Юз нафар ёш университет ҳисобидан кириш имтиҳонларига бепул тайёрланяпти

    Олий таълим муассасамизда маҳаллалардаги ёшлар учун касб-ҳунар ўрганиш, компьютер саводхонлиги, хорижий тиллар, олий ўқув юртлари кириш имтиҳонларига тайёргарлик курслари ташкил қилинган.

    Шу йил 19 январь куни Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштириш, бу борада давлат ва жамоат ташкилотларининг ҳамкорлигини кучайтириш масалалари бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишида маҳаллаларда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган эди. Жумладан, “Бир зиёли — бир маҳаллага маънавий ҳомий” тамойили асосида ҳар бир маҳаллага мамлакатимиздаги олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари, таниқли зиёлилар бириктирилди.

    Давлатимиз раҳбарининг яқинда эълон қилинган “Ёшларнинг тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва бандлигига кўмаклашиш, уларни ижтимоий ҳимоя қилиш ҳамда бўш вақтини мазмунли ташкил этишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонида олий таълим муассасаларининг яқин ҳудуддаги маҳаллалар ёшлари билан билан ишлашига доир муҳим вазифалар белгиланди.

    Бу саъй-ҳаракатларда Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети ҳам фаол қатнашишга интиляпти. Давлатимиз раҳбарининг аввалги топшириқларига биноан, пойтахтимизнинг Чилонзор, Яккасарой, Яшнобод туманлари, Тошкент вилоятининг Паркент туманидаги маҳаллалар билан ҳамкорликни йўлга қўйдик.

    Олий таълим муассасамизда маҳаллалардаги ёшлар учун касб-ҳунар ўрганиш, компьютер саводхонлиги, хорижий тиллар, олий ўқув юртлари кириш имтиҳонларига тайёргарлик курслари ташкил қилинган. Талабалар ва маҳаллалардаги ёшлар ўртасида спорт мусобақалари, мусиқа ва китобхонлик тадбирларини ўтказиляпти. Университетнинг ўзида талабалар учун ташкил этилган 180 та тўгаракдан 36 таси касб-ҳунар, 32 таси спорт, 18 таси китобхонлик йўналишида фаолият олиб боради. Яқиндан бошлаб ушбу тўгаракларга маҳалла ёшлари ҳам қатнаяпти. Улар учун университет томонидан психологлар, ахборот-коммуникация технологиялари ва хорижий тиллар бўйича мутахассислар жалб қилиниб, ҳафтанинг чоршанба ва жума кунлари ёшларга тегишли йўналишлар бўйича билим берилмоқда.

    Чилонзор туманидаги маҳалла ёшлари билан биргаликда университет ҳудудида жойлашган спорт майдонида ҳафтада уч марта футбол, волейбол, баскетбол, стол теннис ва бошқа спорт мусобақалари ташкил қилиняпти. Ўқув муассасамизнинг “Талабалар театр студиялари” маҳаллалар ва мактабларга бориб, маънавий-маърифий руҳдаги театрлаштирилган саҳна кўринишлари намойиш этмоқда. Ўтган ойнинг ўзида университет ҳудудида ташкил этилган маърифий тадбирлар ва ижодий кечаларда яқин-атрофдаги маҳаллалардан икки мингдан зиёд ёш иштирок этди.

    Ўғли-қизларнинг олий таълим олишга қизиқиши ва интилишини ошириш муҳим масала. Чунки авлодлар алмашинуви кадрлар тайёрлаш жараёнининг узлуксизлигини талаб этади. Шу боис пойтахтимиз ва Тошкент вилоятидаги кўплаб умумтаълим мактаблари битирувчилари учун университетда “Очиқ эшиклар” кунлари ўтказилиб, муассасамиздаги таълим йўналишлари ва мутахассисликлар ҳақида маълумот бериляпти. Шу билан чекланмай, олий таълим муассасасида ўқиш истагини билдирган ёшлар тайёрлов курсларида ўқитилмоқда. Жумладан, Чилонзор туманидаги маҳаллаларда яшовчи, кам таъминланган, “Темир дафтар” ва “Ёшлар дафтари”га кирган ёшлардан 100 нафари университетнинг бюджетдан ташқари маблағи ҳисобидан кириш имтиҳонларига бепул тайёрланяпти.

    Давлатимиз раҳбарининг мазкур фармонида талабалар ётоқхоналарида, маданият марказларида ва маҳалла фуқаролар йиғинларида ёшлар билан мунтазам равишда учрашувлар ташкил этиш, очиқ давра суҳбатлари ва маданий тадбирлар ўтказиш амалиёти жорий қилиниши ҳақида сўз борган. Университет жамоаси бу йўналишда ҳам ишларни самарали йўлга қўйишга интиляпти. Хусусан, олий таълим муассасамизнинг ижарада яшовчи талабалари ва улар истиқомат қилаётган маҳаллалар билан ҳамкорлик ўрнатилган. Масалан университетнинг Яккасарой туманида жойлашган физика ва математика, тарих, технологик таълим ва мусиқа маданияти факультетларининг ижарада турувчи талабалари истиқомат қилаётган маҳаллаларидаги фаоллар ва нуронийлар билан мунтазам учрашувлар ташкил этиляпти. Ушбу ҳудудда университетнинг тўртта талабалар турар жой биноси мавжуд бўлиб, унда яшаётган йигит-қизларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш ва яшаш шароитини янада яхшилаш бўйича мавжуд имкониятлардан унумли фойдаланиляпти.

    Сўнгги йилларда юртимизда ёшларнинг келажагига, илм-ҳунар ўрганишига давлат раҳбари даражасида эътибор қаратиляпти. Бу ғамхўрлик кўлами йилдан йилга кенгайиб, фарзандларимиз учун зарур барча имкониятлар яратиляпти. Улардан оқилона фойдаланишга ундаш, ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказишига кўмаклашишда университетимиз жамоаси қўлни қўлга бериб меҳнат қилади.

    Алишер УМАРОВ,

    Тошкент давлат педагогика университети ректори

    No date selected
    март, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates