Ёшларнинг ўз салоҳияти, иқтидорини намоён қилиши учун янада кенг имконият

    Хулоса қилиб айтганда, Президент Фармонида юртимиз ёшларини қўллаб-қувватлаш билан боғлиқ кўплаб масалалар қамраб олинган. Бу эса Ўзбекистоннинг энг катта бойлиги, бебаҳо хазинаси бўлган ёшларимизга ўз салоҳияти, иқтидорини намоён қилиш учун янада кенгроқ имкониятлар яратишга қаратилган.

    Давлатимиз раҳбари жорий йил 13 июль куни “Ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва уларнинг ижтимоий фаоллигини янада оширишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонни имзолади.

    Ҳужжатда белгиланганидек, 2021 йилнинг августь ойида “Темир дафтар”га киритилган оилаларнинг 18 ёшгача бўлган ҳар бир фарзандига ўқув қуроллари, китоб, кийим-кечак учун 500 минг сўмдан бир марталик моддий ёрдам кўрсатилади ва уларнинг давлат олий таълим муассасаларида таълим олаётган фарзандларига 2021–2022 ўқув йилида биринчи ўқув йили учун тўлов-контрактнинг тўлиқ суммаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қоплаб берилади. Талабалар учун эса, Марказий банкнинг асосий фоиз ставкаси миқдорида имтиёзли таълим кредиларини бериш жорий этилади.

    Таъкидлаш жоизки, Президентимизнинг ёшларга оид сиёсатида иккита энг муҳим йўналиш бор. Биринчиси, уларга замонавий билим бериш, иккинчиси, уларнинг бандлигини таъминлаш. Зеро, кейинги йиллардаги ислоҳотлар, ташаббус ва янги тизимлар замирида ана шу мақсад мужассам.

    Шу ўринда, ёшлар бандлиги масаласида рақамларни таҳлил қилиб кўрадиган бўлсак, сўнгги 4 йилда 30 ёшгача бўлган тадбиркорлар сони 5 баробар кўпайиб, улар 500 мингдан ошган. Охирги 8 ой мобайнида “Ёшлар дафтари”га кирган 430 минг нафар йигит-қизнинг муаммоларини ҳал этиш учун 300 миллиард сўм маблағ йўналтирилди. Жумладан, “Темир дафтар”даги оилалар фарзандлари бўлган 2 мингдан зиёд талабаларнинг контракт пули тўлаб берилди.

    Жорий йилнинг ўтган даврида 92 мингдан зиёд ўғил-қизларнинг тадбиркорлик лойиҳалари учун 2 триллион 300 миллиард сўм имтиёзли кредитлар ажратилди. Ҳудудларда ташкил этилган 186 та Ёшлар саноат ва тадбиркорлик зоналаридаги 3 мингта лойиҳа доирасида 50 мингта янги иш ўрни яратилди.

    Давлатимиз раҳбарининг 30 июнь – Ёшлар куни муносабати билан бўлиб ўтган Ўзбекистон ёшлари ва талабалари форумида белгиланган устувор вазифаларни амалга ошириш мақсадида қабул қилинган мазкур ҳужжат бу борадаги яна бир амалий қадам бўлди, десак айни ҳақиқатни айтган бўламиз.

    – Аҳамиятлиси, мазкур Фармонда 30 дан ортиқ таклиф, ташаббус ва ғоялар илгари сурилган, – дейди Ўзбекистон Ёшлар ишлари агентлиги директорининг ўринбосари Дилноза Каттахонова. – Уларни учта асосий йўналишга бўлиб таҳлил қилиш мумкин. Биринчи йўналиш, бу – замон талаби бўлган, давлатимиз раҳбари ҳар доим таъкидлаб келган ёшларни илм, билимга қизиқтириш ва уларга қўшимча шароитлар яратишдан иборат. Иккинчи йўналиш эса, ёшларнинг бандлигини таъминлаш масаласи. Жумладан, хусусий секторда уларни муносиб даромад олишлари учун кўмаклашиш ва ёш кадрлар ўртасида давлат фуқаролик хизматини жозибадорлигини оширишга қаратилган. Шунингдек, ёшлар ўртасида тадбиркорликни ривожлантириш, уларнинг инновацион, стартап ғоя ва ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, ёш оилаларни ижтимоий ҳимоясини яхшилаш ҳам ҳужжатда ўз аксини топган.

    – Президентимизнинг мазкур фармони билан, мамлакатимиздаги эҳтиёжманд оилаларда тарбияланаётган иқтидорли ёшларга кўмаклашиш, уларнинг муносиб шароитларда таълим олишларини таъминлаш учун янада кенг имкониятлар яратилди, – дейди Молия вазирлиги бўлим бошлиғи Фазлиддин Нишонов. – Жумладан, 130 мингга яқин ёшларга ўқув қуроллари, китоб, кийим-кечак учун бир марталик моддий ёрдам ажратилмоқда. Ушбу мақсадлар учун 128 минг болага Давлат бюджетидан жами 64 миллард сўм маблағ ажратилади.

    Шу билан бирга, “Темир дафтар”га киритилган оилаларнинг олий таълим муассасаларида таълим олаётган фарзандларининг 2021–2022 ўқув йилида тўлов-контракт суммаси биринчи ўқув йили учун Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қоплаб берилади. Мазкур имкониятдан 4,1 минг нафар оила фарзандлари фойдаланиб, ҳар бирининг ихтиёрида 7,2 миллон сўмдан маблағ қолади. Ушбу мақсадларга Давлат бюджетидан 29,2 миллиард сўм йўналтирилади.

    “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари”га киритилган оилалар фарзандлари ва “Ёшлар дафтари”га киритилган ёшларга янги турмуш қураётганида ўз хонадонида қўшимча уй-жой қуриши учун 33 миллон сўмгача гаровсиз кредит ажратилади. 2 мингта ёш оилага уй-жой сотиб олиш учун бошланғич бадал ва фоиз тўловларини қоплашга Давлат бюджетидан қўшимча 60 миллард сўм субсидия берилади.

    Фармонда тегишли вазирлик ва идораларга жисмоний шахсларнинг олий ва профессионал таълим муассасаларида ўқиш учун олинган таълим кредитларини қоплашга йўналтирилган иш ҳақи ва бошқа даромадларига солиқ имтиёзлари қўлланишини, шунингдек, ёш оилаларнинг иш ҳақи ва бошқа даромадларининг ипотека кредитлари ва фоизларини қоплашга йўналтирилган миқдорини жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғидан озод қилинишини назарда тутувчи қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш вазифаси топширилди.

    Шу билан бирга ҳужжатда ёш мутахассисларни қўллаб-қувватлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Жумладан, нуфузли халқаро рейтинг агентликларининг етакчи 500 талик рўйхатига кирган хорижий олий таълим ташкилотларини тамомлаган ёки уларда илмий даража олган ёш мутахассисларнинг лавозим маошига қўшимчалар тўлаш тизими жорий этилади.

    2021 йил якунига қадар республика бўйича мактаблар қўшимча 5 мингта компьютер синфи билан таъминланади ҳамда барча таълим муассасалари юқори тезликдаги Интернетга тўлиқ уланади.

    2021–2022 ўқув йилидан умумий ўрта, ўрта махсус ва олий таълим муассасаларида ахборот технологиялари дарслари босқичма-босқич “Кембриж” дастури асосида ўтилиши бошланади ва ўқитувчилар ушбу дастур асосида қайта тайёрланади.

    Жорий йил октябрь ойидан бошлаб ҳар йили, ёшларга мўлжалланган бадиий асарлар муаллифларини рағбатлантириш мақсадида, “Болалар ва ёшлар учун энг яхши китоб” танлови ташкил этилади. Танловда ғолиблари биринчи ўрин учун – 100 миллион сўм, иккинчи ўрин учун – 75 миллион сўм, учинчи ўрин учун – 50 миллион сўм пул мукофоти билан тақдирланади.

    Сентябрь ойидан бошлаб эса, Тошкент шаҳрида илғор хорижий тажриба асосида Ёшлар бизнес мактаби фаолияти йўлга қўйилиб, унда жорий йилда 1,4 минг нафар ёшларга тадбиркорлик ва бизнес юритишда яхши натижаларга эришиш ва хавф-хатарлардан ҳимояланиш усуллари ўргатилади.

    2022 йилда Ёшлар бизнес мактабининг республика миқиёсида филиаллари ташкил этилади. “Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки” АЖ томонидан ёшларнинг янги ғоялар асосида ишлаб чиқилган инновацион, стартап ва бизнес лойиҳаларини молиялаштириш орқали тадбиркорликка жалб этиш ишлари жадаллаштирилади. Ушбу мақсадларга Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси томонидан Ўзмиллийбанкига 7 йил муддатга 3 йил имтиёзли давр билан йиллик 2 фоиз ставкада 100 миллон АҚШ доллари ажратилади.

    2021 йил 1 сентябрдан ёшларнинг “Бизнесга биринчи қадам” стартап лойиҳалари танлови доирасида ҳар бир туман ва шаҳарда 3 нафардан ғолибларга грантлар бериш амалиёти жорий этилади. Лойиҳаларнинг ҳар бири учун 50 миллон сўмлик грантлар берилади.

    Ёшларни қонунчилик жараёнига кенг жалб этиш мақсадида, Олий Мажлис палаталарига ёшларга оид давлат сиёсатининг ҳудудларда амалга оширилиши бўйича рейтинг тизимини яратиш, “Биз парламентда ёшларни қўллаб-қувватлаймиз!” ташаббусини амалга ошириш ва халқ депутатлари Кенгашларида “Ёшлар парламенти вакиллари мактаби” ташкил қилинади.

    – Олий Мажлис Сенати томонидан ҳудларда ёшларга берилаётган эътибор, бандлигини таъминлаш, ташаббус ва ғояларини қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ишлар тўлиқ баҳолаб борилади, – дейди Олий Мажлис сенати аъзоси Фарҳод Боқиев. – Маҳаллий кенгашларнинг тавсияларига кўра, барча ҳудудлардаги азмиу-шижоатли, фидойи ёшларни сенат аъзоларига бриктириш тизимининг жорий қилиниши, келажакда кадрлар заҳирасини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.

    Бундан ташқари, 2021 йилнинг 1 сентябридан бошлаб спортчи-тренерларга, спорт тўгаракларини ташкил этиш учун бўш турган объектлар имтиёзли тарзда ижарага берилади. Мураббийларга спорт инвентарлари, буюмлари ва жиҳозларини харид қилиш учун субсидиялар ажратилади. Камида 100 нафар ёшни мунтазам спорт билан шуғуллантиришга эришган мураббийларга 2,5 миллон сўмдан ҳар ойлик тўлов жорий этилади.

    Хулоса қилиб айтганда, Президент Фармонида юртимиз ёшларини қўллаб-қувватлаш билан боғлиқ кўплаб масалалар қамраб олинган. Бу эса Ўзбекистоннинг энг катта бойлиги, бебаҳо хазинаси бўлган ёшларимизга ўз салоҳияти, иқтидорини намоён қилиш учун янада кенгроқ имкониятлар яратишга қаратилган.

    No date selected
    март, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates