Юқори даражадаги Тошкeнт конференцияси минтақани ривожлантиришнинг янги имкониятларини очиб бeрувчи йўл

    Фикр 20 июл 2021 1226

    Ўтган ҳафта Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг минтақалараро ривожланиш истиқболларига бағишланган яна бир муҳим ташаббуси тарихга битилди. 15-16 июль кунлари расмий Тошкент юқори даражадаги «Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар» мавзусидаги халқаро конференцияга мезбонлик қилди.

    Бу конференция кўп жиҳатдан ноёб форум бўлди. Жумладан, халқаро майдонда миллий манфаатларимизни ифодалаш масаласида мамлакатимиз раҳбариятининг янги мукаммал стратегик қарашларини акс эттирди. Дарҳақиқат, давлатимиз кейинги тарихида илк бор ўз ташқи сиёсатининг янги йўналиши — Жанубий Осиё минтақаси устувор аҳамиятга эгалигини белгилади.

    Конференцияда ўз ифодасини топган дастурий ғояларни амалга ошириш янги геосиёсий ва геоиқтисодий реалликни шакллантиришга ҳамда 2 миллиарддан ортиқ нуфусга эга, сайёрамиз хавфсизлиги ва барқарор ривожланишига катта таъсир кўрсатадиган улкан макроминтақа ривожланишига кучли таъсир кўрсатишга қаратилган.

    Шубҳасиз, Тошкентда бундай нуфузли тадбир ташкил этилиши ва муваффақиятли ўтказилиши сўнгги йилларда нафақат Марказий Осиё минтақасида, балки бутун дунёда нуфузи ва таъсири ортиб бораётган янги Ўзбекистон пайдо бўлаётганини акс эттиради. Инчунун, конференция ишида нафақат Марказий ва Жанубий Осиё минтақалари мамлакатлари, шунингдек, бошқа йирик давлатлар иштирокини таъминлашга, балки уларнинг нуқтаи назарларини мувофиқлаштиришга муваффақ бўлинди.

    Конференция ялпи мажлисларида, яъни учга бўлинган сессияларда 40 дан ортиқ мамлакат халқаро ташкилотнинг 250 дан зиёд нуфузли вакили иштирок этди, мунозаралар деярли 90 нафар хорижий журналист ва кўплаб маҳаллий оммавий ахборот воситалари томонидан ёритиб борилди. Бу анжуман ғоят катта нуфузга эга бўлганидан дарак беради. Эътиборлиси, давлат ва ҳукумат, ташқи сиёсий идоралар раҳбарлари билан бирга тадбир ишида минтақаларимизда, жумладан, халқаро алоқалар масалаларида ўрни тобора ортиб бораётган кўплаб давлатлар вакиллик ҳокимияти органлари масъуллари иштирок этди.

    Форумда нуфузли халқаро ташкилотлар — Европа Иттифоқи, ЕХҲТ, МДҲ, ШҲТ, Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши, Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгаш, ЮНEСКО, БМТ Европа иқтисодий комиссияси, Марказий Осиёда превентив дипломатия минтақавий маркази, шунингдек, етакчи халқаро молия институтлари раҳбарлари фаол иштирок этганини таъкидлаш зарур. Буларнинг барчаси Президентимизнинг ушбу конфе ренцияни чақириш ташаббуси ўта долзарблигидан ва у ўз вақтида ўтказилганидан далолат беради.

    Ўзбекистоннинг янгиланган ташқи сиёсати ва минтақадаги барча давлатлар раҳбарларининг умумий сиёсий иродаси туфайли сўнгги йилларда Марказий Осиёда юз берган туб ўзгаришларсиз ушбу анжуманни ташкил этиш имконсиз бўлар эди. Шубҳа-гумонлар, носоғлом рақобат, яширин ва баъзан эса яққол душманлик кайфияти ўрнига эзгу ният, ишонч ва умумий муаммоларни биргаликда ҳал этиш истаги юзага келди. Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг мунтазам консултатив учрашувлари ташкил этилиши натижасида конструктив мулоқот қилиш, ўзаро ишончни мустаҳкамлаш учун мустаҳкам асос яратилди. Минтақалараро савдо ҳажми сезиларли даражада ўсди: ўтган 4 йил мобайнида Ўзбекистоннинг қўшни мамлакатлар билан савдо айланмаси 5 баробар ошди. Хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорлик янги босқичга кўтарилди.

    Марказий Осиёда вужудга келган янги сиёсий муҳит обʼектив воқеликдир. Конференция минтақада ва қўшни ҳудудларда тинчлик-барқарорликни мустаҳкамлаш учун янги имкониятлар эшигини очади. Шунингдек, Марказий Осиё ва бошқа минтақалар ўртасидаги алоқаларни янада кенгайтириш учун шарт-шароит яратади. Бу конференциянинг улкан иқтисодий, маданий ва сивилизацион салоҳиятини тўлароқ рўёбга чиқаришнинг муҳим шарти ҳисобланади.

    Давлатимиз раҳбари халқаро конференциядаги нутқида Жанубий Осиё мамлакатлари билан ҳамкорликни тиклаш Марказий Осиё давлатлари учун иқтисодий тараққиётга эришишнинг муҳим омили экани, бу минтақа халқлари тинчлиги ва фаровонлигини мустаҳкамлаш имконини беришини илмий жиҳатдан чуқур исботлаб берди.

    Бугун Жанубий Осиё янгича қиёфа касб этмоқда. Унинг жаҳон иқтисодиётидаги роли ҳам ортиб боряпти. Бу ялпи ички маҳсулоти деярли 3,5 триллион долларни ташкил этувчи жадал ривожланаётган минтақадир. Минтақа ишонч билан жаҳоннинг иқтисодий марказларидан бирига айланмоқда. Бугун дунё ҳамжамияти Жанубий Осиё мамлакатлари шиддат билан ривожланаётгани, маънавиятини йўқотмай, энг илғор технологияларни ўзлаштираётгани, бир вақтнинг ўзида ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаб бораётганига гувоҳ бўлмоқда

    Конференциянинг аҳамияти ва долзарблиги янги тарихий шароитда Марказий ва Жанубий Осиё минтақалари ҳамкорлигини тиклаш ва чуқурлаштириш, деб ном олган кун тартиби билан ҳам белгиланди. Айтиш керакки, бу ҳудудларда яшовчи халқлар қадимдан транспорт-савдо-коммуникация тармоқлари билан боғланган. Бу йўл орқали нафақат савдо, балки билимлар, ғоялар ва маънавий тушунчаларнинг ҳам мунтазам алмашинуви юз берар эди. Бу макроминтақа илм-фан, маданият ва маънавиятнинг тан олинган жаҳон марказларидан бирига айлангани билан изоҳланади. Афсуски, ўтган асрларда бу каби алоқалар узилиб қолди. Бугун Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги ўзаро алоқаларни яна жонлантиришга эҳтиёж тобора ортиб бормоқда. Бу холисона жараён барқарорлик ва мустаҳкам тараққиётни таъминлаш, икки минтақа халқларининг турмуш даражаси ва фаровонлигини ошириш учун ҳаракатлантирувчи кучга айланмоқда.

    Мазкур жараённи зиддиятлар ва ижтимоий-иқтисодий ларзалардан холи минтақалараро ҳамкорлик маконига айлантириш имконияти сифатида баҳолаш мумкин.

    Ушбу конференцияни ташкил этиш ташаббуси билан чиққан Ўзбекистон Республикаси, биринчидан, ҳамкорликни мустаҳкамлаш, очиқ ва конструктив сиёсат юритиш мақсадидан келиб чиқди. Бу Марказий ва Жанубий Осиёдаги барча давлатларнинг умумий манфаатларини акс эттиради. Иккинчидан, бугун Марказий ва Жанубий Осиёнинг ўзаро боғлиқлигида асосий бўғин ҳисобланган Афғонистон Ислом Республикасига Марказий Осиёдаги минтақавий жараёнларнинг табиий қисми ва минтақалараро лойиҳаларни ривожлантиришнинг ноёб имкониятлари манбаи сифатида тобора кўпроқ эътибор қаратилмоқда. Уларни амалга ошириш Афғонистонда тинчлик жараёнини тарғиб қилишнинг янги мисли кўрилмаган имкониятларини очиб беради. Учинчидан, икки минтақанинг яқинлашуви ҳеч кимнинг манфаатларига қарши қаратилмаган. Зеро, бугун дунё шиддат билан ўзгараётган бир пайтда минтақа халқлари олдида турган умумий таҳдидларни чуқур англаш, муаммоларни ҳал этиш йўлларини излаш, мулоқот ва ишончни мустаҳкамлаш ҳар қачонгидан ҳам муҳимдир.

    Бўлиб ўтган конференция айнан шу мақсадга қаратилди. Тадбирга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлиқ ишлар натижасида Тошкент минтақаларимиз, бошқа хорижий давлатлар ўртасида кўп ва икки томонлама мулоқот учун платформа яратишга муваффақ бўлди. Халқлар равнақининг калити бўлган ўзаро ишончни шакллантириш ва мустаҳкамлашга муҳим ҳисса қўшилди, бу эса ҳамкорлик учун замин яратади.

    Марказий ва Жанубий Осиё давлатлари ташқи ишлар вазирлари муҳокамалари натижасида қабул қилинган минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш тўғрисидаги қўшма баёнотда ўрта муддатли истиқболда Жанубий ва Марказий Осиё ўртасидаги ўзаро боғлиқликнинг умумий асосий тамойиллари шакллантирилган. Бу ҳукуматлар, парламентлар, тадбиркорлар, илм-фан ва маданият вакиллари ўртасида мунтазам алоқани қўллаб-қувватлашни назарда тутади. Айнан шу минтақалараро йирик лойиҳаларни амалга ошириш шарти сифатида ишонч чораларини мустаҳкамлаш учун платформа бўлиши керак.

    Минтақавий ўзаро боғлиқлик учун қулай шарт-шароитлар яратиш умумий муаммолар ва таҳдидларга қарши курашиш учун биргаликда фаол ҳаракатларни талаб қилиши туфайли иштирокчи мамлакатлар тинчлик ва барқарорликка хавф солувчи трансмиллий таҳдидларга қарши биргаликдаги саъйҳаракатларни амалга оширишга келишиб олди. Тақдирлари бирбири билан узвий боғланган минтақаларимизни барқарор ривожлантириш масаласи бўйича ҳамкорлик механизмларини яратиш бўйича ҳам келишувга эришилди. Бу атроф-муҳит, экотизимлар ҳимоясига кўмаклашадиган ташаббуслар асосида экология ва табиий офатларни бошқариш масалаларини ҳал қилиш юзасидан тажриба алмашиш, чора-тадбирлар режасини биргаликда ишлаб чиқиш ва амалга оширишни назарда тутади.

    Иқтисодиёт ва инвестициялар соҳасидаги ҳамкорликни кучайтириш устувор вазифа сифатида белгилаб олинди. Иштирокчи давлатлар ва етакчи халқаро ташкилотлар экспертлари минтақалараро савдони ривожлантириш бўйича умумий ёндашувлар ишлаб чиқиш зарурлигини эътироф этди. Гарчи кўп асрлар давомида Жанубий ва Марказий Осиё макроминтақаси самарали халқаро меҳнат тақсимоти намунаси бўлиб келган бўлсада, минтақалараро савдо ҳажми жаҳондаги ўртача кўрсаткичлардан анча паст эди. Бу эса, ўз навбатида, минтақаларимизни боғловчи транспорт коммуникацияси инфратузилмасини тиклаш масалаларини ҳал этишни талаб қилади. Термиз — Мозори Шариф — Кобул — Пешовар темир йўлини қуриш лойиҳаси бу соҳадаги асосий стратегик йўналиш ҳисобланади. У Марказий ва Жанубий Осиё мамлакатларининг истиқболли бозорларини қисқа йўл билан боғлабгина қолмай, мильлий иқтисодиётларнинг ўсиши учун кучли рағбатлантирувчи омил яратади, ўзаро манфаатли минтақалараро ҳамкорликни кучайтиради.

    Президентимиз ўз нутқида таъкидлаганидек, «Бизнинг олдимизда Марказий ва Жанубий Осиё, умуман, бутун Евроосиё минтақасини барқарор, иқтисодий ривожланган фаровон ҳудудга айлантириш вазифаси турибди».

    Тошкент халқаро конференсияси Ўзбекистоннинг ушбу мақсадига эришиш учун муҳим замин яратди.

    Содиқ САФОЕВ,
    Олий Мажлис Сенати
    Раисининг биринчи
    ўринбосари

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates