Юриш, югуриш, мини-футбол, бадминтон, стритбол ва “Workоut” спорт турларини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида

    Ҳужжатлар 8 ноябр 2021 5561

    Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори

    Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 30 октябрдаги “Соғлом турмуш тарзини кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ–6099-сон Фармони ижросини таъминлаш ҳамда 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастури ижросини таъминлаш, шунингдек, аҳолининг кенг қатламларини жисмоний тарбия ва спортга жалб қилиш мақсадида:

    1.Қуйидагилар:

    Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 30 октябрдаги “Соғлом турмуш тарзини кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ–6099-сон Фармонига мувофиқ республикада аҳоли ўртасида оммавий спортни ривожлантириш ва соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишда – юриш, югуриш, мини-футбол, велоспорт, бадминтон, стритбол, “Workоut” (маҳалла ва кўча фитнеси) спортнинг устувор турлари (кейинги ўринларда – спортнинг устувор турлари) этиб белгиланганлиги;

    Ўзбекистон Республикасининг 2020 йил 25 декабрдаги ЎРҚ–657-сон Қонуни билан тасдиқланган 2021 йил учун республика бюджетидан биринчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчиларга ажратиладиган маблағларнинг чекланган миқдорларига асосан Туризм ва спорт вазирлигига спортнинг устувор турларини оммавийлаштириш ва ривожлантириш дастурларини амалга ошириш учун 104 миллиард сўм ажратилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.

    2.Қуйидагиларни назарда тутувчи 2021–2022 йилларда юриш, югуриш, мини-футбол, бадминтон, стритбол ва “Workоut” спорт турларини янада ривожлантириш чора-тадбирлари дастури (кейинги ўринларда – дастур) 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин:

    спортнинг устувор турларини бошқариш тизимини такомиллаштириш;

    аҳоли ўртасида спортнинг устувор турлари оммавийлигини ошириш, иқтидорли ёшларни саралаш (селекция);

    спортнинг устувор турлари билан шуғулланиш учун шарт-шароитлар яратиш, уларни оммалаштириш, моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, замонавий спорт анжомлари билан таъминлаш;

    ҳудудларда спортнинг устувор турларини янада ривожлантириш ва оммалаштиришга қаратилган спорт тадбирларини ташкил этиш;

    соғлом турмуш тарзининг энг муҳим таркибий қисми сифатида жисмоний тарбия ва спортни тарғиб қилиш ҳамда бу жараёнда юқори даражали ахборотлаштиришни ва мультимедиа маҳсулотларидан фойдаланишни таъминлаш.

    3.Қуйидаги спорт мусобақалари ҳар йили ўтказилсин:

    юриш ва югуриш бўйича – “Tashkent Marathon”, “Samarkand Half Marathon” ва “Zaamin Ultra” халқаро марафонлари, “Sky Camp Bostanliq” триатлон ва йога марафонлари, “Барча рекордлар бизники!
    (5 ва 10 минг қадамга), турли масофаларга югуриш бўйича “Янги рекордлар сари!”;

    мини-футбол бўйича – “Янги Ўзбекистон ёшларимиз”, “Соғлом оила – Янги Ўзбекистон таянчи” (оилавий жамоалар ўртасида) “Раҳбар кубоги” (давлат органлари ва ташкилотлари ходимлари ўртасида);

    бадминтон бўйича – “Баҳор маликалари”, “Бадминтон лигаси” (умумий ўрта ва профессионал таълим муассасалари ўқувчилари ўртасида), “Раҳбар кубоги” (давлат ва нодавлат ташкилотларининг ходимлари ўртасида) ва “Имкониятингиздан кўпроғини бажаринг!” (аҳолининг кенг қатламлари ўртасида);

    стритбол ва “Workоut” бўйича – “Рекорддан янги рекордга!” ва “Гиёҳванд моддаларга қарши!” (таълим муассасалари ўқувчи ва талабалари ўртасида), “Муҳими ғалаба қозониш эмас, балки қатнашиш!” (маҳалла жамоалари ўртасида), “Қишлоғинг учун ғалаба қозон!” (қишлоқ жамоалари ўртасида), “Соғлом танда – соғлом фикр!” (давлат ва нодавлат ташкилотларининг ходимлари ўртасида).

    Туризм ва спорт вазирлиги Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳамда тегишли спорт федерация (ассоциация)лари билан биргаликда юқоридаги спорт мусобақаларини тизимли равишда ташкиллаштириб борсин, уларга аҳолининг барча қатламлари, айниқса, ёшларни кенг жалб қилсин.

    4.2022 йил 1 январдан бошлаб спортнинг устувор турлари бўйича ҳудудларда иқтидорли ёшларни аниқлаш, танлаш ва саралашнинг (селекция) 3 босқичли тизими жорий этилсин:

    биринчи босқичда – спортчилар ўртасида туман (шаҳар) мусобақалари (туман/шаҳар ҳокими кубоги);

    иккинчи босқичда – туман (шаҳар) мусобақалари ғолиблари ўртасида вилоят мусобақалари (Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари кубоги);

    учинчи босқичда – вилоят мусобақалари ғолиблари ўртасида республика мусобақалари.

    Туризм ва спорт вазирлиги, Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси, Ўзбекистон енгил атлетика федерацияси, Ўзбекистон футбол ассоциацияси, Ўзбекистон бадминтон федерацияси, Ўзбекистон баскетбол федерацияси раҳбарларига ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари иқтидорли ёшларни аниқлаш, танлаш ва саралаш (селекция)нинг 3 босқичли тизимини тегишли ҳудудларда тўлиқ жорий қилиш ва мусобақалар натижалари асосида спорт-таълим муассасаларини иқтидорли спортчилар билан тўлдириб бориш юзасидан шахсан масъул этиб белгилансин.

    5.Белгилансинки, мазкур қарор билан белгиланган спорт мусобақаларини ўтказиш, ғолиб ва совриндорларни рағбатлантириш билан боғлиқ ҳар йилги харажатлар Давлат бюджети параметрларида Туризм ва спорт вазирлиги учун кўзда тутиб бориладиган маблағлар ҳисобидан қопланади. Бунда:

    а) Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари:

    ҳар йили спортнинг устувор турлари бўйича мусобақаларнинг мунтазам равишда ўтказиб борилишида аҳолининг барча қатламлари хоҳишларига қараб уларнинг фаол иштирокини таъминлаш чораларини кўрсин;

    спортнинг устувор турлари бўйича мусобақаларни ўтказиш, ғолиблар ва совриндорларни рағбатлантириш билан боғлиқ харажатларни назарда тутсин;

    б) Туризм ва спорт вазирлиги:

    ҳар йили март ойи якунига қадар ҳудудлар кесимида спортнинг устувор турлари бўйича мусобақаларни ўтказиш вақти, жойи ва манзиллари, тренерлар, ҳакамлар ва бошқа батафсил маълумотларни www.jtdss.uz платформасида жойлаштириб борсин ва оммавий ахборот воситалари орқали кенг тарғиб этилишини таъминласин;

    ҳар йил якуни билан спортнинг устувор турлари бўйича ўтказиладиган мусобақаларда муваффақиятли иштирок этган фуқароларнинг энг юқори натижалари ва рекорд ўрнатганлар тўғрисидаги таҳлилий маълумотларни платформада жойлаштириб бориш амалиётини йўлга қўйсин.

    6.Молия вазирлиги (Т.Ишметов) “Соғлом турмуш тарзи” платформаси орқали амалга ошириладиган тўловларни 2022 йил учун Давлат бюджети параметрларида назарда тутилишини ҳамда 2022 йил 1 январдан бошлаб Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан уларни тўлиқ ҳажмда тўлаб берилишини таъминласин.

    Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Туризм ва спорт вазирлиги билан биргаликда аҳоли ўртасида юриш ва югуришга қизиқиш тобора ортиб борилаётганлигини, соғлом турмуш тарзини олиб бориш фуқароларнинг кундалик ҳаётига фаол айланаётганлигини инобатга олиб, 2022 йил 1 январга қадар “Соғлом турмуш тарзи” платформасини такомиллаштирсин, шу жумладан, ахборот дастурида фуқаролар томонидан белгиланган масофани ҳақиқатда босиб ўтганлигини тасдиқловчи механизмларни қайта кўриб чиқсин.

    7.2021–2025 йилларда ҳудудларда бадминтон, стритбол ва “Workоut” спорт турлари учун 1 164 та спорт майдончаларини ташкил этиш параметрлари (кейинги ўринларда – параметрлар) 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин. Бунда:

    а) Туризм ва спорт вазирлиги Қурилиш вазирлиги, Ўзбекистон бадминтон федерацияси, Ўзбекистон баскетбол федерацияси билан биргаликда:

    икки ой муддатда спорт майдончаларига қўйиладиган талаблар асосида ҳамда ҳудудларнинг ўзига хос хусусиятлари, аҳолининг қизиқиши ва хоҳиш-истаклари, аҳоли сони ва инфратузилмани инобатга олган ҳолда, спорт майдончаларининг намунавий лойиҳаларини (кейинги ўринларда – намунавий лойиҳа) ишлаб чиқсин;

    спорт майдончаларининг аҳоли яшаш жойларига қулай ва халқаро талабларга мос равишда ташкил этилиши, спорт майдончалари қопламаси тартан-синтетик қопламадан бўлиши, аҳоли барча қатламларининг ёши ва қизиқишларига мос бўлишига эътибор қаратсин;

    б) Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари:

    спорт майдончаларини фойдаланиш хусусиятини йўқотмаган ҳолда ва тегишли жойлашувига кўра маҳалла фуқаролар йиғини ёки уй-жой мулкдорлари ширкатларига текин фойдаланиш ҳуқуқи асосида берсин;

    Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги билан биргаликда спорт майдончаларидан аҳолининг самарали фойдаланишини ташкил этиш, ўрнатилган ускуналарни сақлаш ва таъмирлаш билан боғлиқ харажатларни назарда тутсин;

    бир ой муддатда туманлар ва шаҳарлар бўйича намунавий лойиҳа асосида ҳар бир маҳаллада бадминтон, стритбол ва “Workоut” спорт майдончаларини ташкил этишни назарда тутувчи 2021–2025 йилларда амалга оширилиши мўлжалланган ҳудудий манзилли дастурларни тасдиқлаш ҳамда ушбу ишларни давлат-хусусий шериклик асосида ташкил этишга ташаббускор маҳаллий тадбиркорлик субъектларини кенг жалб этиш чораларини кўрсин.

    8.Белгилансинки, Давлат бюджетидан 2021 йилдан бошлаб дастур ва параметрлар тўлиқ бажарилгунга қадар ҳар йили 104 миллиард сўмдан маблағлар ажратилади.

    Молия вазирлиги мазкур қарорга асосан жорий йилда кўзда тутилган чора-тадбирларни ва келгуси йилларда амалга оширилиши белгиланган вазифалар учун зарур маблағларни Давлат бюджети параметрларида назарда тутишни таъминласин.

    9.Туризм ва спорт вазирлигининг “Спорт объектлари инфратузилмасини ривожлантириш бўйича инжиниринг компанияси” ДУК Давлат бюджетидан ажратиладиган маблағлар ҳисобидан спорт майдончаларини қуриш ва жиҳозлаш бўйича буюртмачи этиб белгилансин.

    Бунда бош лойиҳа ва бош пудрат ташкилотлари белгиланган тартибда танлов (тендер) савдолари орқали аниқланади.

    10.Спортнинг устувор турлари бўйича спорт майдончаларини ташкил этиш ва жиҳозлаш учун белгиланган тартибда шакллантириладиган рўйхатлар бўйича четдан олиб кириладиган, республикада ишлаб чиқарилмайдиган махсус спорт анжомлари ва жиҳозлари, инвентарь, қурилиш материаллари ва моддий-техника ресурслари 2024 йил 1 сентябрга қадар божхона божидан озод этилсин.

    11.Мазкур қарорнинг ижроси қуйидаги тартибда амалга оширилсин:

    Бош вазир ўринбосари А.А. Абдуҳакимов – мазкур қарор ижросини сифатли, тўлиқ ва ўз вақтида таъминласин, белгиланган чора-тадбирларни амалга ошириш юзасидан масъул вазирлик, идора ва ташкилотлар фаолиятини самарали ташкил қилсин ҳамда мувофиқлаштирсин, ҳар ойда улар раҳбарларининг бажарилган ишлар тўғрисидаги ҳисоботларини қабул қилсин ҳамда аниқланган камчиликларни ўз вақтида бартараф этсин;

    Туризм ва спорт вазирлиги – дастурни ижро этиш юзасидан барча зарур чоралар кўрилишини таъминласин, мазкур қарорда белгиланган вазифаларни ўз вақтида ва сифатли амалга оширишда масъул ташкилотларга услубий ва амалий ёрдам кўрсатсин ҳамда унинг ижроси бўйича ҳар ойда Вазирлар Маҳкамасига ахборот киритиб борсин;

    Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари – спорт майдончаларини ташкил этиш параметрларини ўз вақтида, сифатли ва тўлиқ бажаришни таъминлаш юзасидан барча чораларни кўрсинлар;

    Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги бош директори А.К. Кўчимов ҳамда Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси раиси А.Д. Хаджаев – мазкур қарорнинг мазмун-моҳияти ва амалий аҳамиятини ёритишга оид брифинглар, тематик телекўрсатувлар ташкил этсинлар.

    12.Туризм ва спорт вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонунчилик ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

    13.Мазкур қарорнинг ижросини самарали ташкил қилишга масъул ва шахсий жавобгар этиб туризм ва спорт вазирининг тегишли ўринбосарлари, спорт федерация (ассоциация)лари раҳбарлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари белгилансин.

    Қарор ижросини муҳокама қилиб бориш, ижро учун масъул ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.А. Абдухакимов ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси А.А. Абдувахитов зиммасига юклансин.

    Амалга оширилаётган чора-тадбирлар натижадорлиги юзасидан ҳар йили 1 январгача Ўзбекистон Республикаси Президентига ахборот бериб борилсин.

    Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.МИРЗИЁЕВ

    Тошкент шаҳри,
    2021 йил 5 ноябрь

    No date selected
    март, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates