Жамият матбуот хизмати маълум қилишича, бошқарув топшириғига мувофиқ Ички аудит хизмати ҳамда Комплаенс назорати хизмати томонидан Андижон ва Самарқанд филиалларида электр энергияси ҳисоблагичларининг истеъмолчиларга қонунчилик талаблари асосида ўрнатилиши юзасидан ўрганишлар олиб борилмоқда.

Ўрганишлар давомида Андижон филиалида истеъмолчиларга электр ҳисоблагичларини ўрнатиш жараёнида қонунбузилиш ҳолатлари, шунингдек, ҳисоблагичлар камомади аниқланган.

Ушбу ҳолатлар юзасидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга тегишли тартибда хабар берилган. Натижада қонунбузарлик содир этганликда гумон қилинаётган 12 нафар ходимга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, уларга нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилган.

Маълум қилинишича, айни пайтда жамиятга етказилган зарарни қоплаш бўйича тегишли чоралар кўрилмоқда.

Шунингдек, ўрганишлар давомида Самарқанд вилоятининг Самарқанд шаҳар бўлинмасида ҳам электр ҳисоблагичлари жамият маблағлари ҳисобидан ноқонуний равишда ўрнатилгани аниқланган. Мазкур ҳолат юзасидан ҳам ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга хабар берилган бўлиб, етказилган зарарни қоплаш ишлари олиб борилмоқда.

«Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ маълумотига кўра, Самарқанд вилоятининг бошқа шаҳар ва туманларида ҳам электр ҳисоблагичларини ўрнатиш жараёнларининг қонунчилик талабларига мувофиқлиги ҳамда маблағлардан мақсадли ва самарали фойдаланилиши юзасидан ўрганишлар давом этмоқда.