Ўтган 35 йил давомида мустақиллигимизни мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўшган барча марҳум юртдошларимизнинг фидокорона меҳнати ва жасорати эътироф қилинди.

Биринчи Президентимиз, атоқли давлат ва сиёсат арбоби Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг ёрқин хотираси эҳтиром билан ёд этилди.

Президентимиз мустақилликнинг буюк аҳамияти, аввало, инсон қадри ва эркин ҳаётида намоён бўлишини таъкидлади. Ислоҳотларнинг биринчи кунларидан халқнинг қалбига қулоқ солиш ва аҳолининг дардига дармон бўлиш асосий мақсад этиб белгиланди.

«Инсон қадри учун» ғояси давлат сиёсатининг марказига олиб чиқилди. Биринчи галда «пахта қуллиги», мажбурий ва болалар меҳнати, конвертация чеклови ҳамда «прописка» каби одамларни йиллар давомида қийнаб келган муаммоларга барҳам берилди.

Энг асосийси, фуқароларимиз юрагидаги қўрқув ва ҳадик ўрнини ишонч ва хотиржамлик эгаллади. Ҳар бир инсон эркин ва фаровон яшайдиган жамият барпо этиш учун кейинги ўн йилда тинимсиз изландик, қаттиқ меҳнат қилдик, – деди Президент Шавкат Мирзиёев.