Йиғилишга Ўзбекистон инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов ҳамда Сербиянинг халқаро иқтисодий алоқалар бўйича вазири Ненад Попович ҳамраислик қилди. Унда икки мамлакат вазирлик ва идоралари, шунингдек, ҳудудлар вакиллари иштирок этди.
Учрашувда савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш, инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ва транспорт-инфратузилма соҳасидаги шериклик масалалари муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, иқтисодий ҳамкорлик ҳамда инвестицияларни ўзаро рағбатлантириш ва ҳимоя қилиш тўғрисидаги битимларнинг кучга кириши икки давлат ўртасидаги ишбилармонлик алоқаларини кенгайтириш учун ҳуқуқий асос яратган.
Савдони янада либераллаштириш мақсадида Эркин савдо тўғрисидаги битим бўйича музокараларни бошлаш учун ишчи гуруҳ тузишга оид Қўшма декларацияни имзолашга тайёргарлик кўрилди.
Айни пайтда Ўзбекистонда Сербия капитали иштирокидаги 10 та корхона фаолият юритмоқда. Томонлар бутловчи қисмлар ва дори воситаларини маҳаллийлаштириш, тўқимачилик, уруғчилик, боғдорчилик ва сутни қайта ишлаш соҳаларида қўшма ишлаб чиқаришларни йўлга қўйиш имкониятларини белгилаб олди.
Технологик ҳамкорлик доирасида критик минераллар, рақамли геология, сунъий интеллект, 5G технологиялари ва экспортга йўналтирилган IT-лойиҳалар муҳокама қилинди.
Транспорт соҳасида юк ташишни соддалаштириш учун рухсатномалар ва дастлабки божхона маълумотларини электрон шаклда алмашиш таклиф этилди. Шунингдек, Ўзбекистоннинг Сербия темирйўл тармоғини модернизация қилишда, жумладан 200 километрлик участка қурилишида иштирок этиш истиқболлари кўриб чиқилди.
Томонлар 2027 йилда Белградда ўтказиладиган EXPO 2027 кўргазмаси доирасида қўшма бизнес тадбирларини ташкил этишни режалаштирган.
Йиғилишда, шунингдек, илм-фан, академик алмашинув, маданият, туризм, меҳнат миграцияси ва ижтимоий ҳимоя соҳаларидаги ҳамкорлик масалалари кўриб чиқилди. Тошкент–Белград, Самарқанд–Нови-Сад шаҳарлари, шунингдек, Самарқанд вилояти ва Воеводина Автоном ўлкаси ўртасидаги шерикликни ривожлантириш қўллаб-қувватланди.
Йиғилиш якунида 2026–2028 йилларда саноат шериклигини ривожлантириш бўйича Қўшма ҳаракатлар режаси имзоланди. Ҳукуматлараро комиссиянинг навбатдаги йиғилишини 2027 йилда Ўзбекистонда ўтказишга келишиб олинди.