Шу билан бирга, вилоятимизда иш ўринларига талаб юқори, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш масаласи долзарб. Маҳаллаларда ижтимоий муаммоларни жойида ҳал қилиш талаб этилади.

Бу борада давлатимиз раҳбари томо­нидан кейинги 8 йилда чиқарилган қарийб 1700 ҳужжат (фармон, қарор, фармойиш ва баён) доирасида Қашқадарё вилояти бўйича 16 мингга яқин топшириқ берил­ган. “Ijro.gov.uz” тизими орқали ҳар бир топшириқ ижроси назоратга олинган.

Ушбу тизимнинг жорий этилиши топ­шириқнинг ижросини муддати тугамай, жараёнда таъминлаш, муаммо бўйича амалий ёрдам кўрсатиш имконини бериш баробарида аҳоли фаровонлиги ва турмуш даражасини оширишга хизмат қилмоқда.

Ўтган йили 776 маҳаллада “маҳалла ет­тилиги” аъзолари 120,5 мингга яқин муаммо ва мурожаатни кўриб чиқди. Уларнинг 91 фоизи маҳалланинг ўзида ҳал этилди.

Аҳоли фаровонлиги. Президентимиз­нинг Олий Мажлис ва юртдошларимизга Мурожаатномасида қайд этилганидек, маҳалла тинч ва аҳил бўлса, жамиятимиз тинч ва ҳамжиҳат бўлади. Маҳалла ривожланса, бутун мамлакатимиз юксалади. Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йилида маҳаллаларни меҳр-оқибат, ҳамжиҳатлик, тарбия ва энг муҳими, адолат масканига айлантириш йўналишидаги фаолиятимиз кўлами янада кенгаяди.

Биргина аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш йўналиши бўйича воҳамизда тизимли ишлар қилин­моқда. Асосий мақсадимиз — одамларни доимий даромадли қилиш.

2025 йилда 518 минг кишини даромадли меҳнат билан банд қилиш режалаштирилган эди. Амалда 578 минг фуқаронинг бандлиги таъминланди ва бу жиҳат солиқ базасида ўз аксини топди. Шу орқали ишсизлик даражаси 4,9 фоизга туширилди. Ишсиз ва иш қидираёт­ган 30 мингга яқин фуқаро касб-ҳунар ва тад­биркорлик йўналишида ўқитилди. Бу борада белгиланган режа 128 фоиз бажарилди.

Ўтган йили “Бир контур — бир маҳсу­лот” тамойили асосида 1061 гектарда юқори даромадли ва экспортбоп қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш бўйича 93 та лойиҳа амалга оширилди.

Вилоятда жорий йил 507 минг кишини доимий ишга жойлаштириш, даромадини ошириш ва яширин иш ўринларини соядан чиқариш бўйича соҳалар, йўналишлар кеси­мида режалар ишлаб чиқилган.

2025 йилда вилоятда 32 минг 880 оила­ни камбағалликдан чиқариш белгиланган эди. 167 мингта оиланинг турмуш шароити ўрганилиб, уларнинг 87 мингтаси камбағал оилалар реестрига киритилди. Шунингдек, 61 минг 800 оилага барқарор бандлик йўна­лишида қарийб 111,5 мингта хизмат кўрса­тилди.

Реестрда турган 53,5 мингдан ортиқ оила аъзолари камбағалликдан чиқарилди. Кам­бағаллик даражаси 9,6 фоиздан 6,5 фоизга туширилди. Вилоятдаги 60 та маҳалла кам­бағалликдан холи ҳудудга айлантирилди.

“Камбағалликдан фаровонлик сари” дастури доирасида вилоятдаги 1414 раҳ­барга 7070 та камбағал оила бириктирилди. Мазкур оилаларга 10 минг 600 бошга яқин чорва, парранда, озиқ-овқат маҳсулотлари, дарахт кўчатлари, кийим-кечак етказиб бе­рилди ҳамда уй-жойини таъмирлаши учун ҳомийлик ёрдами кўрсатилди.

Давлатимиз раҳбарининг ўтган йили 19-20 июнь кунлари вилоятимизга ташрифи давомида берган топшириқлари асосида аҳо­ли бандлигини таъминлаш ва камбағаллик­ни қисқартириш бўйича Қамаши тажрибаси ишлаб чиқилди. Натижада 28 мингга яқин камбағал оила, маҳалла раиси ва банк ўрта­сида уч томонлама шартномалар тузилди ва хизматлар бириктирилди. 90 та оғир маҳал­ланинг инфратузилмасини яхшилаш учун 300 миллиард сўм маблағ ажратилди.

2026 йилда маҳаллаларда лойиҳавий ёндашув асосида “Бир маҳалла — бир маҳсулот” тамойили асосида юқори даро­мадли экспортбоп маҳсулотлар етиштирув­чи маҳаллалар сони 195 тага етказилади. Шундан 36 та маҳаллада қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришда аҳоли кў­никмаларини ошириш учун уста-деҳқонлар ёлланади. Ихтисослашувидан келиб чиқиб 12 та маҳаллада намунали томорқалар таш­кил этилади. 18 та маҳаллада аҳоли томорқа­сидаги энг намунали ва инновацион лойиҳа­лар учун грант ажратилади.

Камбағалликни қисқартиришга қара­тилган хизматлар билан 21 минг 628 оила қамраб олинади. Йил якунигача камбағаллик даражаси 3,3 фоиз қисқартирилади.

Бу вазифаларни бажариш учун имконият ҳам, маблағ ҳам, қарорлар ҳам ва уларни на­зорат қиладиган мукаммал ижро тизими ҳам мавжуд. Фақат қатъий интизом, масъулият ва шахсий жавобгарликни йўлга қўйиб, виждо­нан ишлаш зарур.

Бунёдкорлик. Янгиланаётган Ўзбекисто­нимиз тобора юксалиб бораётган улкан имо­ратга ўхшайди. Бу бинога биттагина бўлса ҳам ғишт қўя олишнинг ўзи жуда катта бахт!

Бугунги Қашқадарё улкан бунёдкорлик майдонига айланган. Қурувчиларимиз азму шижоати билан шаҳару қишлоқларимиз қиё­фаси кун сайин чирой очмоқда, янги бино ва иншоотлар, йўллар, кўприклар, инфратузил­ма объектлари бунёд этилмоқда.

Ўтган йили вилоятимизда 7700 хонадон­ли 176 та кўп қаватли уй-жой қуриш белги­ланган эди. Амалда 8062 хонадонли 208 та уй-жой фойдаланишга топширилди. Жорий йилги уй-жой дастури бўйича 7510 хонадон­ли кўп қаватли уй-жойлар қурилиши мўл­жалланмоқда.

Ижтимоий ва ишлаб чиқариш дасту­ри доирасида 931 миллиард сўм маблағ ўзлаштириш ҳисобига 133 та объектда қу­рилиш ишлари якунланиб, фойдаланишга топширилди. Жорий йилда мазкур дастур доирасида 1 триллион 200 миллиард сўм маблағ ўзлаштириш, 163 та объектда қури­лиш-таъмирлаш ишларини бажариш кўзда тутилмоқда.

Транспорт соҳасида аҳолига кўплаб қу­лайликлар яратилмоқда. Жумладан, 2025 йилда замонавий 26 та шаҳар йўловчи авто­буси ва 39 та микроавтобус харид қилиниб, йўналишларга қўйилди. Қарши автошоҳбекати қуриб битказилди, 65 та оралиқ бекат ўрнатилди ва реконструкция қилинди. Қар­ши ва Шаҳрисабз шаҳарларида 75 та оралиқ бекат қуриш ва реконструкция қилиш кўзда тутилган.

Жорий йилда яна 43 та автобус харид қи­линиб, йўналишларга қўйилди. Яна 100 дан ортиқ замонавий автобус ва 50 та микроавто­бус келтириш режалаштирилган.

2025 йилда вилоятимизда жами 1 трил­лион 674 миллиард сўмлик йўлсозлик ишла­ри бажарилди. 1391 километр автомобиль йўли ва 9 та кўприк реконструкция қилинди ҳамда таъмирланди. Жорий йилда тегишли давлат дастурлари асосида 573,1 миллиард сўм ҳисобидан 435,5 километр йўл таъмир­ланади ҳамда 27 та кўприк қайта қурилади.

Воҳамизда “Яшил макон” умуммиллий ҳаракати доирасида амалга оширилаёт­ган тадбирлар ҳудудларимиз кўркига кўрк қўшмоқда. Ўтган йили баҳор мавсумида 11 миллион 222 минг, кузда 10 миллион 364 минг туп мевали ва манзарали дарахт кў­чати экилди ҳамда “Яшил макон” платфор­масига киритилди. “Менинг боғим” лойиҳа­си доирасида 15 та яшил боғ ва 7 та “яшил” жамоат парки барпо этилди.

Вилоятда ўтган йили ичимлик сув таъ­минотини яхшилаш учун 39,8 миллиард сўм ўзлаштирилди. Президентимиз ташаббуси билан Қаршига Ҳисорак сувини келтириш бўйича улкан лойиҳага асос солинмоқда.

Туризм. Бугун меҳнаткаш халқимиз­нинг дунёқараши, онгу шуури, ҳаётга му­носабати, яшашга иштиёқи ўзгармоқда. Юртдошларимиз яхши ишлаган яхши дам олиши зарурлигини тобора кўп англаб, сў­лим табиат қўйнида мароқли ҳордиқ чиқа­риш ва саёҳатни жамоавий ҳамда оилавий анъанага айлантириб бораётгани бизни жуда қувонтиради.

Шуни инобатга олиб, “Мираки” МФЙ­даги 240 гектарли “Шаҳрисабз” туристик марказида умумий 1050 ўринга мўлжаллан­ган 2 та 3 юлдузли меҳмонхона, хостел ва савдо-кўнгилочар маркази ҳамда дор йўли, автотураргоҳ ва ресторан ишга туширилди.

Ўтган йили вилоятда 47 та жойлашти­риш воситаси ташкил этилиб, уларнинг уму­мий сони 406 тага етказилди. Бу кўрсаткич 2017 йилдагига нисбатан 25 карра ошган. 2026 йили 450 тага етказилади.

Шу билан бирга, Қамаши ва Китобда 3 та кемпинг, Шаҳрисабз ва Китоб туман­ларида 40 та капсула уйи тадбиркорлар то­монидан бунёд этилди. Яна 15 та туропера­торлик фаолияти йўлга қўйилиб, улар сони 66 тага етказилди. Жорий йилда яна 16 таси очилади.

Натижада вилоятга 3,6 миллион маҳал­лий, 604 минг хорижий турист жалб этилди. Туризм хизматлари экспорти 121 миллион долларга етди. Бу борадаги режа 118 фоиз бажарилди. 2026 йилда 3,7 миллион маҳал­лий, 620 минг хорижий турист сафари таш­кил этилиб, туризм экспорти қиймати 124 миллион долларга етказилади.

2024 йилда Шаҳрисабздаги “Мираки” МФЙга “Туризм маҳалла”си, ўтган йили Китобдаги Башир, Қайнар ва Шаҳрисабзда­ги Ғелон қишлоқларига “Туризм қишлоғи” мақоми берилди. Жорий йилда Китоб тума­нидаги Жайрахона ва Яккабоғ туманидаги Татар қишлоқлари “Туризм қишлоғи”га ай­лантирилади.

Қарши шаҳридаги Насаф кўчаси ва “Ва­танпарвар” боғи ҳудудида 24/7 режимда фаолият юритувчи 2 та кўча ташкил этил­ди. Жорий йилда бундай кўчалар сонини 12 тага етказиш режа қилинган. Туристлар сони ошиши натижасида Шаҳрисабз — Тош­кент йўналишидаги самолётлар ўтган йил­дан ҳафтасига 6 марта қатнамоқда.

Ўтган йили соҳада умумий қиймати 80 миллион долларлик 27 та инвестиция лойиҳаси ишга туширилди. Натижада туризм ва унга ёндош соҳаларда жами 2320 та иш ўрни очилди.

Жорий йил “Шаҳрисабз” туристик мар­казида қиймати 500 миллиард сўмлик 13 та лойиҳани амалга ошириш, бу орқали 300 та янги иш ўрни очиш кўзда тутилган. Шаҳри­сабз туманининг “Ғелон” ва “Сарчашма” МФЙларида 2919 гектарли “Ғелон” туристик-рекреaцион зонаси ташкил этилди.

Қиймати 300 миллион долларлик халқаро умуммавсумий курортига старт бери­либ, 4,2 миллион доллар инвестиция жалб қилинди. Келгуси йилда шале шаклидаги уйлар мажмуасини ташкил этиш ва дор йўл­ларини қисман ишга тушириш орқали бу кўрсаткич 50 миллион долларга етказилади.

“Майданак баланд тоғ” туристик марка­зида умумий қиймати 49,3 миллиард сўмлик лойиҳа амалга оширилмоқда. Шу билан бир­га, Қамашида 65,7 гектар, Ғузорда 42 гектар ҳамда Шаҳрисабз тумани Ҳисорак-Ғелон йўли бўйларида 16,3 гектар майдонда ту­ризм инфратузилмаси ривожлантирилади. Чимқўрғон ва Пачкамар сув омборлари асосий фаолиятига таъсир этмайдиган ҳу­дудларда сув туризми йўлга қўйилади.

Ёшлар масаласи. Биз учун ёшлар би­лан ишлаш — тадбир ўтказиш эмас, балки уларнинг салоҳиятини рўёбга чиқариш де­макдир. Ёшларни касбга йўналтириш, улар­га замонавий билим ва технологияларни ўргатиш, иқтидорлиларни қўллаб-қувватлаш энди иккинчи даражали масала эмас, балки ҳар бир раҳбарнинг шахсий жавобгарлиги­дир.

Вилоятимизда кейинги йилларда иқти­дори, қизиқишидан келиб чиқиб, мактаб ўқувчилари учун турли лойиҳаларни йўлга қўйдик. Жумладан, 3 йилдан буён ўқувчилар ўртасида вилоят ҳокими олимпиадаси ўтка­зилмоқда. Вилоят ҳокими стипендияси таъ­сис этилди. Спорт йўналишида “Мактаблар лигаси” мусобақалари, санъат, маданият йўналишида “Ижодкор ёшлар” кўрик-тан­лови ўтказилмоқда. Ўқувчиларда АT, робо­тотехника кўникмаларини шакллантириш мақсадида АҚШ компаниясининг 180 минг долларлик грант маблағи жалб этилди. Мак­табларда хорижий тилларни ўқитиш си­фатини ошириш мақсадида АҚШ, Россия, Филиппиндан малакали ўқитувчилар олиб келинди.

Битирувчиларимизнинг олий таълим муассасаларига кириш кўрсаткичи 2025 йилда 50,4 фоизни ташкил этди. Миллий ва халқаро сертификатга эга ўқитувчилар сони 3368 га етди. Янги йил арафасида 134 хотин-қизнинг олий таълим олиши учун шартнома пули тўлаб берилди.

Ҳисоб-китобларга кўра, 2026 йил яку­нига қадар 3-7 ёшли болаларнинг мактаб­гача таълимга қамрови 78, битирувчи синф ўқувчиларининг олий таълим муассасала­ри кириш кўрсаткичи 55 фоизга етказила­ди.

Вилоятда касбий таълимни такомил­лаштириш борасида ҳам қатор тадбирлар амалга оширилмоқда. Техникум масъуллари 1062 та корхона ва ташкилот билан дуал таъ­лимни ташкил этиш бўйича шартномалар имзолади. Ўқувчиларнинг 20 фоизи дуал таълимга қамраб олинди. Шунингдек, 6 та техникумда немис стандарти асосида касбга ўқитиш йўлга қўйилди. Лойиҳа доирасида 32 ўқитувчимиз Германияда малака оширди, 256 ўқувчи махсус тест синовлари орқали қа­бул қилинди.

Жорий йилда Қашқадарё илғор касбий маҳорат техникуми очилади. Унинг базаси­да Германия билан ҳамкорликда “Таълим ва технологиялар маркази” фаолияти йўлга қўйилади. Битирувчиларни Германиянинг турли ишлаб чиқариш корхоналарига ишга жойлаштириш чоралари кўрилади. Бундан ташқари, 2 та техникумда “Хитой — Ўзбе­кистон устахонаси” ташкил этилади. Дуал таълим асосида ўқишга қамров 40 фоизга етказилади. Умумтаълим мактабларининг 21 минг нафар 9-синф битирувчиси техни­кумларга қабул қилинади.

Тиббиёт. Кейинги йилларда соғлиқни сақлаш тизимида туб ўзгаришлар юз бер­моқда. Халқимиз ислоҳотлар самарадорли­гига, энг аввало, тиббиётдаги ўзгаришларга қараб баҳо беради деган ёндашув соҳа хо­димларини янада масъулият билан ишлашга ундамоқда.

2025 йили юқори технологик 7416 та жарроҳлик амалиёти ўтказилди. Китоб ва Касби туманларида республикада илк бор буйрак трансплантацияси муваффақиятли бажарилди. Кадрлар салоҳиятини оширишга алоҳида эътибор қаратилди. 29 шифокор хо­рижий давлатларда малака оширди.

Хусусий тиббиёт ҳам жадал ривожлан­моқда. Вилоятда бундай муассасалар сони 748 тага етди. Тиббий туризм салоҳияти ошмоқда. Бошқа вилоятлар, қўшни давлат­лардан беморлар даволаниш учун вилояти­миздаги нуфузли клиникаларга мурожаат қилмоқда. Рақамлаштиришга 18 миллиард сўм ажратилиб, барча тиббиёт муассасала­рида ягона ахборот тизими жорий этилди.

Янги тизим йўлга қўйилган Китоб тума­нида тиббиёт бригадалари ва аҳоли ўртасида икки томонлама шартнома тузилди. Нати­жада аҳолининг бирламчи бўғинга мурожа­ати 30 фоиздан 70 фоизга ошди, туман ёки вилоят шифохоналарига мурожаат 35 фоиз камайди.

Қашқадарё тажрибаси асосида тиббиёт бригадаларини рағбатлантириш йўлга қўйилгани сабабли 250 фуқарода онкологик касалликлар эрта босқичда аниқланиб, 40 миллиард сўм тежалди.

Кейинги йилларда ҳам бирламчи бўғин­ни ривожлантириш, юқори технологик тиббий ёрдам турларини кенгайтириш, рақамлаштириш, хизматлар шаффофлиги­ни ошириш, тиббий суғуртани такомил­лаштириш устувор масаламиз бўлиб қолади. Оналар ва болалар саломатлигини сақлаш, касалликларни эрта аниқлаш орқали ноги­ронликни камайтириш, тиббиётни янада халқчил соҳага айлантириш, одамларни ушбу тизимдан рози қилиш масаласи дои­мий эътиборимизда бўлади.

Аҳолининг тиббий маданиятини оши­ришга алоҳида эътибор қаратилади. Маҳал­ладан бошлаб тўғри овқатланиш, жисмоний фаолликни ошириш бўйича амалий ишлар янада кучайтирилади.

Инвестиция. Аслида, четдан киритила­диган сармоя қақроқ ерга ҳаёт бағишлайди­ган дарёга ўхшайди. Дарё заминга ободлик улашгани сингари хорижий инвестиция мамлакатимиз тараққиётига, пировардида одамларимиз рўзғорининг ободлигига, фа­ровонлигига хизмат қилади. Иқтисодиёти­миз дарёсига қўшиладиган ҳар бир доллар сармоя тадбиркорлик ривожига, янги иш ўринлари очиш, юртдошларимиз даромади­ни ошириш, кўчаларимиз, маҳаллаларимиз қиёфасининг ўзгаришига сабаб бўлади.

200 дан ортиқ хорижий ҳамкорларнинг вилоятга сафари уюштирилди. Элчихоналар ва дипломатик корпус вакиллари билан яқин ҳамкорликда ўндан ортиқ йирик халқаро бизнес-форум ҳамда хорижий компаниялар иштирокида 80 дан зиёд учрашув ўтказилди. Малайзия ва Францияда вилоятнинг “Савдо уйлари” очилди.

Инвестиция дастурлари доирасида қий­мати 2,2 миллиард долларлик 618 та лойиҳа ишга туширилди. Натижада 18 мингта барқарор иш ўрни очилди. Экспорт геогра­фияси 54 давлатга кенгайтирилди.

Вилоятда 58 та саноат зонаси ташкил этилган. 2025 йилда қиймати 228 миллиард сўмлик 40 та лойиҳа ишга туширилиб, минглаб иш ўрни очилди. Масалан, “Алп техно сервис” МЧЖ жамоаси халқаро брендлар остида телевизор ва монитор ишлаб чиқа­риб, экспорт қилмоқда. Ушбу маҳсулотлар­ни маҳаллийлаштириш даражаси 45 фоизга етди. Жамоа экспорт географиясини Озар­байжон, Қозоғистон, Россия, Қирғизистонга кенгайтириб, 12 миллион долларлик маҳсу­лот экспорт қилди.

Шунингдек, Қарши шаҳрида “Лангар ватер” МЧЖ томонидан қиймати 10 миллион долларлик маъданли ичимлик сувни қадоқлаш лойиҳаси амалга оширилди ва 40 та иш ўрни очилди.

Жорий йилда 2 миллиард долларлик хо­рижий инвестицияларни ўзлаштириш ва 1,5 баробар иқтисодий ўсишни таъминлаш ре­жалаштирилган.

Қишлоқ хўжалиги. Бугун ўзига хос анъаналарга эга Қашқадарё деҳқончилик мактаби тобора ривожланмоқда. Аграр соҳа тараққиёти янги босқичга кўтарилмоқда.

Бунинг тасдиғини ўтган йили вилоятимизда 1 миллион тоннага яқин ғалла, 552 минг тонна пахта, 950 минг тоннадан ор­тиқ сабзавот ва полиз экини, 347 минг тон­на мева ва узум, 230 минг тонна картошка, 2,9 минг тонна пилла етиштирилгани мисо­лида яққол кўриш мумкин. Чорвачиликда 522 миллиард сўмлик 251 та лойиҳа амалга оширилиб, четдан 15 минг бош қорамол, 50 минг бош қўй олиб келинди.

Бундан ташқари, 27 миллиард сўмлик 18 та паррандачилик, 6,1 миллиард сўмлик 6 та балиқчилик лойиҳаси ишга туширилди, 2,6 минг тонна асал етиштирилди. Соҳа хо­димлари воҳамизда агротуризмни ривожлан­тиришга ҳам катта ҳисса қўшмоқда.

Давлатимиз раҳбари Қашқадарёга ташрифи чоғида Шаҳрисабздаги агротуризм мажмуаси билан танишиб, унинг фаолия­тига юксак баҳо бергани барчамизни беҳад қувонтирди.

Қашқадарё — аграр вилоят, лекин энди эски усуллар билан юқори натижага эришиб бўлмайди. Президентимиз кўрсатмаларидан келиб чиқиб, аграр соҳада ислоҳотларни жа­даллаштириш йўлида энг муҳим вазифала­римизни белгилаб олганмиз.

Аввало, минтақамизда йилдан йилга ку­чайиб бораётган сув танқислиги шароити­да мавжуд захираларнинг тиллога тенг ҳар қатрасини қадрлашимиз шарт. Сув тежовчи технологияларни кенг жорий қилиш, канал, ариқларни бетонлаштириш, сув олиш нуқта­ларини ўлчаш воситалари ва тўсиқлар билан оммавий жиҳозлаш лозим.

Пахтачиликда 27 минг гектар ерда хорижий навдаги чигит экилгани ва “Шинжон” техно­логияси қўллангани натижасида юқори ҳосил олишга эришилди. 2026 йилда мазкур техноло­гияни 55 минг гектарда жорий қиламиз.

Гўшт ва сутни етиштириш ҳажмини ошириш, чорвачиликда наслчиликни яхши­лаш, хориждан зотдор молларни олиб келиб, кўпайтириш бўйича бошлаган ишимизни изчил давом эттирамиз. Янги боғ ва токзор­лар ташкил қилиш, мева-сабзавотни қайта ишлаш, экспортини ошириш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш бўйича йирик лойиҳалар ишга туширилади.

Жойларда мурожаатлар билан ишлаш тизими ҳам мутлақо янги босқичга чиқди. Ўтган йили виртуал ва Халқ қабулхоналари орқали фуқаролардан тушган мурожаатлар 26 фоиз камайди.

Раҳбарлар қабулини ташкил этиш, такро­рий ва жамоавий мурожаатлар ҳам сезиларли даражада қисқарди. Жойларда 9000 га яқин сайёр қабул ўтказиб, 77,5 минг фуқаронинг му­рожаати ўрганилди. Мурожаатларнинг 72 фои­зи жойида ижобий ҳал қилинди. Қолганларига ҳуқуқий тушунтириш берилди. Бу саъй-ҳара­катларимиздан тўхтаб қолмаган ҳолда мурожа­атлар билан ишлашда рақамли технологиялар ва сунъий интеллект имкониятларини кенг жо­рий этишни бошлаб юбордик.

Ижтимоий ҳимоя тизимидаги ислоҳот­лар ҳам ўз натижасини бермоқда. Илгари вилоятда ҳар уч оиладан бири ижтимоий нафақа олган бўлса, аҳоли бандлигини таъ­минлаш натижасида бугун нафақа олувчи оилалар улуши 7 фоизга тушди.

Жорий йил 13 март куни Президенти­миз раислигида аҳоли мурожаатлари билан ишлаш тизимини такомиллаштириш, Халқ қабулхоналари фаолиятини янги босқичга олиб чиқиш ва жамоатчилик фикрини чуқур таҳлил қилиш масалалари юзасидан ўтка­зилган видеоселектор йиғилишида барча ҳудудлар раҳбарларига ҳар бир ариза ва ши­коятни чуқур таҳлил қилиб, масъуллар кеси­мида тақсимлаш бўйича Қарши шаҳри мисо­лида кўрсатилган тизимни самарали йўлга қўйиб, одамларнинг оғирини енгил қилиш вазифаси қўйилди. Бу борадаги иш режалари ҳар ой маҳаллий кенгашларда тасдиқланиб, аҳолига етказиб бориладиган бўлди.

Бир сўз билан айтганда, барча соҳада ис­лоҳотлар самарадорлигини таъминлаш, ин­сон қадрини улуғлаш, Президентимизнинг фармон ва қарорлари ижроси ортидан аҳо­лининг фаровон ҳаёт кечириши учун зарур шароит яратиш доимо энг асосий вазифала­римиздан бири бўлиб қолади.

Муротжон АЗИМОВ,

Қашқадарё вилояти ҳокими, сенатор