Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ушбу саволларга муносабат билдириб, 5 миллион тоннадан ортиқ ҳосил йиғилгани барча далаларда терим якунланганини англатмаслигини таъкидлади.

Вазирлик маълумотларига кўра, 13 ноябрь ҳолатига мавсум бошидан буён 5 миллион 47 минг 95 тонна пахта тайёрланган. Бу белгиланган 4,5 миллион тонналик шартномавий ҳажмнинг 112,2 фоизини ташкил этади. Шу куни кунлик ҳисоботда яна 2 минг 899 тонна пахта қайд этилган.

Айрим далаларда пахта қолиб кетгани ҳосил ҳисоботига шубҳа туғдирадими?

Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеолавҳаларда айрим майдонларда ҳали пахта борлиги кўрсатилган. Бу эса республика бўйича эълон қилинган ҳосил кўрсаткичлари ҳаққонийлиги юзасидан саволларни келтириб чиқарган.

Вазирликнинг изоҳлашича, муайян санага қадар йиғилган жами ҳосил билан барча далаларда теримнинг якунланиши бир хил тушунча эмас. Мамлакат бўйича белгиланган маррага эришилгани ҳар бир майдонда терим тугаганини билдирмайди.

Жумладан, 12 октябрь ҳолатига 3,4 миллион тонна, 22 октябрда эса 4 миллион 630 минг тонна пахта йиғилгани маълум қилинган. Президентнинг 4 ноябрдаги табригида 5 миллион тоннадан зиёд ҳосил етиштирилгани эътироф этилган. 13 ноябрдаги ҳисоботда эса ушбу кўрсаткич 5 миллион 47 минг 95 тоннага етган.

Вазирлик Бухоро вилояти мисолида ҳам изоҳ берган. Унга кўра, ҳудудда мавсум бошидан 530 минг 677 тонна пахта тайёрланган. Бу дастлаб белгиланган 442 минг тонналик кўрсаткичдан 88 минг 677 тоннага кўп. Демак, 5 миллион тоннадан ошганидан кейин ҳам ҳудудларда пахта терими ва қабул қилиш жараёнлари давом этмоқда.

Нега айрим далаларда терим кечикмоқда?

Вазирлик ижтимоий тармоқларда тарқалган айрим видеолавҳаларда ғўза барглари ва кўсаклари ҳали яшил ҳолатда эканига ҳам эътибор қаратган.

Қайд этилишича, бу ғўзани эрта пишириш агротехнологиясига амал қилинмагани ёки чигит кеч экилгани билан боғлиқ бўлиши мумкин. Айрим майдонларда буғдойдан кейин такрорий экин сифатида пахта етиштирилгани ҳам инобатга олиниши лозим.

Хусусан, 11 ноябрда тасвирга олинган видеолавҳада ғўзада яшил кўсаклар ва барглар сақланиб қолгани кўринади. Вазирлик бу ҳолат ғўзанинг пишишини тезлаштириш ва дефолиацияга оид агротехник тадбирлар ўз вақтида бажарилмаган бўлиши мумкинлигини билдирган. Бунда «Этефон» ва «Авгурон» препаратлари билан ишлов бериш ҳам муҳим аҳамиятга эга.

Вазирликнинг таъкидлашича, пахтачиликда юқори ҳосилдорликка эришиш бўйича саккизта муҳим қоида ишлаб чиқилиб, фермерларга етказилган. Бироқ агротехнологиялар ўз вақтида ва тўғри қўлланилгандагина самара беради.

Шу билан бирга, ҳаво ҳарорати ва ёғингарчилик шароити ёмонлашиши, оғир техникаларнинг далага кириши қийинлашиши ҳамда теримчилар етишмаслиги айрим майдонларда ҳосилни йиғиб олишни мураккаблаштирмоқда.

Пахта бир неча марта ҳисобга олиниши мумкинми?

Ижтимоий тармоқларда муҳокама қилинаётган яна бир масала — пахта ташувчи тиркамаларнинг тарозига бир неча марта кириши акс этган видеолавҳалардир. Айрим фойдаланувчилар бу ҳолатни пахта ҳажмини сунъий равишда кўпайтириш эҳтимоли билан боғламоқда.

Вазирликнинг тушунтиришича, бир тиркаманинг тарозига бир неча марта кирганини акс эттирувчи видео бир хил юк ёки пахта ҳажми ҳисобга такроран қўшилганини исботламайди. Қабул пунктига яқин далалардан ҳосил ташилганда транспорт воситаларининг қайта-қайта қатнашиши табиий ҳолат. Бунда ҳар бир юк алоҳида тортилади ва тегишли электрон ҳужжатлар расмийлаштирилади.

Маълум қилинишича, пахтани қабул қилиш ва ҳисобга олиш жараёни электрон тизимлар орқали юритилади. Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 9 сентябрдаги 573-сон қарори билан «Агротарози», «Ҳосил қабули» ва «АгроДокс» ахборот тизимлари орқали электрон ҳисоб юритиш тартиби жорий этилган.

Унга кўра, пахта ҳар бир экин майдонининг аниқ контур рақамига боғланган ҳолда қабул қилинади. Маҳсулот электрон тарозида реал вақт режимида тортилади, маълумотлар тегишли ахборот тизимларига киритилади.

Шунингдек, ҳар бир юк бўйича ПК-17 юк хати ва ҳисобварақ-фактура пахтани топширувчи ҳамда қабул қилувчининг электрон рақамли имзоси билан тасдиқланади. Ушбу ҳужжатлар маҳсулот миқдори, уни етказиб бериш ва молиявий ҳисоб-китобларни расмий қайд этишга хизмат қилади.

Вазирликнинг қайд этишича, электрон ҳужжатлар солиқ органларининг ахборот тизимларига ҳам узатилади. Расмийлаштирилган ҳисобварақ-фактуралар асосида териб олинган ҳар бир килограмм пахта учун давлат субсидияси ажратиш механизми ҳам амал қилади.

Фермерларнинг пахта пули билан боғлиқ мурожаатлари ҳам эътиборда

Вазирлик пахта учун ҳақ ва терим пули кечикаётгани ҳақидаги мурожаатларга ҳам муносабат билдирган.

Таъкидланишича, ҳар бир фермер топширган маҳсулоти, ҳар бир теримчи эса бажарган иши учун ўз вақтида ҳақ олиши муҳим. Бироқ ҳосил ҳажми ва тўлов интизоми алоҳида масалалар ҳисобланади.

Шунингдек, айрим фермерларнинг аввалги йиллардан тўпланган қарзлари мавжудлиги, уларнинг юқори ҳосилдорлик ҳисобига қарзларини босқичма-босқич қоплаётгани қайд этилган.

Вазирликнинг фикрича, муайян ҳудуддаги тўлов низоси республика бўйича тайёрланган умумий пахта ҳажмининг ҳаққонийлигини инкор этмайди. Шу билан бирга, умумий ҳосил кўрсаткичлари ҳам алоҳида хўжаликлардаги тўлов муаммоларини рад этмайди. Бундай ҳолатларнинг ҳар бири алоҳида ўрганилиши лозим.

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги пахта ҳисобига оид баҳсларда тахмин ва гумонлардан кўра, электрон қайдлар, расмий ҳужжатлар ва аниқ далилларга таяниш зарурлигини таъкидлаган.