Бугунги кунда гиёҳвандликка қарши курашиш умумжаҳон миқёсида жиноятчиликнинг олдини олишдаги энг устувор йўналишлардан бирига айланиб улгурди. Боис, унинг аянчли оқибатлари айрим давлатлар чегарасидан чиқиб, бутун инсоният генофонди учун хавотирли таҳдид тусини олмоқда.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Наркотиклар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси (UNODC) томонидан 2025 йилда эълон қилинган халқаро ҳисобот бу таҳдиднинг кўламини яққол кўрсатади. Маълумотларга кўра, глобал гиёҳванд моддалар савдосининг йиллик айланмаси қарийб 800 миллиард АҚШ долларига баҳоланмоқда. Дунё бўйлаб психофаол моддалар истеъмол қилувчилар сони 316 миллион кишига етган бўлиб, бу сайёрамизнинг меҳнатга лаёқатли (15–64 ёш) аҳолисининг тахминан 6 фоизини ташкил қилади. Бунда каннабис ҳанузгача энг кенг тарқалган восита бўлиб қолмоқда – ундан 244 миллионга яқин инсон фойдаланмоқда.

Глобал миқёсдаги бундай мураккаб вазият, табиийки, ҳеч бир давлатни четлаб ўтмайди. Шу боис, юртимизда ҳам жамиятимиз саломатлиги ва миллий генофондимизни турли ёт иллатлардан ҳимоя қилиш, қолаверса, жаҳондаги нарковазият ўзгаришларига мос равишда гиёҳвандликка қарши курашиш тизимини босқичма-босқич такомиллаштириб бориш эҳтиёжи юзага келмоқда.

Давлатимиз раҳбари жорий йилнинг 19-20 апрель кунлари Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган “Жамоат саломатлиги ва хавфсизлигини таъминлаш мақсадида трансмиллий наркотаҳдидларга қарши курашиш” мавзусидаги халқаро форум иштирокчиларига йўллаган мурожаатида таъкидлаганидек: “Бугун наркотиклар савдоси трансчегаравий ва виртуал характерга эга бўлиб бораётгани хавф-хатарларни янада кучайтирмоқда. Айниқса, жиноий гуруҳларнинг шифрланган алоқа каналлари, контактсиз мулоқот ва мураккаб молиявий воситалардан фойдаланаётгани наркотикларга қарши курашишда биздан замонавий ечим ва ёндашувларни талаб қилмоқда”.

Айнан ушбу замонавий чақириқларга муносиб жавоб қайтариш ва Президентимиз таъкидлаган янгича ёндашувларни амалиётга жорий этиш мақсадида, сўнгги йилларда мамлакатимизда гиёҳвандлик воситалари, психотроп ва кучли таъсир қилувчи моддаларнинг ноқонуний айланмасига барҳам бериш борасида салмоқли ҳамда тизимли ишлар йўлга қўйилди. Хусусан, мазкур йўналишда соҳанинг ҳуқуқий базаси тубдан мустаҳкамланиб, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг ўзаро ҳамкорлиги янги босқичга кўтарилмоқда.

Бугунги кунда Ўзбекистонда наркожиноятлар ва гиёҳвандликка қарши курашиш оддий вазифа доирасидан чиқиб, кенг қамровли умуммиллий ҳаракат даражасига кўтарилди ҳамда бу борада барча зарур куч ва воситалар тўлақонли сафарбар этилмоқда. Хусусан, сўнгги даврда мазкур йўналишдаги профилактика механизмларини такомиллаштириш ва давлат идоралари ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш мақсадида 20 дан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ҳаётга татбиқ этилди.

Айниқса, 2024 йилда гиёҳвандликка қарши курашишга оид миллий стратегиянинг қабул қилиниши мазкур йўналишдаги энг муҳим ва стратегик қадамлардан бирига айланди.  Амалга оширилаётган мазкур тизимли чора-тадбирлар ўз навбатида салмоқли натижаларни бермоқда. Жумладан, охирги йилларда наркотикларнинг ноқонуний айланмаси билан боғлиқ жиноятларни фош этиш ва аниқлаш кўрсаткичи икки ярим баробарга ошди.

Бироқ, шиддат билан ривожланаётган бугунги ахборот асри ҳар қандай соҳада бўлгани каби, мазкур йўналишда ҳам янгидан-янги чақириқларни келтириб чиқармоқда. Жаҳон амалиётида кузатилаётганидек, анъанавий воситалар ўрнини янада хавфлироқ бўлган синтетик наркотиклар эгаллаши, уларнинг аксарият ҳолларда интернет тармоғи орқали, яширин («контактсиз») усулларда сотилиши хавотирли ҳолатдир. Қолаверса, маҳаллий шароитда баъзи хуфиёна лабораторияларни ташкил этишга бўлган уринишларнинг учраб тургани соҳадаги ҳуқуқий ва ташкилий механизмларни бугунги реалликларга мослаштиришни, шунингдек, замонавий ва таъсирчан профилактик ёндашувларни ишлаб чиқишни талаб этмоқда.

Рақамларга юзланадиган бўлсак, Ички ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, 2025 йилда мамлакатимизда наркожиноятлар соҳасида 15 412 та жиноят қайд этилиб, 3 тонна 775 кг гиёҳвандлик воситалари мусодара қилинган, 15 та нарколаборатория аниқланган. Наркожиноят содир этган 11 049 нафар шахслар жавобгарликка тортилган. Ачинарлиси, жиноятчиларнинг 59 нафарини мактаб ўқувчилари, 124 нафарини талабалар ташкил этганлиги жамиятимиз олдида қанчалик жиддий вазифалар турганини кўрсатади. Ёш авлоднинг бу иллат қурбонига айланиши қандай оғир оқибатларга олиб келиши ҳақида Давлатимиз раҳбари мазкур халқаро форумда таъкидлаганидек: “Халқимизда “Бир бола йўлдан чиқса – жамият издан чиқади”, деган ҳикматли гап бор. Шу маънода, бир фарзанднинг гиёҳвандлик тузоғига тушиб қолиши, бу нафақат унинг оиласи, яқинлари, балки бутун бир маҳалла учун фожиа”.

Бугунги куннинг энг мураккаб чақириқларидан бири – бу рақамли воситалардан жиноий мақсадларда фойдаланиш ҳолатларидир. Жумладан, сўнгги беш йил ичида пойтахтимизда синтетик наркотиклар айланмасининг 11 бараварга ўсганлиги мутахассисларни жиддий ташвишга солмоқда. Хавотирли томони шундаки, бундай моддаларнинг қарийб 95 фоизи интернет тармоғи орқали тарқатилиб, ўзаро ҳисоб-китоблар криптовалюта кўринишида, яширин тарзда амалга оширилмоқда.

Бу борада Президент ўз мурожаатида алоҳида тўхталиб ўтди: “Бугун наркотиклар савдоси трансчегаравий ва виртуал характерга эга бўлиб бораётгани хавф-хатарларни янада кучайтирмоқда. Айниқса, жиноий гуруҳларнинг шифрланган алоқа каналлари, контактсиз мулоқот ва мураккаб молиявий воситалардан фойдаланаётгани наркотикларга қарши курашишда биздан замонавий ечим ва ёндашувларни талаб қилмоқда”

Шу нуқтаи назардан, мазкур қонуннинг асосий мақсади айнан юқорида қайд этилган нохуш ҳолатларни бартараф этиш ҳамда гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларнинг ноқонуний айланмасига қарши курашиш бўйича миллий қонунчилигимизни замон талабларига мос равишда такомиллаштиришдан иборат.

Таъкидлаш лозимки, мазкур Қонун билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига, Жиноят-процессуал кодексига ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ҳамда айрим қонун ҳужжатларига гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ёки уларнинг аналогларининг ҳамда кучли таъсир қилувчи моддаларнинг қонунга хилоф равишда муомалада бўлганлиги учун жавобгарликни белгиловчи нормаларни тизимлаштириш ва такомиллаштириш билан боғлиқ, шунингдек қонунчиликдаги ҳуқуқий бўшлиқларни тўлдиришга, бошқа қонун ҳужжатлари билан мувофиқлаштиришга қаратилган қўшимча ва ўзгартиришлар киритилмоқда.

Жумладан, Қонун билан Жиноят кодексининг XIX боби “Аҳоли саломатлиги ва генофондига қарши жиноятлар” деб номланди, бу орқали аҳоли, айниқса, ёшлар саломатлигига таҳдид солаётган янги хавфли қилмишлар киритилиб, тегишли жиноий жавобгарлик чоралари белгиланди.

Хусусан, наркожиноятларнинг замонавий усул ва шакллари инобатга олиниб, ғайриқонуний нарколаборатория ташкил этиш, наркотикларнинг ноқонуний муомаласига раҳнамолик қилиш, бангихона ташкил этиш каби қилмишлар учун алоҳида жавобгарлик белгиланди, 10 дан ортиқ хавфли қилмиш бўйича жазо чоралари кучайтирилди.

Шу билан бирга, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг бир қатор моддаларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритилиб, гиёҳвандлик воситаларини, психотроп моддаларни ёки уларнинг аналогларини оз миқдорда ғайриқонуний равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш, ташиш ёки жўнатиш учун жавобгарлик кучайтирилди, жамоат жойларида гиёҳвандлик воситаларини, психотроп моддаларни ёки уларнинг аналогларини ёхуд кучли таъсир қилувчи моддаларни истеъмол қилиш учун маъмурий жавобгарлик белгиланди.

Қайд этиш лозимки, ушбу қонун замонавий халқаро ҳамжамиятда юзага келган гиёҳванд моддалар савдоси учун жазоларни кучайтириш стандартларига тўлақонли мос келади. Жумладан, бугунги кунда илғор халқаро ва хорижий тажрибада қаттиқ жиноий санкцияларни (шу жумладан, умрбод қамоқ жазосини) белгилаш кўзда тутилган.

Мисол учун, АҚШ, Буюк Британия каби мамлакатларда наркожиноятлар учун умрбод ва узоқ муддатли қамоқ жазосини кенг қўллаш мумкин, Осиё минтақаси бир қатор мамлакатларида (Сингапур, Эрон, Хитой) «нол толерантлик» сиёсати доирасида гиёҳванд моддаларни кўп миқдорда ишлаб чиқариш, сақлаш ва сотиш ўлим жазоси билан жазоланиши мумкин.

Қонун билан гиёҳвандликка қарши жиноий жазоларни белгилаш баробарида, мазкур жиноятларга қўл уришни олдини олишда превентив чора сифатида яна бир муҳим чора кўзда тутилади. Эндиликда гиёҳвандлик воситаларини, психотроп моддаларни ёки уларнинг аналогларини қонунга хилоф муомаласи, нарколаборатория ташкил этиш билан боғлиқ жиноятлар, ушбу жиноятларга ҳомийлик қилганлик билан боғлиқ ҳар қандай жиноятни содир этган шахслар жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилиниши тақиқланади. Бу эса, жиноятга қўл уришдан олдин шахсларни яна бир бор ўйлаб кўриш, жиноят йўлига қадам босишдан ўзини тийишга сабаб бўлади.

Хулоса ўрнида таъкидлаш жоизки, мазкур Қонуннинг ҳаётга татбиқ этилиши шунчаки жазо чораларини қатъийлаштириш эмас, балки бутун жамиятимизни, эртанги кунимиз эгалари бўлган ёшларимизни асраб қолиш йўлидаги кучли ва аниқ йўналтирилган ҳуқуқий қадамдир.

Унинг амалиётга жорий этилиши, энг аввало, мамлакатимизда наркожиноятларга нисбатан қатъий муросасиз муҳитни – ўзига хос «нол толерантлик»ни шакллантиради. Жиноятчилар учун жазони муддатидан олдин енгиллаштириш имкониятининг бекор қилиниши ва санкцияларнинг оғирлаштирилиши жазонинг муқаррарлиги принципини амалда намоён этади. Бу эса осон ва ҳаром бойлик орттиришни кўзлаб, жиноят кўчасига кирмоқчи бўлганларни ўз ниятидан қайтарувчи кучли психологик ва ҳуқуқий тўсиқ вазифасини ўтайди.

Қолаверса, замонавий таҳдидлар – синтетик наркотикларнинг интернет макони ва криптовалюталар орқали яширин тарқатилишига ҳамда хуфиёна лабораториялар ташкил этилишига қарши кескин ҳуқуқий механизмларнинг ишлаб чиқилгани соҳадаги жиноий тармоқларнинг илдизига берилган зарба бўлади. Натижада, фарзандларимизни виртуал макондаги пинҳона тузоқлардан асраш, уларнинг онги ва соғлиғини заҳарланишининг олдини олишда сезиларли ижобий бурилиш ясалади.

Бир сўз билан айтганда, ушбу тарихий ҳужжат нафақат жиноятчиликка қарши курашда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар учун ўткир қурол, балки миллат саломатлиги, жамият хавфсизлиги ва соғлом генофондимизни турли ёт таҳдидлардан ҳимоя қилувчи мустаҳкам қалқон бўлиб хизмат қилади. Охир-оқибат, бу ўзгаришлар ҳар бир оиланинг хотиржамлигини таъминлаб, давлатимизнинг хавфсиз ва барқарор тараққиётига замин яратади.

Шухрат Мирзаев,

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги

Қонунчилик ва ҳуқуқий сиёсат институти бош илмий ходими  

Дониёров Дилёр,

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги

Қонунчилик ва ҳуқуқий сиёсат институти етакчи илмий ходими