Замонавий профессионал таълим иқтисодиётни ҳаракатлантирувчи асосий кучга айланади

    “Янги Ўзбекистон” газетасининг шу йил 23 июнь сонида Меҳнат тадқиқотлари институти директори, техника фанлари номзоди, доцент Муродулла Холмуҳаммедовнинг “Замонавий профессионал таълим иқтисодиётни ҳаракатлантирувчи асосий кучга айланади” номли мақоласи чоп этилди. Қуйида уни ўқишингиз мумкин.

    Ўзбекистон 2017-2021 йилларга мўлжалланган ривожланиш дастурини муваффақиятли якунлаб, ўз тараққиётининг янги босқичига, иккинчи фаслига қадам босди. Барча соҳалардаги ислоҳотларга мустаҳкам пойдевор қўйилиб, ҳуқуқий асослар яратилди. Ўз навбатида, 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси қабул қилинди. Эндиги вазифа ҳар бир йўналиш бўйича бошланган янгиланишларни янада чуқурлаштириш, жадаллаштириш ва такомиллаштиришдан иборат. Худди шу тадрижий босқич барча соҳада бўлгани каби профессионал таълим тизимида ҳам рўй бермоқда.

    Аввало, давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 6 сентябрдаги “Профессионал таълим тизимини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони асосида янги профессионал таълим тизимини замон талабига мос форматда ташкил этиш, шаклан ва мазмунан янги профессионал таълим муассасалари тармоғини шакллантириш вазифаси қўйилди. Ўтган икки йилда янги тизимнинг барча ҳуқуқий асоси яратилди.

    Жумладан, Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикасида узлуксиз бошланғич, ўрта ва ўрта махсус профессионал таълим тизимини тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори билан Узлуксиз бошланғич, ўрта ва ўрта махсус профессионал таълим тўғрисидаги низом, Бошланғич профессионал таълим босқичида кадрлар тайёрлайдиган касбҳунар мактабларининг намунавий устави, Ўрта профессионал таълим босқичида кадрлар тайёрлайдиган коллежларнинг намунавий устави ҳамда Ўрта махсус профессионал таълим босқичида кадрлар тайёрлайдиган техникумларнинг намунавий устави тасдиқланди.

    Ушбу ҳужжатлар асосида ўқув жараёни халқаро стандартларга мувофиқлаштирилган таълим дастурлари асосида ташкил этиладиган уч тоифадаги таълим муассасалари фаолияти йўлга қўйилди. Биринчидан, 2020/2021 ўқув йилидан эътиборан, профессионал таълим тизимида юртимиз бўйича 710 та таълим муассасаси, жумладан, 330 та касб-ҳунар мактаби, 173 та коллеж ва 207 та техникум иш бошлади. Айни пайтда касб-ҳунар мактабларида таълимнинг Халқаро стандарт таснифлагичининг учинчи даражасига мос келувчи 2 йиллик таълим дастурлари асосида 9-синф битирувчилари бошланғич профессионал таълим олмоқда.

    Уларда устувор йўналиш сифатида оилавий бизнес, томорқа бизнеси, қурилиш, хизмат кўрсатиш, чорвачилик, паррандачилик, асаларичилик, балиқчилик каби иқтисодиётимизда муҳим ўрин эгаллаган 200 дан ортиқ ишчи касб бўйича мутахассислар тайёрланяпти. Коллежларда эса таълимнинг Халқаро стандарт таснифлагичининг тўртинчи даражасига мос келувчи, касбларнинг мураккаблик даражасидан келиб чиқиб, 2 йилгача бўлган муддатда ўқитишга мўлжалланган таълим дастурлари асосида ўрта профессионал таълим мутахассислари сабоқ олмоқда.

    Вазирликлар, идоралар ва ташкилотлар тасарруфида фаолият кўрсатадиган ва шу соҳадаги аниқ иш ўрни учун мутахассислар тайёрлайдиган ушбу коллежларга мактабларнинг 11-синф битирувчилари қабул қилинади. Коллежларда Германия тажрибасида яхши самара берган дуал таълим тизими жорий этилди. Яъни ўқувчилар ҳафтанинг муайян кунлари коллежда назарий билим олади, бошқа кунлари корхонанинг ўзида бириктирилган уста раҳбарлигида тўғридан-тўғри иш ўрнида амалиёт ўтайди.

    Техникумларда таълимнинг Халқаро стандарт таснифлагичининг бешинчи даражасига мос келувчи, бакалавриат таълим йўналишлари билан интеграциялашган, кундузги, кечки ва сиртқи таълим шаклларида камида 2 йилга мўлжалланган таълим дастурлари асосида 11-синфни тугатган ёшлар ўқитилади. Энг муҳими, кадрлар малакасини халқаро меҳнат бозори талабларига мослаштириш мақсадида миллий малака тизими ишлаб чиқилди.

    Яъни мамлакатимизда илк бор Миллий квалификация рамкаси, тармоқ квалификация рамкалари, касб ва мутахассисликлар бўйича профессионал стандартлар ҳамда табақалаштирилган таълим стандартлари ва дастурлари тасдиқланиб, жорий этилди. Таълим стандартларини касб стандартлари асосида шакллантириш йўлга қўйилди. Бу борада “Ўзбекистонда касбий кўникмаларни ривожлантириш” Ўзбекистон-Швейцария лойиҳаси томонидан юртимизда профессионал таълим тизимини такомиллаштириш механизмларини амалга оширишда ўзаро ҳамкорлик ҳам ўрнатилди.

    Яқинда давлатимиз раҳбари раислигида ўтказилган йиғилишда ҳам бу борадаги ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, таъбир жоиз бўлса, янги босқичга кўтариш борасидаги устувор вазифалар белгилаб берилди. Президентимиз айни пайтда Ўзбекистонда янги профессионал таълим тизими мамлакат иқтисодиётининг ҳар бир соҳаси, жамиятнинг ҳар бир бўғини, ҳар бир оила, ҳар бир фуқаро ҳаётига дахлдор ҳаёт-мамот масаласи эканига алоҳида урғу бергани бежиз эмас, албатта.

    Чунки жамият ҳаётида, иқтисодиёт тармоқларида туб ўзгаришлар содир бўлди. Жумладан, камбағаллик ижтимоий даража сифатида эътироф этилди ва уни босқичма-босқич қисқартириш бўйича аниқ вазифалар белгиланди. Ўз навбатида, иқтисодий ўсиш кўрсаткичлари, суръатларига мос равишда мамлакатимизда инвестициявий муҳит тубдан яхшиланди.

    Жумладан, Президентимизнинг биргина 2021 йил 30 декабрдаги қарори билан тасдиқланган 2022-2026 йилларда марказлашган ва марказлашмаган инвестицияларни ўзлаштиришнинг йиғма мақсадли кўрсаткичларида 2022 йилда қарийб 300 миллиард сўм, 2023 йилда 350 миллиард сўм миқдорида инвестициялар ўзлаштирилиши ва бу кўрсаткич 2026 йилга бориб 530 миллиард сўмга чиқиши кўзда тутилмоқда.

    Тараққиёт стратегиясига мувофиқ, 2030 йилга қадар муносиб ҳақ тўланадиган 10 миллионта янги иш ўрни очиш, ялпи ички маҳсулот ҳажмини 2,5 баробар кўпайтириш, саноат улушини 40 фоизга етказиш, давлат компанияларини трансформация қилишни жадаллаштириш кўзда тутилган. Камбағалликни бартараф этиш, ишсизлик даражасини 2030 йилда 5,2 фоиз, инфляцияни эса 15,2 фоиздан 4,3 фоизга пасайтириш мақсад қилинган.

    Бу рақамлар, ўз навбатида, яқин келажакда минглаб янгидан-янги иш ўринлари очилиши, инвестициялар билан бирга кириб келадиган янги технологиялар жорий этилиши, юқори малака ва кўникмага эга ўрта бўғин мутахассисларига эҳтиёж иккиуч баробар ортишидан далолат беради. Бу ҳали фақат маҳаллий меҳнат бозоридаги таркибий ўзгариш ва ўсиш кўрсаткичларининг профессионал таълим тизими олдига қўйган талаби, холос.

    Бундан ташқари, халқаро меҳнат бозоридаги талаб ва таклифнинг ўзгариши, глобаллашув ва интеграцион жараён тезлашиши, рақамлаштириш, саноатдаги технологик инқилоблар инобатга олинса, шунга мос равишда замон талабларига жавоб бера оладиган кўникма ва малакага эга, рақобатбардош мутахассисларни тайёрлаш масаласининг долзарблиги янада ошади.

    Шунинг учун давлатимиз раҳбари профессионал таълим мазмуни, сифати, таълим дастурлари ва технологиялари модернизациясини иқтисодий тараққиёт кўрсаткичларига мос равишда интенсив ривожлантириш, такомиллаштириш ва сифат даражасини ошириш лозимлигини алоҳида таъкидламоқда. Президентимиз айтганидек, мамлакат миқёсида тўқимачилик, кончилик, электротехника, кимё ва бошқа саноат тармоқларида, қишлоқ хўжалиги, хизматлар ва сервис, қурилиш, тадбиркорлик соҳаларида йирик ўзгаришлар амалга оширилмоқда.

    Албатта, шу ислоҳотлар самараси ўлароқ, 2022 йилнинг ўзида 16 миллиард долларлик 9 мингдан зиёд йирик ва ўрта лойиҳа ишга туширилади. Уларга 300 мингга яқин малакали ишчи қабул қилиниши, камбағалликни икки баробар қисқартириш бўйича белгиланган янги марралар, ҳар йили юртимиз бўйича 500-600 минг нафар ёшнинг меҳнат бозорига кириб келиши ва уларга ҳам даромад топиш учун муайян касб ўргатиш лозимлиги, фақат ва фақат шу орқали натижага эришиш мумкинлиги кундек равшан.

    Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистонда таълимнинг Халқаро стандарт таснифлагичига мос келувчи ўқув дастурларини яратиш жараёнида дунё тажрибаси ва амалиётини инобатга олиш ҳам ислоҳотларнинг зарурий шартларидан бири бўлиши лозим. Энди талаба ёки битирувчига “Диплом олиш учун нима қилиш керак?” деган савол эмас, “Диплом олгандан кейин нима қилиш мумкин?” деган савол устувор аҳамият касб этиши керак.

    Юртимизда янги профессионал таълим тизими жорий қилинганига ҳам 2 йил бўлди. Яқинда бу тизимнинг биринчи қалдирғочлари илк битирувчилар сифатида меҳнат бозорига кириб келади. Албатта, шу қисқа даврда бу тизим чуқур тадқиқ этилди, натижа ва хулосалар олинди, бажарилган ишлар мониторинг қилинди. Меҳнат бозорини ривожлантириш, унинг таркибини шакллантириш бўйича амалга оширилган ислоҳотлар фонида Миллий малакалар Халқаро даражадаги малакалар билан тенглаштирилиб, 8 та мос даража билан белгиланди.

    Профессионал таълимга касб стандартлари деган янги категория жорий этилди. Энг муҳими, давлатимиз раҳбари томонидан янги профессионал таълим тизими олдига бутунлай янги, замонавий мақсад ва вазифалар белгилаб берилди. Бу вазифа ёшларни даромад олишга ўргатишдан иборат бўлади. Чунки ҳаётнинг, тирикликнинг, тараққиётнинг манбаи — даромад. Камбағаллик ҳам даромад йўқлиги билан боғлиқ.

    Пул топишнинг эса иккита йўли бор: қонуний ва ноқонуний. Қонуний даромад қилиш учун, албатта, бирор турдаги маҳсулот, масалан, аграр соҳада бўлса, мева-сабзавот, сут, гўшт, асал, балиқ маҳсулотлари етиштириш ёки нимадир ишлаб чиқариш керак. Мисол учун, дурадгорлик орқали эшик-дераза, тикувчилик ортидан кийим-кечак ишлаб чиқариш ёки бирор хизмат кўрсатиш лозим. Даромад қилишнинг оддий алгоритми шу.

    Пировард натижада сифат ва самарага эришилса, яъни профессионал таълим дастурини тугатган битирувчи индивидуал тарзда даромад қилишни эплай олса, ҳеч қачон камбағаллик қопқонига тушмайди. Ҳар бир битирувчи якка тартибда муайян турдаги маҳсулот етиштириб, ишлаб чиқариб ёки хизмат кўрсатиб даромад топса, ялпи ички маҳсулотга ҳам ҳисса қўшади. Бу, сўзсиз, иқтисодий юксалишга олиб келади ва киши бошига тўғри келадиган ялпи ички маҳсулот индикатори бўйича Ўзбекистоннинг халқаро рейтингдаги кўрсаткичи ошишига хизмат қилади. Шу маънода, ёшларимизнинг қайси кўламдаги ёки турдаги бизнес субъектида ишлаши иккинчи даражали масала.

    Энг асосийси, у ёки бу маҳсулотни етиштириш, ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш учун битирувчилар унинг технологиясини билиши керак. Давлатимиз раҳбари томонидан янги профессионал таълимнинг олдига қўйилган функционал вазифа ҳам шу — ёшларга маҳсулот етиштириш, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш технологиясини ўргатишдан иборат. Бир сўз билан айтганда, бизга фарзандларимизни ўз имконияти ва иқтидоридан келиб чиқиб, муайян касб эгаси сифатида қонуний йўл билан даромад қилишга ўргатишнинг ягона механизми, тизими керак.

    Шу жиҳатлари билан профессионал таълим умумий ўрта ва олий таълимдан тубдан фарқ қилади. Шу кеча-кундузда барчамиз мамлакат миқёсидаги кичик, ўрта ва йирик бизнесни ривожлантириш, тадбиркорлик субъектлари фаолиятини қўллаб-қувватлаш соҳасида дадил қадамлар ташланаётганига гувоҳмиз.

    Биргина якка тадбиркорнинг мақоми оширилгани, 5 кишигача ёлланма ишчи ишлатишга ваколат берилгани, оилавий бизнес, томорқа бизнеси, кооперация тизими жорий этилиши, касаначилик механизми янги формат ва шаклларда ривожлантирилаётгани, меҳнат миграцияси соҳасидаги ислоҳотлар — буларнинг барчаси оддий одамларга даромад топиш учун яратилаётган улкан имконият. Хавфсиз, самарали, қонуний даромад топиш учун эса, албатта, муайян касбни пухта эгаллаш талаб этилади. Буларнинг барчаси муносиб касб, муносиб турмуш тарзи, муносиб меҳнат, фаровон ҳаёт ва буларни таъминловчи муносиб даромад тамойилларига таянади.

    Шунинг учун профессионал таълим тизимида таълим технологиялари, ўқитиш методикаси, методологияси ҳам ўзига хосликка эга. Президентимиз айнан шу масалаларни чуқур таҳлил қилган ҳолда, ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, жумладан, профессионал таълимни ривожлантириш жамғармасини ташкил этиш, ҳудудларда касб-ҳунар таълими кенгашлари фаолиятини йўлга қўйиш, олийгоҳларда ўқитилаётган айрим мутахассисликлар бўйича кадрларни техникумларда тайёрлаш, педагог-ўқитувчилар ойлик маошини кўтариш, дуал таълим асосида ўқувчиларнинг ўқиш жараёнида ишлаши учун шарт-шароит яратиш каби қатор масалалар юзасидан зарур кўрсатмалар берди.

    Бу саъй-ҳаракатларнинг барчаси келгусида профессионал таълим тизимини иқтисодиётни ҳаракатлантирувчи асосий кучга айлантириши, пировардида касб-ҳунар ўргатадиган муассасалар мамлакат иқтисодиётини юксалтириш учун зарур билим, малака, кўникма ва компетенцияларни шакллантирадиган, эшиги барчага очиқ, такомиллаштирилган ва янги форматда ташкил этилган технологик марказлар сифатида фаолият юритишини таъминлашига шубҳа йўқ.

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates