Зарбдорда катта кураш байрами бўлади

    Унда мутлоқ вазн тоифалари ғолибларини автомобиллар кутмоқда.

    Президентимизнинг 2020 йил 4 ноябрдаги “Кураш миллий спорт турини ривожлантириш ва унинг халқаро нуфузини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш ҳамда 9 май – Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан жорий йил 13-14 май кунлари Жиззах вилояти Зарбдор туманидаги марказий стадионда кураш ва белбоғли кураш бўйича “Полвонлари кўп юрт — қудратли бўлур” шиори остида хотира турнири бўлиб ўтади.

    Жиззах вилояти ҳокимлиги, вилоят прокуратураси ташаббуси ҳамда Спортни ривожлантириш вазирлиги, Белбоғли кураш ва Кураш федерациялари, шунингдек, қатор ташкилотлар ҳамкорлигида ўтказиладиган мазкур турнирда кураш спорт тури бўйича эркаклар -60, -66, -73, -81, -90, +90 кг. вазн тоифасида куч синашса, белбоғли кураш бўйича -55, -60, -66, -73, -81, -90, -100, +100 кг. вазн тоифасида беллашади. Аёллар эса кураш бўйича -48, -52, -57 кг. вазн тоифасида гиламга чиқади.

    Шунингдек, ҳар иккала спорт тури бўйича эркаклар мутлоқ вазнда ҳам ғолиблик учун кураш тушади. Кураш ва белбоғли кураш бўйича ҳар бир вазн тоифасида биринчи ўринни қўлга киритган полвонлар 5 миллион сўмдан, иккинчи ўринни қўлга киритган полвонлар 3 миллион сўмдан, иккита учинчи ўринни қўлга киритган полвонлар 1,5 миллион сўмдан, мутлоқ вазнда ғолиб бўлган спортчиларга 2 та автомобиль, иккинчи ўринни қўлга киритган полвонларга 30 миллион сўмдан ҳамда учинчи ўринни банд этган курашчилар 10 миллион сўмдан пул мукофотига эга бўлади.

    Илҳом Раҳмонов