Ёшлик кучи ва шижоати таълим-тарбия билан енгилмас қудратга айланади

    Президентимиз Шавкат Мирзиёев 1 апрель куни ёшлар ўртасида оммавий спортни ривожлантириш чора-тадбирлари бўйича, шунингдек, 5 апрель куни халқ таълими соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар натижадорлигининг таҳлили юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказди.

    Ҳар икки йиғилиш моҳиятан бизнинг фаолиятимизга бевосита дахлдорлиги билан олдимизга катта вазифалар қўйди, масъулият юклади.

    Аввало, ёшлар ўртасида оммавий спортни ривожлантириш чора-тадбирлари ҳақида тўхталсак. Давлатимиз раҳбари ўғил-қизларни оммавий спорт тури билан қамраб олиш мақсадида 10 апрелдан бошлаб, маҳалла, туман, вилоят ва республика босқичларидан иборат оммавий спорт тадбирлари ўтказиш бўйича топшириқ берди. Энг муҳими бу тадбирларни ўтказишнинг моддий таъминотини ҳам аниқ айтди. Унга кўра, “Ёшлар дафтари” жамғармасидан ҳар бир вилоятга 100 миллион сўмгача, ғолиб ва совриндорларни тақдирлаш учун 1 миллиард сўмгача маблағ ажратилади. Энг яхши натижа кўрсатган ёшлар туман ва шаҳар, вилоят ҳамда миллий терма жамоалар таркибига саралаб олинади.

    Бу бизга нима беради? Ҳозирдан айтиш мумкин: кўп нарса.

    Биринчидан, Ўзбекистонинг халқаро миқёсдаги имижини мустаҳкамлашга хизмат қилади. Чунки, маҳалладан бошлаб туман, шаҳар, вилоят ва мамлакат миқёсида қўр олган мусобақаларда қанчадан қанча кучли спортчилар кашф қилинади. Сўнг улар терма жамоада шаклланади. Қарабсизки, тўрт-беш йилдан сўнг Олимпиада чемпионлари Ўзбекистон номини дунёга таратиб турибди.

    Иккинчидан, руҳан тетик, фикри теран кадрлар захираси шаклланишига хизмат қилади. Бундай дейишга ҳам асос бор. Сабаби, жисмоний машқларда чиниқиб улғайган ҳар қандай ёш, аввало, соғлом бўлади. Жисмоний соғломлик руҳий тетикликка олиб келади. Руҳий тетик кишининг эса, фикри уйғоқ, шижоати баланд бўлади. Бундай кадрлар — мамлакат порлоқ келажаги асоси.

    Учинчидан, мамлакатда аҳиллик муҳитини яратади. Спорт — тинчлик ва дўстлик элчиси экани ҳаммага маълум. Шу маънода маҳалла ёшлари мамлакат миқёсидаги мусобақаларда қатнашар экан, кўплаб дўстлар орттириши табиий. Улар бир кун келиб улғайгач ҳам ана шу дўстона муносабат билан жамиятга кириб келиши аниқ. Шундай экан, болаликдан дўстлар кўпаяди, бу мамлакатда ягона дўстлик муҳити шаклланишидан далолатдир.

    Оммавий спортга жалб қилишнинг уч муҳим жиҳатига тўхталдик, холос. Лекин унгача бўлган илмий асосли йўл ҳам борки, бу Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети зиммасидаги катта масъулият.

    Шу боис, бугунги кунда университетимизнинг Спорт ўйинлари факультети негизидаги Теннис, бадминтон назарияси ва услубияти кафедрасида ҳам теннис ва бадминтонни ёшлар ўртасида оммалаштириш бўйича илмий асосланган назариялар ишлаб чиқилмоқда.

    Ўзи, умуман, бу икки спорт тури билан дуч келган одам хоҳлаган жойида шуғулланиши мумкин. Айтмоқчи бўлганимиз, теннисни ҳовлида ҳам, уйда ҳам, ҳатто, йўлакларда ҳам бемалол ўйнаса бўлади. Алоҳида махсус жой шарт бўлмайди. Шу маънода, кафедрамиз профессор-ўқитувчилари аҳоли кенг қатламини стол тенниси, теннис ва бадминтон билан шуғулланишга жалб этиш, бу орқали жисмонан соғлом авлодни тарбиялаш, оммавий спорт тадбирлари, мусобақалар ўтказиш, истеъдодли спортчиларни танлаш, тайёрлаш ва маҳоратини ошириш, катта спорт сари етаклаш, қолаверса, кадрлар тайёрлаш, соҳага замонавий технологияларни жорий этиш ва халқаро алоқаларни кенгайтириш каби устувор вазифаларни бош мақсад қилган.

    Юртимизда аҳоли орасида, айниқса, ёшлар орасида соғлом турмуш тарзини шакллантиришда мазкур спорт турлари асосий омиллардан ҳисобланади. Пойтахтимизда, вилоят ва туман марказлари, ҳатто республиканинг энг олис ҳудудларида жаҳон стандартларига жавоб берадиган замонавий теннис спорт мажмуаларининг барпо этилиши, кўп сонли халқаро мусобақалар ташкил этилиши теннисчиларимизга ўз маҳоратларини такомиллаштириш, ўзларини халқаро спорт майдонида намоён этиш ҳамда бугунги кунда Ўзбекистонни жаҳоннинг йирик теннис марказларидан бири деб ҳисоблаш имконини беради.

    Мамлакатимизда жисмоний тарбия ва спортнинг оммавийлигини таъминлаш, теннис, стол тенниси ва бадминтон бўйича юқори малакали мутахассисларни тайёрлаш, соғлом турмуш тарзи асосларини шакллантириш, аҳоли ўртасида, хусусан, талаба-ёшлар орасида соғлом ҳаёт кечириш тамойилларини сингдириш, малакали, дунё спорт майдонида рўй бераётган воқеа-ҳодисаларга муносабат билдира оладиган, ўз юрти манфаатини муносиб ҳимоя қила оладиган, жисмонан ва маънан баркамол авлодни тарбиялаш университетимиз, факультетимиз ва кафедрамизнинг устувор вазифалари ва бош мақсади бўлиб қолаверади.

    Энди Президентимиз 5 апрель куни халқ таълими тизимига доир ўтказган йиғилиши ҳақида ҳам бир оғиз тўхталсак. Бу том маънода тарихий эврилиш ҳодисасига асос бўлиши аниқ. Шу маънода, мактаб таълимига кадрлар тайёрлаб берадиган олий таълим базаси сифатида бизнинг зиммамизга ҳам катта масъулият юки тушади. Шу кунларда академик жамоа Президентимиз куюнчаклик билан соҳа ходимлари олдига қўйган вазифалар ижросига киришган. Негаки, таълим ва тарбия кутиб турмайди. Унда ҳар бир дақиқа ҳал қилувчи аҳамиятга эга.

    Қобилжон Усманов,

    ЎзДЖТСУ Теннис, бадминтон назарияси

    ва услубияти кафедраси мудири

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates