Ўзбекистоннинг Россиядаги Бош консулхонаси дипломатлари Миграция агентлиги вакиллари билан ҳамкорликда оғир аҳволга тушиб қолган ватандошимиз М.М. ва унинг олти нафар фарзандини зарур ҳужжатлар билан таъминлаб, уларнинг Ватанга қайтишига кўмаклашди.
«Дунё» ахборот агентлиги хабар беришича, аввалроқ М.М. ва унинг фарзандларида шахсини тасдиқловчи ҳамда мамлакатдан чиқиш ҳуқуқини берувчи ҳужжатлар бўлмаган. Шу сабабли ватандошимиз Россиядаги хорижий фуқароларни вақтинча сақлаш муассасасида, унинг олти нафар фарзанди эса «Транзит» болалар ижтимоий бошпанасида сақланган.
Ватандошимизнинг фарзандларидан узоқ вақт ажралиб қолишининг олдини олиш мақсадида Бош консулхона томонидан қисқа фурсатда зарур ҳужжатлар расмийлаштириб берилган.
Шундан сўнг М.М. ва унинг фарзандлари «Санкт-Петербург – Самарқанд» авиарейси орқали Ўзбекистонга қайтарилган.