Кадастр агентлиги маълумотига кўра, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан тақдим этилган таклифлар умумлаштирилган. Натижада 2027 йилда хатлов ўтказиладиган маҳаллаларнинг режа-жадвали тасдиқланган.

Фуқаролар келгуси йилда қайси маҳаллаларда хатлов ўтказилишини Кадастр агентлигининг etirof.kadastr.uz ахборот тизими орқали билиб олишлари мумкин.

2026 йил 8 октябрь ҳолатига республика бўйича 1 миллион 858 минг 485 та кўчмас мулк объекти уйма-уй юриб хатловдан ўтказилган. Шундан 1 миллион 552 минг 207 та объектда хатлов ишлари тўлиқ якунланган. Жараёнларга 5 мингга яқин кадастр мутахассиси жалб қилинган.

Айни пайтда 156 минг 73 та объект бўйича тўловлар кутилмоқда. Яна 55 минг 114 та объект бўйича халқ депутатлари Кенгашларининг қарорларини қабул қилиш жараёни давом этмоқда.

Кадастр агентлиги маълумотига кўра, 2026 йил 8 октябрь ҳолатига аввал уй-жойи ёки ерига нисбатан ҳуқуқни тасдиқловчи ҳужжатлари бўлмаган 218 минг 850 нафар фуқаронинг мулкий ҳуқуқлари эътироф этилган.

Мулкий ҳуқуқларни эътироф этиш тартибига ҳам ўзгартиришлар киритилган. Жумладан, ер ва мол-мулк солиғи бўйича қарздорлиги базавий ҳисоблаш миқдорининг 30 бараваригача бўлган фуқароларга ҳам ҳуқуқларини эътироф этиш имконияти яратилган. Умумий хатлов ва ҳужжатларни кўриб чиқиш муддатлари 150 кундан 50 кунгача қисқартирилган.

Шунингдек, белгиланган тўловнинг 50 фоизини 20 кун ичида тўлаган шахс қолган қисмини тўлашдан озод этилиши назарда тутилган. Агар ер участкаси ёки бино-иншоотнинг фақат бир қисми тақиқланган ҳудудда жойлашган бўлса, тақиқланган қисмни чиқариб ташлаган ҳолда қолган қисмига бўлган ҳуқуқни эътироф этиш масаласи қайта кўриб чиқилиши мумкин. Ҳуқуқ эътироф этилганидан кейин фуқароларни автоматик равишда хабардор қилиш тизими ҳам жорий этилган.