Делегация аъзолари Ўзбекистоннинг Япониядаги элчихонасида учрашув ўтказди. Тадбирда Токио университети япон тили ўқитувчиси, асли ўзбекистонлик Феруза Норматова “Япония мактаб таълими” мавзусида маъруза қилди. Суҳбат давомида япон таълим методикаси ва унинг ўзига хос жиҳатлари юзасидан фикр алмашилди.
Шунингдек, делегация аъзолари “Япония – Ўзбекистон” дўстлик жамиятининг умумий йиғилишида иштирок этиб, мамлакатимизда таълим соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳамда халқаро тажрибаларни ўрганиш бўйича маърузалар тинглади.
Фарғона вилояти мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғи Шерзод Долимов таъкидлашича, Япония таълим тизимида ахлоқий тарбия, ўқувчиларнинг мустақиллиги, меҳнатга ҳурмат ва мактаб-оила ҳамкорлигига алоҳида эътибор қаратилади.
Педагогларнинг фикрича, мазкур тажриба Ўзбекистон таълим тизимида амалга оширилаётган ислоҳотларни янада такомиллаштириш ва ўқувчилар тарбияси самарадорлигини оширишга хизмат қилади.