Баҳорнинг илк нафаси, янгиланиш ва эзгулик рамзи бўлган ушбу байрам университет ҳудудида ўзига хос шукуҳ, қувонч ва миллий руҳ билан ўтди. Ранг-баранг чиқишлар, миллий таомлар, куй-қўшиқлар ва халқ ўйинлари байрамга алоҳида файз бағишлади.
Андижон давлат университетида «Наврўзни улуғлаш – инсонни улуғлашдир!» шиори остида ўтказилган тадбирда профессор-ўқитувчилар, талаба-ёшлар ҳамда меҳмонлар фаол иштирок этди.
Байрамда университет ректори Бахтиёржон Акбаралиев йиғилганларни олийгоҳ жамоаси номидан самимий муборакбод этди.
Тадбир давомида сўзга чиққанлар мамлакатимизда таълим тизимини модернизация қилиш, уни замонавий талаблар ва халқаро стандартлар асосида ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар, айниқса, олий таълим соҳасига қаратилаётган эътибор ва талаба-ёшлар учун яратилаётган имкониятларга алоҳида тўхталди.
Шундан сўнг «Наврўзни улуғлаш – инсонни улуғлашдир!» шиори остида театрлаштирилган концерт дастури намойиш этилди. Унда университет талабалари ҳамда маданият ходимлари томонидан турли миллий урф-одатлар ва анъаналар акс эттирилган саҳна кўринишлари, қўшиқ ва рақслар ижро этилди.
Наврўз сайли иштирокчиларга кўтаринки кайфият улашиб, миллий қадриятларимизни яна бир бор намоён этди.