Албатта, хато қилади, ўрганади, тажриба тўплайди ва аста-секин чархланиб боради. Менинг тадбиркорлик фаолиятим ҳам шундай шаклланган ва ривожланган деб биламан.
Болалигимизда тадбиркорликка муносабат бугунгидай эмасди. Асрлар давомида халқимизга хос бўлган ишбилармонликка иллат сифатида қаралган. Собиқ совет тузуми даврида “хусусий мулк” деган тушунча йўқ, бойлик орттириш эса жиноят эди. Тадбиркорлик билан шуғулланмоқчи бўлганлар “чайқовчи”, “товламачи”, “фирибгар”, “олиб сотар”, “ўғри”, “жамият душмани” деган тамғалар билан камситиларди. Биз шундай оғир муҳитда вояга етганмиз ва тадбиркорликнинг иллат эмас, аксинча, хайрли иш эканини англаб етишимиз учун анча йил керак бўлган. Эҳтимол шу туфайлидир, ёшликда қилаётган ишларимиз тадбиркорлик эканини яхши тушунмаганмиз. Кундалик эҳтиёжларни қаноатлантириш, тирикчилик, яшаш, оила ва фарзандларнинг моддий таъминоти асосий мақсадимиз бўлган. Бора-бора ўзимизнинг ким эканимиз, нималарга қодирлигимиз, каттароқ мақсадлар учун яшаш ҳақида ўйлай бошлаганмиз. Бу мақсадлар бизни жамиятга фойда келтириш, халқ учун хизмат қилиш, ўзимиздан кейин бир эзгу мерос қолдиришга ундаган. Шу маънода, тадбиркорлик йўлим — ички изланишим, янгиликларга интилишим, аввало, ўзимни топишим ва халққа хизмат қилишим йўлидаги табиий жараён бўлди. Кичик ишлардан бошланган саъй-ҳаракатлар катта имкониятларга йўл очди. Бугун ўз меҳнатим билан эришганларимдан нафақат моддий манфаат, балки маънавий қаноат ҳам топяпман. Ўз ўрнида бу маҳсулдорлик мени янада юксак мақсадларга чорламоқда.
Давлатимиз раҳбари шу йил 20 август куни тадбиркорлар билан учрашувда кўксимга таққан орден тадбиркорлик фаолиятимда ҳали кўп янгиликлар қилишим кераклигига бир ишора бўлди, десам муболаға бўлмайди. Насиб этса, бор тажриба ва салоҳиятимиз, куч-ғайратимизни иқтисодиётимиз ривожи, халқимиз манфаати учун сарфлаймиз. Ростини айтсам, бу мукофот нафақат мен, балки оилам, тадбиркорлик фаолиятимда ёнимда елкама-елка туриб меҳнат қилаётган дўстларим, ҳамроҳларим ва бутун жамоам учун ҳам жуда катта қувонч, чинакам рағбат бўлди. Аслида, шундай тинч-осойишта юртда, тараққиёт сари дадил одимлаётган, инсон қадри юксалаётган мамлакатда яшаш, тадбиркорларни халқнинг таянчи деб биладиган, бизни қалби билан тинглайдиган, тушунадиган ва юксак марралар сари руҳлантира оладиган Президентимиз жамоасида халққа хизмат қилишнинг ўзи ҳар биримиз учун катта мукофот. Бу юксак эътибор ва эътироф учун, аввало, давлатимиз раҳбарига, жонажон халқимизга чексиз миннатдорлик билдираман.
Мазкур мукофот орқали ўзим учун иккита ҳақиқатни англаб олдим. Биринчи навбатда, “Инсон қадри учун” ғоясининг рўёбини фаолиятим мисолида кўрдим. Ватан равнақи ва халқ фаровонлиги учун озми-кўпми меҳнат қилсангиз, албатта, қадр топиши, эзгу ташаббуслар кўрсатсангиз, қўллаб-қувватланиши, имкон яратиб, йўл очиб берилиши ҳамда инсон салоҳиятига ишонч борлигига амин бўлдим. Иккинчидан, халқимизнинг нақадар илиқ ва ёқимли меҳрини туйдим. Инсон учун ҳаётда энг тўғри йўл Ватанга, халққа садоқат билан хизмат қилиш эканига ишонч ҳосил қилдим.
Шу ўринда бир воқеа эсимга тушиб кетди. 2022 йилги учрашувда ёш тадбиркор йигит ҳавас билан Президентимиздан у кишидаги туганмас энергия, самарадорлик ва муваффақият сири, аниқроғи, “ҳаёт формуласи” ҳақида сўраганида, давлатимиз раҳбари қисқа қилиб “Бунда сир йўқ, сир битта — Ватанни севиш керак”, деб жавоб берганди. Мен бугун шу ҳақиқатни ўз вужудимда ҳис қилдим. Инсонга бу қадар завқни, бу қадар тотли саодатни бошқа ҳеч нарса беролмаса керак. Ушбу мукофот менга тўғри йўлда эка-нимни кўрсатувчи бир ишора бўлди.
Кўпинча одамлар тадбиркорларни фақат мол-мулкини кўпайтириш билан шуғулланадиган, бойлиги кўп, ҳар ишга қодир ва ғам-ташвишсиз инсон сифатида тасаввур қилади. Аслида, ундай эмас, тадбиркорлар ҳам, аввало, инсон. Уларнинг ҳам юрагида инсоний туйғулар кечади, ўз олдига ҳаётий мақсадлар қўяди, кўнглида ёруғ орзу-умидлар тугади. Тажрибамдан келиб чиқиб айтаманки, пул ва бойлик тадбиркор учун асосий мақсад эмас, шунчаки мақсад йўлида керак бўладиган ресурс ёки сармоя. Агар бойлик асосий мақ-сад бўлганида, ҳаёт моҳиятини йўқотиб, бир ўзанда тўхтаб қоларди. Лекин одамнинг ҳаёти ва инсонийлик қиймати бойлик орттириш билан ўлчанмайди. Балки кишиларга наф келтира олгани, қанчалик кўп эзгу ишга улгургани, бошқаларга руҳий куч бағишлай олганида намоён бўлади. Шундай экан, тадбиркорлик йўлини инсоннинг ўз манфаатидан бошланиб, халқ манфаати томон узайишида кўраман. Бу йўлнинг бошида тирикчилик ташвиши, иккинчи ярмида халққа садоқат билан хизмат қилиш масъулияти туради. Бугун тадбиркорлик оламига кириб келаётган ёш ука-сингилларимиз шуни англаб олмоғи лозим деб биламан. Ростини айтсам, бугунги ёшларнинг стартап, ноу-хау, инновация ва бизнес лойиҳалар яратаётганини кўриб, жуда завқланаман, ҳавасим келади. Улар янгиликка, бунёдкорликка шу қадар ўчки, бундай ёшлар билан юртимизнинг келажаги буюк бўлишига ич-ичимдан ишонаман.
Аслида, катта авлод ва ёшлар ўзи билмаган ҳолда бир-бирини руҳлантиради, ўсишига ёрдам беради. Катта тадбиркорлар фаолияти, тажрибаси, эришган ютуқлари, муваффақиятлари ёшларда тадбиркорликка қизиқиш уйғотади. Ёшлар билан мулоқотларда “Фалон тадбиркорга ҳавас қиламан” ёки “Фалон тадбиркорга ўхшашни истайман” деган гапларни кўп эшитамиз. Ўз навбатида, катталар ҳам ёшлардан рағбат олади. Улардаги янгиликка интилиш, куч-ғайрат, шижоат бизни ҳам руҳлантиради. Ўз устимизда ишлаш, замон талабларини ҳис этиш, ўзгариш ва рақобатбардош бўлишга ундайди. Шунинг учун ҳақиқий тадбиркор фақат ўз манфаати доирасида ҳаракат қилмай, ҳаётга соғлом назар билан қараши, бошқа тадбиркорларнинг ёшидан қатъи назар, манфаатларини ҳурмат қилиши керак. Шундагина соғлом рақобат муҳити шаклланади. Президентимиз айнан шундай муҳит яратиш учун тадбиркорларга жуда катта эътибор қаратяпти. Улар билан яккама-якка суҳбатлашиб, соҳанинг ич-ичига кириб боришнинг ўзи тадбиркорларга алоҳида муносабат шаклланганининг амалдаги кўринишидир. Муаммоларга ечим излаш, қатор имтиёзлар бериш, муносиб шароит яратиш учун ҳам одам соҳани тубдан ўрганиши, тадбиркорлар ўрнига ўзини қўя олиши керак. Йилдан йилга имкониятлар кенгайяпти, шароит яхшиланяпти. Шундай экан, бунга виждонан баҳо бериб, мамлакат тараққиётини, халқ манфаатини ўйлаш биз, тадбиркорларнинг асосий мақсадимизга айланмоғи даркор.
Тадбиркорлик меҳнат ва ҳалоллик билан уйғун тушунча, яъни меҳнат ва ҳалолликни хуш кўради. Аслида, ишбилармонликнинг баракаси ҳам шунда. Соҳага энди кириб келаётган, иш бошлаган ёш тадбиркорларга жамоасидаги ишчиларнинг меҳнатини қадрлаш, ишига яраша адолатли ҳақ тўлашни маслаҳат берган бўлардим. Чунки тадбиркор очган иш ўрнида инсон меҳнат қилади ва у олаётган ҳақига рози бўлиши жуда муҳим. Ишидан, маошидан қаноат ҳосил қилган ходим учун иш ўрни қадрли бўлиб қолади ва у бор куч-ғайрати билан меҳнат қилади. Тадбиркорнинг ишида эса барака ошиб бораверади.
Бу соҳада яна бир муҳим талаб ҳалолликдир. Ғирромлик ва қинғир-қийшиқ йўллар билан пул топиш тадбиркорлик йўлини қисқа қилиб қўяди. Узоқни кўзлаган тадбиркор шубҳали йўлдан юрмайди, коррупциядан узоқ бўлади ҳамда ўз кучи ва салоҳиятига ишончи орқали муваффақият сари хотиржам боради. Бу эса тадбиркорга ҳам, халққа ҳам, давлатга ҳам бирдек манфаат олиб келади.
Жаҳонгир ОРТИҚХЎЖАЕВ,
“Akfa Group” компаниялар гуруҳи асосчиси,
“Фидокорона хизматлари учун” ордени соҳиби








