Бир ойда таваллуд топган икки улуғ мутафаккир

    Фикр 15 феврал 2025 1364

    Бу ой элимиз тарихи зарварақларида олтин ҳарфлар билан ёзиб қўйишга лойиқ ой.

    Февраль ойи элимиз учун қишдан баҳорга ўтиш ойи сифатида барчамизга қадрли. Ерларга ишлов берамиз, ниҳол қуриш, мавжуд боғларни парваришлаш жараёни кечади. Бу яшаш тарзимиз билан боғлиқ фаолиятдир. Аммо бу ой элимизнинг маънавий-маърифий дунёси учун бебаҳо ой: ўзбек адабий тилининг асосчиси, туркий хамсачиликда ягона бўлиб турган беш достоннинг муаллифи, жаҳон шоирлари орасида бетакрори бўлган ҳазрат Алишер Навоий айнан шу ойда таваллуд топганлар. Худди шу ойда забт этган ерларида севимли бўла билган, дунёни саркардалик салоҳияти билан лол қолдирган, ақлан шоҳ, қалбан етук шоир ҳисобланган Заҳириддин Муҳаммад Бобур дунёга келган. Бу ой элимиз тарихи зарварақларида олтин ҳарфлар билан ёзиб қўйишга лойиқ ой.

    Агар Алишер Навоийнинг улуғ мероси дунё тилларига мукаммал таржима қилинганда, бунинг иложи бўлганда, эҳтимол, буюк шоир дунёнинг икки шоиридан бири эканини башарият англарди. Ижодий меросининг ҳажми ҳам, маънавий-маърифий жиҳатдан юксаклиги ҳам шу қадар беқиёски, башарият ҳайратда. Ҳазрат учун одам кўнгли ҳамма яратиқлардан улуғи, Замин Ватан каби муқаддасдир. “Ҳайрат ул-аброр”да шоир Каъбани таъриф қилар экан, инсон кўнглини Аллоҳнинг уйи деб ҳисоблайди. Бунинг учун кўнгил пок ва ғуборсиз бўлиши лозимлигини таъкидлайди:

    Каъбаки, оламнинг ўлуб қибласи,

    Қадри йўқ андоқки кўнгул каъбаси.

    Фахрки, Бухорои шарифимиз Алишер Навоий учун ҳам муқаддас тупроқ ҳисобланган. Ҳазрат Хожа Баҳоуддин Нақшбанд ҳақларида ёзар эканлар, нақшбандийлик тариқатини алоҳида эъзозлаганлари намоён бўлади. Хожа Баҳоуддин Нақшбанднинг зиёратларига шоҳлар келиб, қуллуқ қилганини ифодалайдилар:

    Юз қўюбон қуллуғиға шоҳлар,

    Базмида бехуд ўлуб огоҳлар,

    Навоий ҳазратлари кўплаб тариқатларни ўрганганлари ҳолда нақшбандийлик тариқатига амал қилишни маъқул билганлар. Бу тариқат инсонпарварлиги билан, комилликни тарғиб қилиши билан бетакрордир. Зотан, Алишер Навоийнинг Фарҳод образи барчамиз учун комиллик тимсолидир.

    Улуғ шоиримиз геометрия, математика каби илмлардан, тирандозлик, камонбозлик ҳарбийлигидан хабардорлиги ёрдамида Фарҳоднинг тилсимларни ечганини тасвирлайди. Фарҳод қайта-қайта хазина топади, аммо бойликка асир бўлмайди. У илмли, ҳунарли, дедик. Уч ҳунарда моҳир Фарҳод

    Ҳунарни асрабон неткумдир охир,

    Олиб туфроққами кеткумдир охир, дейди ва “Наҳрулҳаёт” ариғини қазиб, “Баҳруннажот” ҳовузига сув келтиради. Устози Монийдан ўрганган наққошлигини ҳам, Бонийдан ўрганган меъмор, яъни архитекторлигини ҳам, Қорандан ўрганган тошйўнарлигини ҳам ишга солади. Инсонпарварлик ғоясини қаранг: отаси Хитой тахтини берса, рад этиб, ўзга халқ учун сув келтиради.

    Ҳазрат Навоий фарзандга ҳам илм, ҳам ҳунар ўргатиш лозимлигини уқтирганлар. Бугунки кунда Президентимиз айнан шу фикрни давлат сиёсати даражасига кўтарганлари саодатимиз. Чунки инсон илми билан ҳунарини ривожлантириши, ҳунари кўмагида илм олиш учун имкониятлар очиши мумкин. Ўзбекистон ёшлари ҳам ҳунарли, ҳам илмли бўлса, нафақат Ватанимизни, балки дунёни обод айлайди. Аслида ҳам шундай. Боболаримиз ҳунар ва илмни бирдай ўрганиб, керак бўлса, авлиё мақомига етганлар. Ҳожа Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратларининг ҳаёт йўллари бунга мисолдир.

    Алишер Навоий улуғ шоир, буюк олим, она тилимизнинг буюк асосчиси, дунё тан олган давлат арбоби, тинчлик ҳимоячиси сифатида 584 ўтибди ҳамки кекса-ёшга бирдай ўгит бериб келади. Бобокалон шоиримиз шундай дейдилар:

    Менга қилса юз жафо, бир қатла фарёд айламон,

    Елга қилса бир жафо, юз қатла фарёд айларам.

    Ҳар бир асарида инсонпарварликни, ватанпарварликни, эркни куйлаган, ер юзини бир яхлит Ватан деб билган, умр бўйи тинчлик учун жонини тиккан, инсониятга улуғ асарларини мерос қолдирган Алишер Навоий нафақат ўзбекнинг, бутун инсониятнинг фахридир. Унинг асарларини ўрганмай туриб, ўзбек ҳам, одам ҳам бўлиб билмаймиз! Ўзбек номи дунё тамаддунида Алишер Навоий номи билан биргаликда айтилади, буни унутишга ҳеч биримиз ҳақли эмасмиз!

    Бобур шахси эса ғуруримиз, шижоатимиз, шонимизни таъминлаб, жаҳон тарихининг ёрқин саҳифаларида зикр этилганича яшаб келаверади. Чунки дунё нафақат машҳур саркарда, балки одил подшоҳ сифатида улуғ бобурийлар сулоласининг асосчиси деб эъзозлаб келиши ҳеч кимга сир эмас. Асрлардирки, унинг ижодини, фаолиятини ўрганади, ижодини севиб мутолаа қилади. Ахир ўзбек мумтоз насрининг нодир намунаси бўлиб келаётган “Бобурнома” Ватанимиз тарихидан таълим ва сабоқ бериб келади. Қомусий асар сифатида тарихчи, адабиётшунос, фольклоршунос, этнограф, географ, тилшуносга муҳим манба бўлиб хизмат қилади. Асарни ўқиган китобхон Бобур оёғи етган ҳар бир ҳудуднинг табиатини, иқлимини, наботот оламини назардан ўтказади. Қатор тарихий шахсларнинг фаолиятидан, феъл-атворидан хабардор бўлади. “Бобурнома” ҳар бир соҳа олими ўқиб чиқиша шарт бўлган китоб.

    Бобур шеърияти нафислиги, мавзу ва ғоясига кўра халқчиллиги билан ҳар биримизга сабоқ, руҳиятимиз тарбиятида муҳим манбадир. У қолдирган яна бир ўгит шуки, Ватан ҳажри ҳамма қийинчиликлардан қийинидир. Улуғ шоир, улкан олим, машҳур саркарда қисмати Ватан ҳамма нарсадан зарури эканини ёшларга англатишимиз учун доимо кўмакка келади.

    Бу фикрларни ёш авлодга англатиш учун китобхонлик ва яна китобхонлик зарур. Навоийхонлик, бобурхонлик китобхонликнинг гўзал ва муҳим йўналиши экан, биз бу жараённи йил бўйи давом эттирамиз. Бухоро давлат педагогика институтининг Тиллар факультети бошлаб берган маънавий-маърифий тадбирлар барча факультетлар бўйлаб давом этди, давом этмоқда. Шеърхонликлар, савол-жавоблар, иншолар, аудиороликлар, видеороликлар танловлари институт фаоллар залида ўтказилган маънавий-маърифий тадбир орқали давом этди. Алишер Навоий ғазаллари, рубоийлари, қитъалари, туюқлари профессор-ўқитувчилар, магистрлар, талабалар ижросида жаранглади. Толибу талабалар Алишер Навоий, Фарҳод, Ширин, Мажнун, Лайли, Доро, Искандар сингари образлар қиёфасини саҳнада гавдалантириб бердилар. Ҳазрат ғазаллари асосида қўшиқлар куйланди. Гўзал таассурот берган, хотиримизда муҳрланган навоийхонлик турли кўринишларда давом этар экан, бобурхонликка уланиб кетди.

    Б.Б.Маъмуров,

    Бухоро давлат педагогика институти ректори,

    педагогика фанлари доктори, профессор.

    No date selected
    декабр, 2025
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates