“Ёстиқ тагида ётган маблағлар” борлиги ёлғон эмас

    Бир қатор блогерларимиз “хорижий валютанинг катта қисми раҳбар шахслар қўлида тўпланган”, деган фикрларни билдиришмоқда.

    Олий Мажлис Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоевнинг ишлаб чиқаришни ривожлантириш зарурияти ҳақида гапира туриб, аҳолининг қўлида образли қилиб айтганда, 10 миллиард АҚШ долларга яқин “ёстиқ тагида ётган маблағлар” борлиги ҳақидаги фикри ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.

    Аслида Содиқ Сафоевнинг аҳоли қўлидаги ортиқча маблағни иқтисодиётга жалб қилиш зарурлиги ҳақидаги ўринли таклифини кўпчилик тушуниб-тушунмасдан талашиб, тортишмоқда. Бир қатор блогерларимиз “хорижий валютанинг катта қисми раҳбар шахслар қўлида тўпланган”, деган фикрларни билдиришмоқда. Шундай бўлиши ҳам мумкин. Лекин бу фикрни исботлаш керак. Бу ҳақида ҳеч қандай ҳисоб-китоблар қилмасдан, фақатгина хаёлига келган хулосани оммага эълон қилиш ақлли одамнинг иши эмас. Қолаверса, динимизда “гумон – иймондан айирар”, деган мақолни ёдимизда тутганимиз маъқул. Бир пайтнинг ўзида “машина оламан”, “тўй қиламан”, деб пул йиғаётган оддий одамларимиз ҳам борлигини унутмайлик. Улар ҳам бу пулларини асосан уйларида сақлашади.

    Айримлар “Ўзбекистонда банкларга ишонч йўқ”, деган мулоҳазаларни билдиришибди. Менинг мутахассислигим “молия ва кредит” йўналиши. Қолаверса, 10 йил тижорат банки кенгашининг раиси вазифасида ишлаганман, ҳозирда раис ўринбосариман. Юртдошларимиз тўғри тушунишларини хоҳлардим, бу лавозимлар менинг иш жойим эмас. Банк акциядорлари умумий йиғилишларида мени 20 йилдан бери мутахассис сифатида шу лавозимларга сайлаб келишяпти. Асосий фаолиятим эса — олимлик. Демак, банклар фаолиятини ҳам назариётчи, ҳам амалиётчи сифатида баҳолай оламан. Тан олиш лозимки, 2016 йилга қадар аҳолида тижорат банкларига ишонмайдиган ҳолатлар бўларди. Бироқ ундан кейинги йилларда бошланган янги иқтисодий сиёсатда мамлакатимиз банк тизими аҳоли ишончини қозониш йўлида жуда катта ишлар қилаётганига ҳам кўз юмолмаймиз. Лекин тижорат банклари барча жабҳаларда жаҳон стандартлари даражасида ишлай олишаётгани йўқ. Уларнинг бу борада қиладиган ишлари ҳали кўп. Аҳоли 10 миллиард доллар маблағни банкларга топширмасдан, уйида сақлаётгани ҳам бу гапимнинг исботидир.

    Амалдорларни танқид қилиб фикр билдираётганларга мен ҳам қисман қўшиламан. Масалан, Ўзбекистон капитал бозори капиталлашуви мамлакат ЯИМга нисбатан бор-йўғи 1 фоизни ташкил этади. Ривожланаётган давлатларда бу кўрсаткич 30–60 фоиз атрофида, ривожланган давлатларда эса 100 фоиз ва ундан ҳам ортиқ бўлиши соҳа мутахассислари учун маълум. Демак, шу оддий рақамлардан ҳам мазкур соҳанинг раҳбарлари аҳолининг ишончини қозониш учун ҳали жуда қаттиқ хатти-ҳаракатлар қилишлари керак эканлиги кўриниб турибди.

    Аҳоли қўлидаги 10 миллиард АҚШ долларни оборотга киритиш ва ундан самарали фойдаланиш умумдавлат ва умумхалқ аҳамиятига эга улкан масала ҳисобланади. Негаки, бу ишни амалга ошириш масалага дахлдор давлат идоралари ва шу пул эгаларининг биргаликда амалга оширадиган иши ҳисобланади. Чунки банклар ҳамма шароитни яратсаю, лекин халқни ўзига ишонтира олмаса, бу муаммо ҳал бўлмайди. Ҳаммамиз ҳамжиҳатлик билан ҳаракат қилиб, ўша 10 миллиардни иқтисодиётга кирита олсак, бу билан мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий тараққиётини янги босқичга олиб чиқиш учун асос бўла оладиган молиявий манба топган бўламиз!

    Одил ОЛИМЖОНОВ,

    иқтисод фанлари доктори, профессор