Аниқ фанлар юртнинг илмий тараққиётида мўъжизалар яратади, адабиёт эса ҳақиқий ватанпарварларни тарбиялайди, вояга етказади. Китоб барча яхши хулқ ҳамда мукаммал билимлар асоси.

Ҳар қандай миллатнинг буюклиги, аввало, унинг илмга муносабати ва китобхонлик маданиятида яққол намоён бўлади. Улуғ мутафаккирларимизИмом БухорийнингАл-жоме ас-саҳиҳ”, Имом ТермизийнингСунани Термизий”, Муҳаммад ХоразмийнингАл-жабр вал муқобала”, Абу Али ибн СинонингТиб қонунлари”, Абу Райҳон БерунийнингСаёҳатнома”, Алишер Навоий­нингХамса”, Мирзо УлуғбекнингЗижи жадиди Кўрагонийкаби асарлари қадимий туркий маърифатнинг шоҳ асарлари бўлган.

Инсон тафаккурини ва дунёқарашини ўзгартириб юборадиган, эзгу мақсадлар сари йўллайдиган адабиётларни ўқиш, таҳлил ва тарғиб қилиш масаласининг давлат сиёсати даражасига кўтарилиши эса янги Ўзбекис­тон келажаги учун стратегик инвестиция бўлиб, билимдон ёшларнинг олтин фондини яратишга кенг йўл очмоқда.

Яқиндагина Халқаро конгресс марказида Ўзбекистонда китобхонликни ривожлантириш бўйича умуммиллий ҳаракатга старт бериш маросимида иштирок этдим.

Маълумотлар яшин тезлигида янгиланиб, глобаллашиб бораётган, турли гаджетлар ва сунъий интеллект рақамлашган дунёга кескин таъсир қилаётган ҳозирги даврда китобга, мутолаага бундай эътибор эртага, албатта, катта натижаларини беради.

Китоб ўқимаган одам фикрлашдан тўхтайди. Фикрламаган, тафаккур қилмаган одамнинг эса жамиятга фойдаси кам. Шунинг учун ҳам барча бун­ёдкорликнинг ва илму донишнинг асоси китобдир, деймиз.

Давлатимиз раҳбари мазкур ҳаракат мамлакатимизнинг барча ҳудудини қамраб олиши, умумтаълим мактабларининг 1-синф­дан 11-синф­гача бўл­ган ўқувчилари мутолаа танловларида иштирок этишини эълон қилганида айни лойиҳанинг кўлами ва эртага қандай самара бериши ҳақидаги тасаввур барча зиёлиларга қанот бағишлади.

Танлов ўтган 9 йилда 5 миллионга яқин ёшни қамраб олди. 2022 йилда ушбу танловда иштирок этиш истагини билдирган ёшлар сони 640 минг, 2023 йилда 805 минг, 2024 йилда 913 мингни ташкил этди. Бу йил эса рекорд даражада — 950 минг ўғил-қиз қатнашди.

Юртимизда ёшларнинг қалбини улғайтирадиган, дунёқарашини кенгайтирадиган ва зиёли инсонлар бўлиб етишишига куч берадиган имкониятлар жуда кўп. Мазкур танлов ана шундай имкониятлардан. Унда китоб бор, демак, унда маърифат, тафаккур ва ­эзгулик мужассам. Ана шу уч тушунчага ошно инсон ҳаётда, албатта, ўз ўрнини топади. ­Президентимизнинг бешта муҳим ташаб­буси доирасида юзага келган мазкур танлов туфайли китоб ўқиган инсон ҳаётда бемалол ўз ўрнини топа олиши ҳамда бошқалардан кам бўлмаслиги ўз исботини топмоқда.

Улуғлар айтганидек, “Бир инсоннинг саботи бутун миллатни ислоҳ қилишга қодир” экани ва бу қутлуғ ҳаракат янги номларни кашф этиши тайиндир.

* * *

Ёшлар ишлари агентлиги ­мутасаддилари билан бирга мамлакатнинг барча ҳудудидан тўпланган уч ёш тоифасидаги жами 42 нафар ҳудудий ғолиб ҳамроҳлигида биз, ҳакамлар ҳайъати аъзолари Бекобод сари йўл олдик. Бекободдаги китобхонлик танловига кўрилган тайёргарликни кўриб, кўзимиз қувнади. Бекободликларнинг айтишича, туман аҳли бу танловга бир йил давомида тайёргарлик кўрган. Ихтисослаштирилган мактаб энг замонавий қулайликлар асосида ҳозирланган бўлиб, ота-оналар ҳамда иштирокчилар учун тайёргарлик хоналари, ётоқхона ва маънавий-маърифий тадбирлар учун шароитлар пойтахтдагидек юқори савияда яратилган.

Депутат Ёқутхон Мўминованинг таъкидлашича, “Ҳар мактабга 100 китоб” ташаббуси доирасида йил давомида тумандаги 60 та умумтаълим ва 3 та хусусий мактабга жами 20 мингга яқин адабиёт совға қилинган. Ушбу адабиётлар ҳар бир мактабга 500 дан зиёд академик, олим, шоир, ёзувчи ва журналистларнинг дастхати билан топширилди. Шунингдек, 51 маҳаллада кутубхоналар очилиб, аҳолининг мутолаа қилиши учун зарур шароит яратилмоқда. Биз маҳаллалардаги китоб фондлари ва қулайликларни кўзимиз билан кўрдик, китобхон онахонлар билан қизғин суҳбатлар қурдик.

Тумандаги 42-мактабнинг 7-синф ўқувчиси Одинахон Сувонқулова “Ёш китобхон — Kids” республика танловида 1-ўринни эгаллаб, туман ёшларининг энг фаол китобхонига айланибди. Китобхон қизнинг хонадонида 5000 та китобдан иборат кутубхона ташкил этишга эса туман фаоллари бевосита бош-қош бўлибди.

Бекобод марказий кутубхонаси қуриб битказилди ва яқин кунларда — юртимиз мустақиллигининг 35 йиллиги байрами арафасида китобхонларга фойдаланиш учун топширилади. Шунинг учун ҳам “Ёш китобхон” республика танловининг финал босқичига айнан Бекободда старт берилди!

“Афсона” ёшлар боғида миллий либосда, нону туз билан кутиб олган туманнинг барча ёшлар етакчилари танлов охиригача — беллашув жараёнларида биз билан бирга бўлди.

Илм — инсоният гавҳари

Шундай қилиб, беллашув бошланди. Низомга асосан, танлов беш босқичда ташкил этилди: биринчиси — аризалар қабул қилиш ва маҳалла босқичи, иккинчиси — сектор босқичи, учинчиси — туман (шаҳар) босқичи, тўртинчиси — ҳудудий (Қорақалпоғис­тон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри) босқич, бешинчиси эса респуб­лика босқичи. Финалда “Бадиий асарлар билимдони”, “Тезкор савол-жавоб”, “Буюк мутафаккир ва адиблар асарлари баёни”, “Шеърият” ҳамда “Квест” шартлари асосида муросасиз беллашувлар бўлиб ўтди.

Танлов иштирокчилари Имом Бухорий, Абу Райҳон Беруний, Алишер Навоий, Мирзо Улуғбек сингари улуғ мутафаккирларимизнинг ҳаёти ва ижодидан, шунингдек, Жек Лондон, Габриэль Гарсиа Маркес, Марк Твен, Лев Толстой, Тўлепберген Қаипберганов, Ибройим Юсупов, Кенгесбой Каримов каби хориж ва қардош адабиёт вакиллари, қолаверса, Чўлпон, Ғафур Ғулом, Одил Ёқубов, Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов, Шукур Холмирзаев, Ҳалима Худойбердиева, Усмон Азим, Шавкат Раҳмон, Муҳаммад Юсуф, Турсунбой Адашбоев, Дилшод Ражаб сингари ўзбек адабиёти дарғаларининг асарларини таҳлил қилди ҳамда асар қаҳрамонларининг ибратли ишлари ҳақида тўлиб-тошиб гапириб берди.

Ёшларнинг достонлардаги афсонавий қаҳрамонлар кечинмаларини, мумтоз адабиёт вакиллари асарларидаги инсон шижоати ва сабру тоқатини, қардош халқлар адабиёти дарғалари тасвирлаган тақдир зарбаларига мардонавор юз тутган замондошлар ҳаётини, жадид боболаримизнинг эл саводхонлиги йўлидаги ёрқин амалларини, атоқли шоирларимизнинг ўтли шеърий мисраларини ҳамда болалар адабиётининг сара асарларидаги сатрларни катталардек ҳаётий мисоллар орқали бугунги ислоҳотларга боғлаб сўзлаб бериши жуда мароқли кечди.

Иштирокчиларнинг энг кичиги 10, энг каттаси эса 29 ёшда. Ўн ёшли болалар 40-50 тагача китоб ўқиб, мушоҳада ва таҳлил қилиб берди. Булар оддий китоблар эмас, балки жаҳон адабиёти дурдоналари ҳамда ўзбек адабиётининг сара асарларидир. Шунингдек, улар мураккаб иншолар ёзди, турли тезкор саволларга жавоб берди. Кўриниб турибдики, бу танлов болалар, ўсмирлар ва балоғат ёшидаги китобхонларни катта саҳналарда ўз мустақил фикрини дадил ҳимоя қилишга ўргатгани, китоб уларнинг онгу шуурида ўзига ишонч, дадиллик ва маҳорат олиб кирганини кўрсатиб бергани билан ғоят аҳамиятлидир.

Танлов иштирокчиларининг дил сўзлари самимий ва ҳаяжонли. “Китоб ўқиш орқали инсоннинг онги ўсади, маданияти юксалади. Ёшлар китобга муҳаббатини мана шу танловдан топиши мумкин”, дейди танлов иштирокчиси Райҳона Абдуалимова. Яна бир иштирокчи Чарос Камолова эса “Танлов менга вақтимни тежашни ўргатди. Вақтимни тўғри бошқаришни ўргандим. Ҳар бир инсоннинг ўз дунёси бўлади. Ушбу танлов туфайли дунёқарашим кенгайди, нутқим равонлашди ва энг муҳими, мустақил фикрлашни ўргандим”, деб фикрини билдирди.

Оналари билимдон мамлакатнинг болалари ҳам билимдон бўлади. “Бизга яхши оналарни беринг, шунда биз яхши инсонлар бўлиб етишамиз. Чунки оналар миллатнинг биринчи тарбиячиларидир” деган машҳур сўзлар бежиз айтилмаган. Наманганлик иштирокчи Абдулазизнинг онаси Наима Йигиталиева фарзанди билан бирга 40 та ­бадиий асарни ўқиб, таҳлил қилиб чиққан.

— Бундай танловлар болаларга жуда катта имкониятлар эшигини очмоқда. Президентимизнинг ушбу ташаббуси халқимизни китобхон миллатга айлантирмоқда. Китоб ўқиш орқали ўғлим Абдулазиз рес­публика миқёсидаги катта танловларда ғолиб бўлиб, юқори натижаларга эришяпти. Ушбу танловда 5 йил қатнашиб, бешинчи йили рес­публика босқичига етиб келди, — дейди у. — Оилада катта фарзанд китоб ўқий бошладими, унга ота-она ҳамкорлик қилдими, ке­йинги фарзандлар ҳам унга эргашади ҳамда оилада китобхонлик муҳити шаклланади. Бола китоб ўқиши учун, аввало, онанинг ўзи китоб ўқиши керак. Мен ўғлим билан 40 та китобни тенгма-тенг, елкама-елка ўқиб чиқдим. Улар бўйича савол-жавоб, муҳокама қилдик ҳамда бугунги ҳаётга боғладик. “Мана шу асар сенга нима беряпти?’ деб аввал унинг фикрини сўрайман. Кейин биргалашиб хулосани умумлаштирамиз. Бу одат фарзандимда катта ижобий ўзгаришларга сабаб бўлди. Чунки у энди ўз сўзини дадил айта олади, ноўрин фикрларга кўр-кўрона қўшилмайди. Энг асосийси, жамиятда ўз ўрнини топа олишига мустаҳкам ишончи бор.

Бу ерда энг билимдон, энг зўрлар танланади. Чунки Президент совғаси бўлмиш автомобилни қўлга киритиш осон эмас. Бадиий ва мантиқий фикрлаш, иншо ёзиш шартлари мавжуд. Иншони ким яхши ёза олади? Албатта, кўп асар ўқиган бола! Бу танлов иштирокчиларнинг барча қобилиятини синовдан ўтказмоқда. Ота-онаси китоб ўқиган болагина китоб ўқийди. 10-14 ёшлилар тоифаси иштирокчиси Навбаҳорнинг устози, Қизилтепа туманидаги 14-мактабнинг она тили ва адабиёт ўқитувчиси Устазода Остонованинг мулоҳазалари буюк мутафаккир Юсуф Хос Ҳожибнинг “Дунёда икки турли инсон ҳақиқий инсон саналади: бири ўргатувчи, яна бири ўрганувчи” деган ҳикматидаги бир олам маънони эслатгандек бўлди.

