Юртимиз осмонида болид кузатилди

    Фан 8 апрел 2021 1640

    Кеча юртимиз осмонида ёруғ осмон жисми - метеоритнинг ерга тушиши кузатилди ва у акс этган тасвирлар ижтимоий тармоқларда кенг тарқалди.

    Маълумки, ҳар куни Ер сиртига 10 тоннадан ортиқ аксарияти миллиметр ўлчамдаги кичик тошлар - метеорит парчалари тушади ва улар осмонда ҳаво билан ишқаланиш туфайли ёруғ из қолдиради. Агар метеоритнинг ўлчамлари бир сантиметр ва ундан катта бўлса, ундан жуда ёруғ ва тутунли из қолади. Ердаги кузатувчи туннинг кундуздек бир лаҳзага ёришиб кетишини кузатади. Бу эса Ер атмосферасига кириб ёниб кетган метеор — болид ҳисобланади.

    6 апрель, Тошкент вақти билан соат 22:03 атрофида кузатилган ҳодиса айнан шундай болид эканлигидан далолат беради.

    Метеоритлар бизнинг Қуёш тизимимизга тегишли комета ва астероидларнинг қолдиқ ёки бўлаклари ҳисобланади. Қуёш тизимидаги миллионлаб орбиталарда комета ва астероидлар мавжуд ҳамда сайёрамиз орбитаси ўша орбиталар билан кесишганда бу қолдиқларнинг метеор, болид ва метеорит кўринишида сайёрамиз атмосферасига кириб келишини кўришимиз мумкин бўлади. Умуман олганда, Ер атмосферасига ҳар куни бир неча ўнлаб тонна шундай жисмлар тушади. Агар бу жисм ўзидан ёрқин, ингича из қолдирса у метеор деб номланади. Метеорларнинг катталиги одатда бир неча миллиметрдан ошмайди ва атмосферада тўлиқ буғланиб кетади.

    Агар жисм бир неча ёки ўнлаб сантиметрлар катталикдаги ўлчамга эга бўлса атмосферада кучли қизиб портлайди ва жуда ёрқин чақнашга сабаб бўлади, осмонда ўзидан ёрқин плазмали из қолдиради. Бундай жисмлар болид деб номланади.

    Агар болид етарлича катта бўлса ва кимёвий таркибида металлар улуши кўп бўлса болид парчалариниг айримлари Ер сиртига қадар етиб келиши мумкин. Аммо бунинг учун атмосферага кирган жисмнинг ўлчамлари анчагина катта бўлиши лозим. Метеоритли болидга 2013 йил 15 февралдаги Челябинск метеоритини мисол қилиб келтириш мумкин.

    Юртимизда кузатилган жисмнинг ҳам бирор қолдиқлари топилгани ҳақида эса маълумотлар мавжуд эмас ва уни оддий, қолдиқсиз болид деб тахмин қилса бўлади.

    Камолиддин Эргашев,

    ЎзР ФА Астрономия институти кичик илмий ходими

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates