Малайзиянинг Куала-Лумпур шаҳрида Осиё Футбол Конфедерациясининг 35-Конгресси бўлиб ўтди. Унда ОФК Ижроия Қўмитасининг Марказий Осиё минтақаси вакили, ЎФА биринчи вице-президенти Равшан Ирматов бошчилигидаги Ўзбекистон футбол ассоциацияси делегацияси ҳам иштирок этди.
Тадбирда ОФК Президенти Шайх Салмон бин Иброҳим Ал Халифа конфедерацияга аъзо миллий ва минтақавий ассоциацияларни янада ривожлантириш ва Осиё футболининг келажаги ҳақида ўз фикрларини билдирди.
«Биз Осиё футболини янада кучлироқ ривожлантиришга қаратилган янги лойиҳалар ва ўзгаришларни амалга оширмоқдамиз. Ушбу йўналишлар ва ҳамкорликлар Осиё футболининг мустаҳкам пойдеворини яратишда муҳим ўрин тутади. Клублар ва миллий жамоалар орасидаги ҳамкорликни кучайтириш, шунингдек, минтақавий мусобақалар орқали футболни халқаро майдонда янада ривожлантиришни режалаштиряпмиз,» — деди ОФК президенти.
Конгресс давомида 2031 йилги Осиё Кубоги мезбонлиги учун 7 та номзодлар томонидан ариза берилгани таъкидланди.
Булар қуйидагилар:
- Австралия
- Ҳиндистон
- Индонезия
- Жанубий Корея
- Кувайт
- БАА
- Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғиз Республикаси (қўшма ариза).
«2031 йилги Осиё Кубоги учун рекорд миқдордаги давлатлар ариза берди, бу Осиё футболининг глобал майдондаги аҳамиятини янада оширади,» — дея қўшимча қилди Шайх Салмон.
ОФК раҳбари, шунингдек, Фаластин, Мянма ва Таиландда юз берган табиий офатлар туфайли жабр кўрганларга ҳамдардлик билдирди. Конгресс давомида, шунингдек, кун тартибидаги бошқа масалалар ва ташкилотнинг ҳисоботлари тасдиқланди.