Адолат мезонлари

Танлов жараёнида адолат мезонлари асосий ўринни эгаллайди. Бундай танловнинг қиёси, муқобили бошқа мамлакатларда йўқ. Бу танлов мамлакатимиз раҳбарининг бевосита назарида турар экан, биз уни ҳар жиҳатдан тараққий эттиришимиз, иштирокчиларни ҳар доим тўғри ва адолатли баҳолаб, чин маънодаги ҳақиқий китобхонни топиб, унга Президент совғасини тақдим этмоғимиз лозим.

— Муҳим бир жиҳати борки, биз китоб ўқиётган бу ёшларни танлов мутлақо адолатли, холис, очиқ-ойдин ва шаффоф ҳолатда ўтказилаётганига ишонтира олдик. Биз учун энг катта мукофот шудир, — дейди ҳакамлар ҳайъати раиси, профессор Баҳодир Каримов. — Қаерда китобхон йиғиладиган бўлса, қаерда китоб ҳақида фикр айтилса ва қайси ҳудудда китоб борасида тадбир ташкил этилиб, ўша ерда ёш китобхонлар жамланиб, уларнинг ёнида ҳакамлар пайдо бўлса, ўша жой мамлакатнинг маънавий маркази саналади. Мен бугун Бекободни ана шундай марказ деб биламан. Чунки биз танловни пойтахтимизда қандай ўтказган бўлсак, бу ерда ҳам худди шу даражада — юқори савия­да ташкил қилинган. Мамлакатимизнинг 14 ҳудудидан келган болалар Бекободда ташкил этилган ушбу танлов ҳақидаги ёрқин таассуротларини ўзлари билан бирга олиб кетади ва буни умрбод фахр билан гапириб юради.

Шундан сўнг Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Эшқобил Шукурга юзландик.

— 10-14 ёш тоифасидаги болалар биринчи синов шарти — “Бадиий асар билим­дони” шартини бажаришди, — дейди у. — Бу шартда 300 бетли китобдан 5-6 сатрли матн ўқиб эшиттирилади. Бола эса бу матн қайси асардан олингани ва унинг муаллифи ким эканини аниқ топиши керак. 14 иштирокчидан 11 нафари тўғри жавобни топди! Мен бу танловда ҳар йили қатнашаман, лекин ҳали бунақа юқори натижани кўрмаган эдим. Бу катта кўрсаткич. 11 бола асарнинг ва муаллифнинг аниқ номини айтиб, китобни тўлиқ шарҳлаб беряпти. Энг муҳими, биз болаларимизнинг дунёқараши ва тафаккури тобора ўсиб бораётганини кўряпмиз.

Танлов эксперти, “Маърифат” газетаси бош муҳаррири Ҳусан Нишонов эса жараённи бундай шарҳлайди: “Ҳозирги ёшларга қараб, тараққиёт нақадар тезлашиб кетганига гувоҳ бўляпмиз. Ўғил-қизларимиз болалигиданоқ ўз олдига аниқ мақсад қўйишни ўрганмоқда. Шу маънода, “Ёш китобхон” танлови уларга ўзлари танлаган тўғри йўл сари ўзига хос йўлланма бермоқда. Бу танлов ёшларга вақтини тўғри тақсимлашни, фақатгина керакли ва фойдали машғулотлар билан шуғулланишни ҳамда ўз келажагини болалигиданоқ қуришни ўргатмоқда. Иштирокчилар сони кўпайибгина қолмай, сифат даражаси ҳам ошиб бормоқда”.

Юрт ифтихорлари

2017 йилдан бери ўтказиб келинаётган мазкур танлов кўплаб янги номларни кашф этди ва китоб ўқиш орқали қандай катта натижаларга эришиш мумкинлигини бутун элга кўрсатди. Ўтган 9 йилда юксак билим ва қобилиятга эга ёшлардан 26 нафари ­Президент совғаси бўлмиш бош мукофот — автомашиналарни қўлга киритди.

Энг ифтихорлиси шундаки, мана шу ғолибларнинг ўндан ортиғи “Эл-юрт умиди” жамғармаси орқали жаҳоннинг илғор ОТМлари 100 талигига кирган нуфузли олийгоҳларда таълим олмоқда.

Масалан, қорақалпоғистонлик ёш китобхон Шаҳзода Каримбоева ва самарқандлик ғолиб Моҳинисо Шомуродова Зулфия номидаги давлат мукофоти билан тақдирланган бўлса, билимдон ёшлардан Маҳлиё Ўроқова ва Шоҳсанам Холбоева “Келажак бунёдкори” медали, андижонлик ғолиба Фотимахон Маматалиева эса “Шуҳрат” медали билан мукофотланди. Бу китобхон ёшларнинг истеъдоди ва зукколиги давлатимиз томонидан қизғин қўллаб-қувватланаётганидан дарак беради.

Жорий йилги республика танловида 10-14 ёш тоифаси ғолибаси — бухоролик Фарзона Носирова, 15-19 ёш тоифаси ғолиби — жиззахлик Жасурбек Абдуғаффоров, 20-30 ёшлилар тоифаси ғолибаси — сурхондарёлик Фазилат Диёрова Президент совғаси — “BYD Chazor” электромобилига муносиб кўрилди. Иккинчи ўрин соҳибларига
75 миллион сўмдан, учинчи ўрин соҳибларига 50 миллион сўмдан, қолган барча иштирокчига эса 10 миллион сўмдан пул мукофоти топширилди.

10-14 ёшли иштирокчилар орасида ғолиб деб топилган Фарзона Носирова бундай ­дейди:

— Ўзбек ва қардош халқларнинг оғзаки ижодини ўрганишга аҳд қилганман. Достонларни, эртак ва мақолларни ёдлаб юрардим. Онам ҳамда она тили ва адабиёт ўқитувчим билан “Кунтуғмиш”, “Гўрўғли”, “Алпомиш” каби достонлар борасида кўп савол-жавоб қилганмиз. Бу мукофот зиммамга катта масъулият юклайди. Демак, ҳали янада кўп ўқишим керак.

15-19 ёшлилар тоифасида ғолиб бўлган жиззахлик иштирокчи Жасурбек Абдуғаффоров Президент совғаси — “BYD Chazor” электромобилини қабул қилиб олар экан, қувончи ичига сиғмай, фахр билан бундай дейди: “Ушбу автомобиль ота-онамга ва шоир бобомга менинг совғам бўлди. Мутолаа билан шуғулланиб, китобга меҳр қўйган ёшларни шундай юксак мукофотлаётган давлатимиз раҳбарига минг раҳмат!”.

20-30 ёшлилар орасида ғолиб деб топилган сурхондарёлик Фазилат Диёрова эса: “Китобга чин муҳаббат, меҳнатдан қочмаслик ва доимо олға интилиш оддий бир ўқитувчининг ҳаётига мана шундай катта эътирофларни олиб кириши ҳақиқат экан. Мен бунга ўз ҳаётим мисолида тўлиқ амин бўлдим. Президентимизнинг табригидан ўзим, бутун оилам, ота-онам, қайнона-қайнотам ҳамда ўқувчиларим беҳад хурсанд бўлдик. Мен китобхонликни ва мутолаани бундан кейин ҳам кенг тарғиб қиламан. Чунки ­дунёда китобдек беминнат дўст йўқ”, дейди.

Ғолибларнинг самимий сўзларидаги меҳр ва ишончни кўриб, хаёлимдан бундай фикр ўтди: қайси юртда истеъдод ва иқтидорга, ёшларни тарбиялаш ишларига давлат сиёсати даражасида юксак эътибор қаратилар экан, ўша юртнинг эртаси, албатта, ойдин ва порлоқ бўлгай!

Зотан, буюк аллома Жалолиддин Румий таъбири билан айтганда, “Ҳаётда муваффақият қозониш учун уч нарса керак: диққат, интизом ва ҳаракат”. Мана шу уч мезонни ўзи учун шиор қилиб олган ғолиб китобхонларимизни бугун бутун юрт олқишламоқда.

Фикр чиғириғидан ўтган ҳар бир сатрнинг халқ кўнглига етиб боришини таъминлаш ва юракдан чиққан сўзнинг юракка етиб боришига эришиш бу йўлда фидокорона хизмат кўрсатган шоиру адибларимизга чексиз ҳурмат ифодасидир.

Инсоннинг маънавий оламини кашф этадиган қудратли восита бўлмиш сўз санъати — бадиий адабиётнинг аслида инсоншунослик экани, ўсиб келаётган баркамол авлодимизнинг бу илмга ошуфта бўлиб, Ватан ва юрт туйғуси юрагига ўйиб ёзилган ҳикматли асарларни мутолаа қилаётгани, қолаверса, бутун мамлакатимизнинг улкан кутубхонага айланиб бораётгани биз, зиёлиларнинг кўнглига ҳавас ва чексиз фахр ­бағишлайди!

Сайёра ТЎЙЧИЕВА,

ҳакамлар ҳайъати аъзоси, профессор