«Юксалиш» ҳаракати Жалақудуқдаги «Ғалаба» маҳалласи аҳолисини маиший газ баллонлари билан таъминлашга кўмаклашди

    Мамлакатимизда 5 апрел 2022 1546

    «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати томонидан Европа Иттифоқининг молиявий кўмаги билан «Ўзбекистоннинг чекка қишлоқ ҳудудларида пандемия шароитида қарорлар қабул қилишда эҳтиёжманд аҳоли қатлами иштирокини ошириш» лойиҳаси амалга ошириляпти.

    Лойиҳа доирасида Андижон, Самарқанд ва Қашқадарё вилоятларининг 6 та олис туманларидаги 12 та маҳалланинг кичик инфратузилмасини яхшилашга кўмаклашиш кўзда тутилган.

    Жорий йил 4 апрелда Андижон вилоятининг Жалақудуқ тумани «Ғалаба» маҳалла фуқаролар йиғинида ушбу маҳалла аҳолисига 90 миллион 420 минг сўмлик 165 дона маиший газ баллонларини топшириш маросими бўлиб ўтди. Тадбирда лойиҳа ташкилотчилари, туман ҳокимлиги, туман газ таъминоти идораси вакиллари, маҳалла фаоллари иштирок этди.

    Ҳозирда «Ғалаба» маҳалласида аҳоли сони 3 минг 400 дан зиёдни ташкил этади. Мингдан зиёд оила, 740 та хонадон мавжуд. Ушбу маҳаллага табиий газ етиб келмаган, аҳолига суюлтирилган газ етказиб берилади. Бироқ хонадонларни газ баллонлари билан тўлиқ таъминлашда муаммолар бор.

    Ўтган йилнинг ёзида лойиҳа ишчи гуруҳи томонидан ушбу маҳалла фаоллари иштирокида ўтказилган маслаҳат учрашувлари давомида ҳам аҳолининг маиший газ баллонларига бўлган эҳтиёжи катталиги аниқланган эди. Шундан сўнг, Европа Иттифоқининг лойиҳа учун ажратилган маблағларининг маълум қисми «Ғалаба» МФЙ аҳолисини маиший газ баллонлари билан таъминлашга йўналтириладиган бўлди. Эндиликда Ҳақиқат, Кунчибоқ, Дилкаш, Дўстлик кўчаларида яшовчи аҳоли аҳолини ўн йилдан бери қийнаб келаётган масалага ечим топилди.

    Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, ҳар бир маҳалланинг ижтимоий, инфратузилмавий муаммоларини аниқлаш, ечимига таклиф бериш, маҳаллий қарорларни қабул қилиш жараёнларида бевосита аҳолининг ўзи, фаол фуқаролар иштирок этди. Бунда муаммони яққол тасаввур қилиш имкони бўлди, чунки қайси уйда ким қандай яшашини, уларга нималар кераклигини шу ерлик одамларнинг ўзи яхши билади.

    Бу каби йўналишларда нодавлат нотижорат ташкилотларининг халқаро донорларни жалб қилган ҳолда амалга ошираётган лойиҳалари ҳукуматга кўмак бўлади, аҳоли фаровонлигини янада яхшилайди.

    Маълумот учун: Европа Иттифоқи Ўзбекистондаги фуқаролик жамияти ташкилотлари орқали COVID-19 пандемиясининг таъсирини камайтиришга оид қиймати 1 миллион евро бўлган Дастурни ишга туширган. Ушбу Дастур доирасида «Юксалиш» ҳаракатининг «Ўзбекистоннинг чекка қишлоқ ҳудудларида пандемия шароитида қарорлар қабул қилишда эҳтиёжманд аҳоли қатлами иштирокини ошириш» лойиҳасига 400 минг еврога яқин миқдорда маблағ ажратилган.

    Мазкур лойиҳа иш бошлаган вақтдан буён (2021 йил, апрель) республикамизнинг 6 та ҳудуди – Пахтачи, Қўшработ, Қарши, Чироқчи, Жалақудуқ туманларидаги ва Хонобод шаҳридаги жами 12 та чекка маҳаллаларда яшовчи 350 та эҳтиёжманд оилага 1,3 миллиард сўмлик бир марталик моддий ёрдам кўрсатилди ҳамда 12 та тиббиёт муассасасига жами 280,5 миллион сўмлик зарур тиббий буюм ва ускуналар тақдим этилди.

    Лойиҳа давом этяпти. Олдинда яна 11 та маҳалланинг инфратузилмасини такомиллаштириш (жумладан, кўчаларга шағал ётқизиш, электр устунлари, трансформатор ўрнатиш ва бошқа) ишларини амалга ошириш режалаштирилган.

    «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати матбуот хизмати.

    No date selected
    март, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates