Юридик хизматлар кўрсатиш марказлари

    жамиятда қонун устуворлигини таъминлаш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда муҳим қадам бўлади

    “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак”. Президентимиз томонидан илгари сурилган ва бугун ҳаётимиздан тобора чуқур ўрин олаётган ушбу тамойил юртдошларимизнинг ҳаётдан рози бўлиб яшашига замин яратмоқда. Бугун давлат органлари ва ташкилотлари томонидан ушбу эзгу ташаббусни тўла рўёбга чиқариш борасида муҳим чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

    Бироқ бу йўналишда бир қатор муаммолар ҳам учраб турибди. Хусусан, давлат органлари ва ташкилотлари раҳбар ва ходимлари баъзида ўз фаолиятида қонунларга тўла риоя этмаслиги фуқароларнинг ҳақли эътирозига сабаб бўлаётганига кўп бор гувоҳ бўлмоқдамиз. Ваҳоланки, ҳар бир идора-ташкилотдаги юридик хизмат ходимлари бундай ҳуқуқбузарликнинг олдини олиш бўйича раҳбарлар ва мансабдор шахсларни энг биринчи бўлиб огоҳлантирувчи масъул шахс ҳисобланади. Шу билан бирга, давлат органлари фаолиятида қонун устуворлиги ва қонунийликни таъминлашда юридик хизмат фаолиятини мунтазам такомиллаштириб бориш муҳим аҳамиятга эга.

    Шу каби муаммолар давлат органлари ва ташкилотларида юридик хизмат фаолиятининг мутлақо янги моделини яратишни тақозо қилмоқда эди. ­Президентимизнинг 2020 йил 19 майда қабул қилинган “Давлат ҳуқуқий сиёсатини амалга оширишда адлия органлари ва муассасалари фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони бу борада муҳим ҳуқуқий асос бўлди. Ушбу фармон билан шаҳар ва туман адлия бўлимлари ҳузурида давлат ташкилотларига юридик хизматлар кўрсатиш марказлари ташкил этиш вазифаси белги­ланди.

    Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 17 сентябрда қабул қилинган “Давлат органлари ва ташкилотларига юридик хизмат кўрсатиш марказлари фаолиятини эксперимент тариқасида ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида ушбу марказларни ҳуқуқий тартибга солиш механизмлари белгилаб берилди.

    Айтиш керакки, сўнгги йилларда муҳим ислоҳотларни танлаб олинган муайян ҳудудларда эксперимент тариқасида амалга ошириш яхши анъанага айланди. Мазкур тизим, биринчидан, янги ислоҳот давлат ва жамият ҳаётига қандай ижобий ўзгаришлар олиб келишини таҳлил қилишга кўмак­лашса, иккинчидан, эксперимент давомида тизимдаги муаммоларни барвақт аниқлаб, уни янада такомиллаштириш истиқболлари белгилаб олинади.

    Бу анъанага риоя қилинган ҳолда, юридик хизматлар кўрсатиш марказлари ҳам эксперимент тариқасида Наманган шаҳри, Қарши ва Марҳамат туманлари адлия бўлимлари қошида ташкил этилади. Муҳим жиҳатлардан бири, эксперимент доирасида учта ҳудудда давлат органлари ва ташкилотларининг марказ билан келишмасдан қабул қилган буйруқлари, фармойишлари, шартномалари ва юридик тусдаги бошқа ҳужжатлари ҳақиқий эмас, деб ҳисоб­ланади. Яъни юқорида номлари келтирилган ҳудудларнинг давлат орган ва ташкилотлари юридик тусдаги ҳар бир ҳужжатни марказ билан келишилган ҳолда қабул қилиши мажбурияти белгиланмоқда.

    Юридик хизмат фаолиятининг раҳбар таъсир доирасида бўлиши бевосита юридик тусдаги ҳужжатнинг мазмуни қонун талаб­ларига эмас, балки раҳбар манфаатига мослашишига олиб келиши мумкин. Шу боис, низомда юридик хизматлар ­кўрсатиш марказлари давлат органлари ва ташкилотлари раҳбарларига бўйсунмаслиги алоҳида белгиланган. Бу эса тегишли давлат органи ва ташкилотларида қонунийликни таъминлаш бўйича мутлақо янги тартибни вужудга келтиради. Энг асосийси, юридик хизмат раҳбарлардан мутлақо мустақил ҳолда фаолият юритади.

    Амалиётда туман миқёсидаги давлат органлари ва ташкилотларидаги айрим юридик хизмат ходимлари ўз функ­­циявий мажбуриятларидан ташқари бошқа ишлар билан шуғулланишга мажбур бўлаётганига ҳам гувоҳ бўлмоқдамиз. Бу эса, ўз навбатида, юридик хизмат ходими фаолиятининг асосий кўрсаткичлари сусайиб кетишига олиб келмоқда. Марказ ташкил этилиши орқали қонунийлик таъминланиши билан бир қаторда, давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятини такомиллаштириш юзасидан таклифлар тайёрлаш, уларнинг мулкий ва бошқа манфаатларини ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш ва мазкур тузилмалар ходимларининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириб бориш каби энг асосий функциялар билан шуғулланишга олиб келади. Яъни юридик хизмат фаолиятига тааллуқли бўлмаган функция ва вазифалар тўлиқ олиб ташланишига эришилади. Бу орқали юридик хизмат кўрсатиш сифати ошади, муҳими, мазкур фаолиятнинг изчиллиги таъминланади.

    Яна бир жиҳат, давлат органлари ва ташкилотлари юридик хизматларини модернизациялаш ёки рақамлаштириш зарурияти билан боғлиқ. Ҳужжатлар ло­йиҳаларини ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш, давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятини такомиллаштириш юзасидан так­лифлар тайёрлаш, ходимларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, давлат органлари ва ташкилотлари мулкий ва бошқа манфаатларини ишончли ҳимоя қилишга оид фаолиятларни рақамлаштириш юридик хизмат фаолиятида ортиқча ресурс ва харажатларни қисқартиради. Қарорда марказ ўз фаолиятини давлат органлари ва ташкилотлари билан ўзаро ҳужжат алмашинуви ягона электрон тизими орқали амалга ошириши белгиланиши амалиёти пандемия шароитидан кейин ҳам ўз ижобий самарасини беради. Юридик хизматнинг янги рақамлашган платформаси марказлар ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари ўртасида ҳужжат алмашинувининг ягона электрон тизимининг изчил ва шаффоф ишлашига олиб келади.

    Эксперимент тариқасида юридик хизматлар кўрсатиш марказларининг ташкил этилиши давлат органлари ва ташкилотларида қонунийлик ва қонун устуворлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга оид яхлит механизмни шакллантиришда муҳим қадам бўлиб хизмат қилади. Эксперимент даврида аниқланган камчилик ва муаммолар таҳлил қилиниб, кейинчалик бартараф этилгач, бутун респуб­лика ҳудудида давлат органлари ва ташкилотларига юридик хизмат кўрсатишнинг янги модели жорий этилади.

    Бекзод НАРИМОНОВ, Тошкент давлат юридик университети декан ўринбосари

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates