Zara, Pull & Bear, Bershka компанияси Ўзбекистонда лойиҳаларни амалга оширмоқчи

    Бизнес 10 июн 2022 1450

    Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигида Испаниянинг INDITEX компаниясининг Ижтимоий барқарорлик дирекцияси вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди.

    Маълумот учун: умумий қиймати 20 миллиард долларга яқин активларни бошқарадиган INDITEX компанияси таркибига ZARA, Bershka, Massimo Dutti, Pull&Bear ва бошқа энг машҳур тўқимачилик брендлари киради.

    Учрашув чоғида сўнгги йилларда Ўзбекистонда тўқимачилик саноатида амалга оширилаётган ислоҳотлар, жумладан, пахтани етиштириш ва қайта ишлашга янги «Кластер» ёндашувини жорий этиш, пахтани етиштириш ва ҳосилини йиғишда болалар ва мажбурий меҳнатга барҳам бериш, eco-friendly кийимларни ишлаб чиқарувчи саноат корхоналарини давлат томонидан тизимли равишда қўллаб-қувватлаш, Ўзбекистон Европа Иттифоқининг «GSP+» Преференциялар бош тизимининг бенефициари мақомини олгани, шунингдек, Cotton Campaign Халқаро коалицияси томонидан ўзбек пахтасига эълон қилинган бойкот бекор қилингани ҳақида сўз борди. Томонлар мамлакатда бизнесни қўллаб-қувватлаш бўйича самарали чора-тадбирлар, тадбиркорликни ривожлантириш имкониятлари, шунингдек, Ўзбекистонда компаниянинг инвестициявий портфелини кенгайтириш истиқболларини ҳар томонлама кўриб чиқдилар.

    Учрашув давомида компания вакилларига тўқимачилик соҳасидаги ўзбек корхоналарини жаҳон миқёсидаги ишлаб чиқариш ва таъминот занжирларига жалб этиш имкониятлари, Ўзбекистонда фаолият кўрсатаётган тўқимачилик компаниялари ва пахта-тўқимачилик кластерларининг салоҳиятини юксалтиришга қаратилган чоралар, тармоқ корхоналарида ишчилар учун меҳнат шароитларини яхшилаш ва ишлаб чиқариш жараёнларининг атроф-муҳит ва истеъмолчиларга зарарли таъсирини камайтириш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар тўғрисида маълумот берилди.

    Учрашув иштирокчилари қўшма лойиҳаларни амалга оширишни назарда тутган ҳолда Ўзбекистонда компания фаолиятини йўлга қўйиш истиқболларини батафсил муҳокама қилдилар. Тўқимачилик саноати корхоналарининг салоҳиятини ўрганиш, бозор имкониятларини баҳолаш ҳамда амалий ҳамкорликнинг бошқа жиҳатлари устида иш олиб бориш ҳам режалаштирилди, деб хабар беради Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги матбуот хизмати.

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates