Санъаткор таваллудининг 100 йиллиги ЮНЕСКО томонидан кенг нишонланаётгани эса унинг ижодий меросини сақлаш ва ривожлантиришда янги имконият эшикларини очди. Жойларда мазкур сана муносабати билан илмий-амалий семинар, халқаро кўрик-танловлар, маданий тадбирлар ўтказилаётгани Ўзбекистон халқ артисти Таваккал Қодировнинг ўлмас ижодий мероси иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлашда ўзига хос мактаб вазифасини ўтаётганини кўрсатади.

Бедазорда туғилган бола 

Жавзо ойининг ўрталарида ёққан ёмғир Халфа адирликларидан оқиб Султонобод қишлоғининг экинзорлари бўйлаб келади. Ғарбдан эсаётган майин шабада кишига ҳузур бағишлайди. Узумзорларда чилги энди чумак урган, ўрик ғўраларига сув югурган. Боғларда турфа қушларнинг сайроқи овози тинмайди...

Саккиз фарзандининг доғида юрак олдириб қўйган она тўққизинчи зурриёдини дунёга келтириш учун ҳеч кимга, ҳатто турмуш ўртоғига ҳам билдирмай ҳовли этагидаги бедазорга қараб юриб борарди. Тўққизинчи фарзандини шу ер бағрида туғишга аҳд қилганди. Кекса момолар иримига кўра, фарзанди турмаган она уйдан ташқарида, ҳеч кимнинг назоратисиз  ёлғиз туғиши кераклигини бот-бот эсга олиб, тўлғоқ азобларига тишини тишига қўйиб чидаб, чакса терга ботиб борарди. “Фарзандимни шу ерда туғаман. Таваккал, ё ерники бўлар, ёки меникихаёлидан ўтказди Тўтиби. Биринчи бор қалбидан отилиб чиққан Таваккалсўзи мушфиқ она  хотирасига муҳрланиб қолди. Туғилажак фарзанди ўғил бўлса, исмини Таваккал деб қўйишни дилига тугди...

Пешин намозини ўқиб, уй юмушлари билан андармон бўлиб юрган Турғун холанинг қулоғига аёл кишининг қичқириқ аралаш инграган овози эшитилди. Ҳамсоя­сининг оғироёқлиги эсига тушиб, ҳовли томон чопқиллади. Не кўз билан кўрсинки, Тўтиби чалқанча тушиб инграб тўлғанар, бедазорда  қолган чақалоқ ингалаб оламга талпинарди.

Вой айланайин, қўшни, нега чақирмадингиз, — дея тўлғоқ азобидан қутулиб, кўзлари билан чақалоғини ахтараётган аёл бошини тиззаларига олди, эгнидаги нимча билан чақалоқни ўраб, она кўкрагига берди.

Худойимга шукр, қаранг, полвонгина ўғил туғибсиз. Овозининг жаранги етти маҳаллага етиб боради-я, — дея укаси Қосимбойни мулла Қодир акага ўғилли бўлганини айтиш учун юборди.

Суюнчи! Суюнчи беринг, Тўтиби опам ўғил туғдилар...

Ўша куни бутун Султонобод қишлоғида байрам бўлди. Саккиз фарзанддан сўнг ёруғ оламга тирик келган гўдакка Таваккал деб исм қўйишди. Барча урф-одатларга амал қилиниб, тарозининг бир палласига чақалоқ, иккинчи палласига буғдой қўйи­либ, доя энагадан сотиб олинди. Турғун чевар хонадонма-хонадон юриб, қирқ хил ямоқ йиғди ва шу ямоқлардан чақалоққа атаб қуроқ тўнча тикиб берди. Урф-одатларга кўра, фарзанди турмаган оналар мана шундай удумларга амал қилиши керак бўлган.

Болаликдаги илк қўшиқ туғёни  

Абдужалилбойнинг қишлоқ ўртасидаги ҳовлиси қўрғони билан мактабга берилган бўлиб, мулла Қодир аканинг ҳовлисига девор-дармиён эди. Таваккал мактаб сари ошиқиб келаётган болаларга ҳавас билан қарарди. Қани энди тезроқ улғайса-ю, маҳалла болалари қаторида мактабга борса... Югурик йиллар кўз юмгунча ўтиб кетди. Зеҳни ўткир, ҳаракатчан Таваккал ўрта мактабнинг аълочи ўқувчилари қаторидан жой олди. Қийинчилик даврлар, ҳамма тирикчилик билан овора. Укалари ёш бўлгани боис, уйдаги мол-қўйларни боқиш Таваккалнинг зиммасида эди. Ана шундай кунларнинг бирида мактабда бадиий ҳаваскорлик тўгараги очилиб, уни созанда Ғофиржон Ҳошимов бошқара бошлади.

Таваккал кечқурунлари отасига чойхона юмушларига қарашарди. Бу ерда қиш­лоқнинг созанда-хонандалари тўпланиб, турли концерт, аския, ўйин-кулги кечалари ўтказиш одатга айланганди. Ёш Таваккал давраларда ижро этилган ҳар бир куй, қўшиққа ҳамоҳанг бўлишга ҳаракат қиларди. Қўшиқларнинг авжи палласида қўлидаги чойнакни ҳам унутиб, бир дам тўхтаб, куй, қўшиқ сеҳрига чўмарди. Саккиз-тўққиз яшар боланинг синчков нигоҳлари, ёниб турган кўзларини кўрган Ғофир ака уни имлаб ёнига чақирди.

— Қўшиқ айтишга қизиқасанми? Қўлингда чойнаг-у, хаёлинг биз билан. Истасанг, эртага мактабдаги ҳаваскорлар ­тўгарагига бор. Соз чалиш, қўшиқ куйлашни ҳам ўрганиб оласан.

Шу сабаб бўлиб Таваккал мактаб бадиий ҳаваскорлар тўгарагининг фаол аъзосига айланди. Бу ерда мусиқа асбобларини ушлаш, созлаш, бармоқлари билан қандай бошқаришни ўрганди. Кичик жуссали болакайнинг танбур ва дуторга қўли етмагани сабабли устозлар унга дастлаб доира чалиш усулларини ўргатишди. Машғулотларга ҳаммадан олдин киришган Таваккал доира усули билан мумтоз қўшиқлар ижросига берилиб кетганидан устозлари келганини ҳам сезмай қолди.

— Тортинмай куйла, мен скрипка билан жўр бўламан, — деди Ғофур ака. Таваккал Фузулий ғазали билан айтиладиган “Дугоҳи Ҳусаний” ашуласини секин хиргойисифат бошлаб, ўрта пардада секин-аста авж пардага кўтарилди. Ёш ижрочининг дўриллаброқ бошлаган овози ўрта пардага етганда бир оз силлиқлашди, авжига кўтарилганда эса ингичкароқ бўлиб ўзига хос жозиба билан жаранглади. Скрипкада жўр бўлиб, қўшиқни охирига қадар эшитган устоз ёш ижрочини янада қўллаб-қувватлади.

— Баракалла, шунчалик ёқимли овозинг борлигини билмаган эканман. Дугоҳни ҳам маромида ижро этдинг, лекин бу ашула сенинг ёшингга оғирлик қилади. Ҳозирча сал енгилроқ ашулалар айтишинг керак. Устозлар куйлаётган қўшиқларни ўрганиб олавер, аммо айтишга шошилма. Овозни болалик, ўсмирлик давридан асраш керак. Айтганларимга амал қилиб,  овозингни асраб борсанг, нафасинг ҳеч кимникига ўхшамайдиган ёқимли  бўлади.

Таваккал шу куни илк бор ҳамқиш­лоқлари олдида қўшиқ куйлади. Қўшиқ аввалидаги бир оз ҳаяжон аста-секин унутилди. У  уста хофизлардек  маромига етказиб қўшиқ ижро этди. Қўшиқ тугаганидан сўнг атрофни  олқишлар, мақтовлар тутиб кетди. “Барака топ!”, “Отангга раҳмат!” деган хитоблар янгради.

Ўғлининг ижро маҳорати мулла Қодир ака учун кутилмаган янгилик эди. ­Таваккал мусиқа тўгарагига қатнаб юрганига унчалик рўйхушлик бермай, Тўтиби холага “Уруғимизда ноғорачи бормиди, нима қилади чилдирма чалиб. Мен ўғлим ўқиб, келажакда одамлар оғирини енгил қиладиган киши бўлиб ўсишини орзу қиламан”, дерди. Бугунги даврада ўғлининг ширали овозда айтган қўшиқларини тинг­лаб, ич-ичидан ғурурланди.

— Майли, бўладиган бўлсанг чин маънодаги санъаткор бўл, устозлар измидан чиқмай, ҳамиша эл ардоғида бўлгин, — дея оқ фотиҳа берди...

Қўшиқ, куй илмига ташналик ёш ҳофизни Фарғона санъат билим юрти сари етаклади. У ўша даврларда халқимизга яхшигина танилиб қолганди. Шу боис, вилоят ўзбек театрига ишга таклиф қилиниб, 20 йил давомида шу жамоада самарали меҳнат қилди. “Бизни ташлаб”, “Фасли навбаҳор ўлди”, “Шунчамиди”, “Кеча ойдин”, “Гулғунча”, “Жамолларингдан”, “Арзимни айтдим”, “Сўзи ширин ёримдан”, “Ўзбекистоним”, “Фарғонам менинг”, “Бар мулки дилам”, “Ўргилай” сингари ўнлаб машҳур қўшиқлари ҳануз шинавандалар қалбида.

Устознинг ижодий кўлами жуда сермазмун бўлиб, юздан ортиқ ижроси респуб­лика телерадиокомпаниясининг олтин фондидан ўрин олган. Айниқса, 90-йилларда Абдуҳошим Исмоиловнинг ансамбли билан йигирмадан ортиқ қўшиғини янгидан ёзди. Кўп серияли видеофильм, телефильм учун видеотасмага туширилди. 1989 йилда санъатдаги улкан хизматлари учун “Ўзбекистон халқ артисти” унвонига сазовор бўлди. Умрининг охиригача Фарғона давлат университети профессори лавозимида илмий педагогик фаолият билан шуғулланди. 1996 йил 13 апрель куни 70 ёшида бу дунёни тарк этди.

Устознинг босиб ўтган ҳаёт йўлига назар ташлар эканмиз, гоҳида муваффақият, гоҳида ҳаёт ташвишлари билан ўтган умр бекатларини тасаввур қиламиз. У қаерга бормасин, ҳалол меҳнати билан қўшиқ шинавандалари олқишларига, ҳурмат-эътиборига сазовор бўлган. Буюк санъаткор ҳамиша ҳаётга, қўшиққа, одамларга ташна бўлиб яшади. Санъат деб аталмиш уммоннинг сермашаққат тўлқинларини куйлаб ўтди. Унинг қўшиқлари кирмаган хонадон йўқ. Ҳофизлик санъатида ­“Таваккал аканинг йўли” деган эътирофга сазовор бўлди. Юзлаб шогирдлар бу услубдан ҳанузга қадар баҳраманд бўляпти. “Ўзбекистон халқ артисти” юксак унвони берилиши ва вафотидан 25 йил ўтиб, ­“Фидокорона хизматлари учун” ордени билан тақдирланиши устознинг санъат соҳасидаги улкан ишларига муносиб мукофот бўлди.

Султонали МАННОПОВ,

Фарғона давлат университети профессори,

Ўзбекистон халқ артисти