Зойир Мирзаев Татаристон Республикаси Президентининг ёрдамчиси Газинур Бакиров билан учрашди

    Дўстона руҳда ўтган мулоқот давомида Россия Федерацияси ва Ўзбекистон Республикаси ўртасидаги ҳудудлараро муносабатларни ривожлантириш доирасида Татаристон Республикасининг Тошкент вилояти билан ўзаро манфаатли ҳамкорлик алоқалари ҳолати ва истиқболлари муҳокама қилинди.

    Айтиш жоизки, ўзаро манфаатли ҳамкорлик 2018 йил май ойида имзоланган Татаристон Республикаси ҳукумати ва Тошкент вилояти ҳокимлиги ўртасида савдо-иқтисодий, илмий-техникавий, ижтимоий ва маданий соҳаларда халқаро ва ташқи иқтисодий алоқаларни амалга ошириш бўйича ҳамкорлик тўғрисидаги битимга асосланади.

    Хусусан, мазкур битим доирасида белгилаб олинган ишларни амалий амалга ошириш мақсадида Тошкент вилоятида Татаристоннинг «Химград» технополиси билан ҳамкорликда «Чирчиқ» кимё-индустриал технопарки ташкил этилди.

    Мулоқотда Тошкент вилоятининг ишлаб чиқариш ва ресурс салоҳиятидан самарали фойдаланишни таъминлаш орқали маҳсулот экспорти ҳажмини ошириш, ҳудудларда ишлаб чиқаришни кенгайтириш юзасидан зарурий фикрлар билдирилди.

    Учрашувда томонлар манфаатли ва истиқболли лойиҳаларни иқтисодиётнинг бошқа соҳаларида ҳам кенг амалга ошириш юзасидан галдаги вазифаларни келишиб олдилар.

    Тошкент вилояти ҳокимлиги

    Ахборот хизмати