Ҳар ким ўз баҳоси, талқини, танқиди ва таҳлилини билдирди.

Тўғри, ҳар ким ўз фикрини эркин айтиш ҳуқуқига эга. Аммо кўнглимни ранжитгани маломат сўзлари эди. Мазаммату таънага тўла постлар эди…

Шу ўринда масалага бошқа жиҳатдан қарашни таклиф этган бўлардим: мазкур ўйинда ҳисоб энг муҳими эмас. Зотан, биз учун айни дамда ўғлонларимизнинг Европа ва Америка футболи билан тенгма-тенг майдонга тушаётгани — энг катта ютуқ. Қолаверса, бу баҳс ҳал қилувчи вазият ҳам эмас. Яна халқимизда “ўйин боши” деган гаплар ҳам бор.

Наздимда, бугун маломат фурсати эмас, балки қўллаш, далда бериш пайти. Биз эса буни давлатимиз раҳбаридан ўрганишимиз керак. Айни шунга бир мисол келтирсам…

2025 йил 10 июнь куни Олий Мажлис Сенати вакили сифатида Москвада Пушкин китобхонлиги анъанавий тадбирида иштирок этдим. Кечқурун МДҲ давлатлари парламент аъзолари учун Россия Давлат Думаси қабул уюштирди. Бордик. Хорижлик ҳамкасблар билан суҳбатимиз авж олди. Аммо хаёлим Тошкентда эди. Чунки айни вақтда пойтахтимизда Ўзбекистон футболи тарихига олтин ҳарфлар билан ёзилган ўйин ҳам бўлиб ўтиши керак эди.

Интернет орқали ўйинни кузата бошладим. Матч бошлангач, майдонга шахсан Президентимиз қатор давлат ва ҳукуматлар раҳбарлари билан кириб келди. (Шу куни Тошкентда халқаро инвестиция форуми ҳам бўлиб ўтаётганди.)

Ёнимда Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистондан борган қардошлар ва Туркманистон элчихонаси масъул ходими бўлиб, улар ҳам, гарчи бу ўйингача жамоамиз мундиалга чиқиш масаласини ҳал қилиб қўйган бўлса-да, давлатимиз раҳбарининг шахсан ўзи бош бўлиб меҳмонларни стадионга олиб келганидан ҳайратда эди. Биласизми, ўша куни бу давранинг энг бахтли одамига, қаҳрамонига айландим десам ҳам бўлади. Ўйин 3:0 ҳисобида жамоамиз ғалабаси билан якунланди.

Беҳад шод эдим. “Ўртоқлар, Ўзбекистон терма жамоаси жаҳон чемпионатида қатнашадиган бўлди, мени табрикланг”, дедим ғурур билан. Қарсаклар ва олқишлар янгради. Ёнимдаги қардош ҳамкасбларимизнинг ҳам юзи қувончдан порларди. Улар учун Ўзбекистоннинг бу ютуғи ўзлариники каби ёқимли, қувончли, қалбларга ғурур солган хушхабар бўлди.

Айтмоқчиманки, футбол бўйича терма жамоамизнинг ҳар бир ютуғи шахсан давлатимиз раҳбарининг иштироки, қўллови, хайрихоҳлиги билан боғланиб кетганини ҳеч ким инкор этмаса керак.

Яқинда футболчиларимизни АҚШга кузатиш учун Президентимиз қабули ташкил этилди ва унда давлатимиз раҳбари халқимизнинг дилидаги сўзни оталарча меҳр билан айтди: “Энди футболчиларга қарата айтмоқчиман: жаҳон чемпионатида осон ўйиннинг ўзи бўлмайди. Сизлар Португалия, Колумбия, Конго каби кучли терма жамоаларга қарши ўйнайсиз. Халқимиз ҳар бир ўйинда сизлардан ғалаба кутиши табиий, албатта. Лекин, бир ҳақиқатни доимо ёдда тутинг, сизлар тарихни аллақачон яратиб бўлдингиз!”.

Келинг, ҳиссиёту ҳаяжонга берилмай, ўзимизга савол берайлик: бугун маломат тошини отганимиздан не наф? Аксинча, футболчиларга далда берганимиз яхши эмасми?!

Ҳолбуки, ижтимоий тармоқларда қўшни давлатларнинг минглаб фуқаролари, дунёнинг бошқа минтақаларидаги қардош миллатлар вакилларининг “Биз Ўзбекистон терма жамоасига мухлислик қиламиз”, деган хайрихоҳ фикрларини кўряпмиз. Бундан ғурурга тўляпмиз.

Биз айнан ўзбек футболчилари баҳонасида қардошларимиз билан янада яқинлашмоқдамиз, бирлашмоқдамиз.

Мана ўғлонларимизнинг футболдан, ундаги эришилажак ғалабадан-да аҳамияти баланд бўлган ютуғи! Шундай эмасми?

Яна бир гап. 23 июнь куни бўладиган ўйинда афсонавий Криштиану Роналду майдонга тушади. Унинг жамоасига қарши бизнинг мард ва жасур ўғлонларимиз тўп суради. Ўша майдонда эса юз миллионлаб одам кўз ўнгида Ўзбекистон байроғи ҳилпираб туради. Яна ўша куни Абдуқодир Ҳусановни танийдиган миллионлаб мухлислар бу иродали ва жасур ўғлоннинг асли қайси миллат фарзанди эканини кўради, уни янада яқиндан танийди. Элдор Шомуродов, Аббосбек Файзуллаевнинг яна юз минглаб ишқибози ҳам айнан бизнинг терма жамоамизга мухлис бўлиши тайин.

Аминманки, Ҳусанов, Шомуродовлар сабаб жаҳон чемпионатида терма жамоамиз ўйинини кўплаб селекциячи мураббийлар ҳам жиддий кузатади, ёш йигитларимиз орасида кашф этиладиганлари ҳам топилади. Мана, юртимиз футболи учун, Ватанимизнинг дунё саҳнидаги нуфузи учун қандай муҳим бу жараён!

Сўзим аввалида айтганимдек, бугунги футболда биз учун, миллат учун нима муҳимлигини яна бир бор тушуниб олайлик. Шундай пайтда биз учун муҳими жамоамизни руҳан қўллаб-қувватлашдир. Улар ҳам ғалаба учун борган. Улар майдонга ор учун, миллат ва халқ шаъни учун тушмоқда. Улар ҳам Ватанимизни сизу биздек яхши кўради. Аммо майдон текис, тўп юмалоқ. Қаршиларида эса дунёнинг манаман деган футболчилари.

Шундай пайтда нуфуси қарийб 40 миллионлик жонажон Ўзбекистони — Ватанидан келадиган ҳар бир далда уларга қувват бўлади.

Ҳусан ЭРМАТОВ,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган

журналист, сенатор