Бу маблағнинг 72,2 миллиард сўми вафот этган 72 нафар боланинг оилаларига, 7,8 миллиард сўми эса даволанган ва даволанаётган 16 нафар боланинг оилаларига берилди.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг маълум қилишича, Тошкент шаҳар жиноят ишлари бўйича судининг ижро ҳужжатларига асосан, 90 нафар жабрланувчи фойдасига жами 82 миллиард сўм компенсация ундирилиши белгиланган эди.

Бироқ айбдорларнинг хатланган мол-мулкини сотиш жараёни белгиланган муддатдан чўзилгани сабабли, шу вақтгача компенсациянинг фақат 20 фоизи, яъни 16,8 миллиард сўми тўланган.

Жабрланган оилаларга етказилган моддий ва маънавий зарарни тўлиқ қоплаш ишларини тезлаштириш бўйича Президент томонидан тегишли топшириқ берилди.

Шунга асосан, давлат бюджетидан 65,2 миллиард сўм ажратилди. Ушбу маблағ ҳисобидан компенсациянинг асосий қисми тўлаб берилди.

Банк карталари билан боғлиқ техник масалалар ҳал этилганидан сўнг яна икки нафар боланинг оила аъзоларига қолган 2 миллиард сўм ҳам тўлиқ тўланиши маълум қилинди.

Бюджетдан ажратилган 65,2 миллиард сўм айбдор шахсларнинг мол-мулкини сотишдан тушган ва улардан ундирилган маблағлар ҳисобидан республика бюджетига қайтарилади.

Айни вақтда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва тегишли давлат ташкилотлари масъуллари республика тиббиёт марказлари шифокорлари билан биргаликда жабрланган оилаларнинг ҳолидан хабар олиб, болаларга қўшимча тиббий ва психологик ёрдам кўрсатиш чораларини кўрмоқда.