Махсус комиссия Жаҳон метеорология ташкилотининг Чанг-қум бўронлари бўйича Пекин минтақавий маркази ҳамда Ўзгидромет прогнозларига асосланиб бугун Тошкент шаҳри ҳудудида нам ҳаво массалари кириб келиши олдидан қисқа муддатли чанг-тўзон ҳодисалари кузатилиши мумкинлиги борасида огоҳлантиради.
Прогнозларга кўра, кун давомида об-ҳаво ўзгарувчан бўлади, куннинг иккинчи ярмида қисқа муддатли ёмғир ёғиши ва момақалдироқ кузатилиши мумкин. Шамол тезлиги 5–10 м/с гача, айрим ҳудудларда эса 13–18 м/с гача кучайиши эҳтимоли мавжуд. Кучайган шамол фонида айрим жойларда чанг-тўзонлар юзага келиши мумкин.
Мазкур жараёнлар натижасида атмосфера ҳавосида чанг заррачалари миқдори, айниқса, ПМ10 концентрацияси қисқа муддатга ортиши эҳтимоли бор. Бироқ ушбу ҳолат вақтинчалик характерга эга бўлиб, куннинг иккинчи ярмида кузатиладиган қисқа муддатли ёғингарчилик ҳисобига атмосфера ҳавоси аста-секин тозаланади.
Мутахассислар шамол кучайган пайтларда, айниқса, нафас йўллари касалликлари, аллергия ҳамда юрак-қон томир тизими билан боғлиқ муаммолари мавжуд фуқароларга эҳтиёт чораларини кўришни тавсия этади. Зарурат бўлмаганда узоқ вақт очиқ ҳавода бўлмаслик, дераза ва эшикларни ёпиқ сақлаш ҳамда имкон қадар ниқоблардан фойдаланиш мақсадга мувофиқ.