ахборот воситалари ва бошқалар давомида аҳолини ҳуқуқий тарбиялаш.); 3) ҳуқуқ-тартибот (ҳуқуқни муҳофаза қилиш) органлари томонидан ҳуқуқбузарларни ҳуқуқий тарбиялаш (ички ишлар органлари, судлар, прокуратура, жазони ижро этувчи органлар ва ҳоказоларнинг ҳуқуқий маърифий фаолияти.); 4) юридик амалиёт (фуқароларнинг ҳуқуқни муҳофаза қилиш фаолиятида иштироки); 5) ўз-ўзини тарбиялаш (шахсий тажриба, ўз-ўзини тарбиялаш, ҳуқуқий ҳодисаларни ўз таҳлили билан боғлиқ) таъкидлаш жоиз.
Ҳуқуқий таълим ва тарбия инсоннинг ҳуқуқий онгини шакллантиришда ва унинг қонунларга бўлган муносабатини ривожлантиришда ҳал қилувчи омиллардан бири ҳисобланади. Ушбу жараён инсон ҳаётининг барча босқичларида самарали бўлиши учун узлуксизлик ва тизимли ёндашув талаб этилади.
Маълумки, ёш авлод ўз фикрларини асосан журналлар, телевидение ва Интернет, ижтимоий тармоқлар орқали шакллантирмоқда. Ёшлар оммавий ахборот воситаларидан фойдаланадиган ва турли мазмундаги маълумотларни тарқатадигаан ижтимоий гуруҳдир. Чунки ёшлар жуда қизиқувчан бўлиб, барча воқеалардан хабардор бўлишни истайди. Деярли барча мактаб ўқувчилари телевидение ва Интернетга кириш имкониятига эга. Аксарият болалар компьютер ўйинлари ва компьютерлар билан мулоқот қилишади. Оммавий ахборот воситаларининг кенг тарқалиши туфайли инсон турли ахборот оқимлари қуршовида эканлиги сир эмас.
Бугунги кунда жамиятимизда ижтимоий-иқтисодий жараёнлар шароитида оила ва мактабнинг тарбиявий вазифаларини сусайтирмаслик керак. Болалар билан мулоқот ота-оналар учун кейинги ўринларга тушиб бормоқда. Демак, ОАВларининг ижтимоийлашув жараёни ва ёш авлод дунёқарашининг шаклланишига таъсири ортиб бормоқда. ОАВ, кўпинча ота-оналар ўрнини эгалламоқда ва уларнинг хатоларини бартараф қилишнинг имкони бўлмаяпти.
Ҳозирги замон олимлари ҳуқуқий билимларни ўқитиш ва таълим жараёнлари ўзаро боғлиқ эканлигини қайд этадилар. Шу сабабли ўқувчиларнинг билиш фаолиятини фаоллаштириш масалалари долзарб бўлиб қолмоқда. Бу тушунча ўқитувчининг ҳаракатлари тизими сифатида белгиланиб, ўқувчиларни янги маълумотларни мустақил ўрганишга, билимларини кенгайтириш учун рағбатлантиради. Ёки ҳуқуқий характердаги ўқув фанлари қуйидаги хусусиятлар билан тавсифланади:
1) ўзлаштириш учун зарур бўлган материални танлаш таълим муассасасида ҳуқуқни ўрганиш бўйича ўқув режасида назарда тутилган соатлар сонига мувофиқ амалга оширилади;
2) давлат стандарти талаблари ҳисобга олиниб, унда ўқиш учун зарур бўлган тушунчалар ва талабанинг ўқишини кузатиш тизими назарда тутилади. Ҳар қандай ўқув фани ўқитувчи учун ўқув жараёнини ташкил этишда ёрдам берадиган дастурлар, режалар, дарсликлар, ўқув қўлланмалари, методик материаллар тўплами билан таъминланиши керак.
Мамлакатимизда ёшларнинг ҳуқуқий билимини мустаҳкамлаш, уларнинг бўш вақтини тўғри ташкил этиш ва улар ўртасида жиноятларнинг олдини олиш, оила-маҳалла-таълим муассасаси ҳамкорлиги меҳанизмини мустаҳкамлаш, ёшлар ташкилотлари фаолиятини фаоллаштириш ва тарғибот тадбирлари самарадорлигини ошириш борасида ибратли ишлар амалга оширилмоқда. Шунингдек, вояга етмаганлар ва ёшлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишда қонун ҳужжатларида белгиланган нормалар ижросини мониторинг қилиш ва баҳолаш механизмларини янада такомиллаштириш, доимий равишда вояга етмаганлар ва ёшларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича жамоатчилик фикрини ўрганишни кенгайтириш мақсадга мувофиқ.
Хулоса қилиб айтганда, ёшларни ҳуқуқий тарбиялаш жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Ҳуқуқий таълим ва тарбия орқали ёшларда қонунларга нисбатан ҳурмат, шахсий масъулият ва ижтимоий фаоллик каби тушунчалар шаклланади. Ёшларнинг ҳуқуқий саводхонлигини оширишда таълим муассасалари, оммавий ахборот воситалари ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг ўзаро ҳамкорлиги муҳим аҳамиятга эга. Умуман, жамиятда ҳуқуқий онгни юксалтириш, ёшларни қонунларга амал қилиш маданиятига жалб этиш ва уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш орқали Ўзбекистонда жиноятчиликни камайтириш, барқарор ижтимоий муҳитни таъминлаш имкони яратилади.
Мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар ёшлар манфаатлари ва ҳуқуқларини ҳимоя қилишга йўналтирилган бўлиб, узлуксиз ҳуқуқий таълим жамиятда қонун устуворлиги ва ижтимоий барқарорликни таъминлашда муҳим рол ўйнайди.
Мурод Уразалиев,
ТДЮУ профессори