Унда кенгаш аъзолари, аёл журналистлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Тадбирда оиланинг жамият тараққиётидаги ўрни, миллий қадриятларни асраш, аёлнинг оила ва жамият ҳаётидаги масъулияти, фарзанд тарбиясидаги беқиёс ҳиссаси ҳақида атрофлича фикр алмашилди. Сўзга чиққанлар оила инсон маънавияти шаклланадиган муқаддас маскан, жамиятнинг энг муҳим бўғини эканини алоҳида таъкидладилар.

Айниқса, бугунги глобаллашув шароитида оммавий ахборот воситалари зиммасига катта масъулият тушаётгани қайд этилди. Чунки ёшлар онги, дунёқараши ва ҳаётга муносабатида медиа маҳсулотларнинг таъсири ортиб бормоқда. Шу боис ОАВ вакиллари зиммасида оилавий қадриятларни тарғиб қилиш, соғлом турмуш тарзини кенг ёритиш, меҳр-оқибат ва ўзаро ҳурмат муҳитини мустаҳкамлашдек муҳим вазифалар турибди.

Йиғилишда журналистиканинг нафақат ахборот етказиш, балки тарбия воситаси экани ҳам таъкидланди. Оила мавзусини юзаки эмас, балки ҳаётий мисоллар, таъсирчан образлар ва ҳаққоний ёндашув асосида ёритиш зарурлиги айтилди. Чунки битта ижобий оила тимсоли бутун жамият учун ибрат бўлиши мумкин.

Тадбир доирасида Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси “Маданият ва маърифат” телеканали давлат муассасаси “Кино-видеомаҳсулотлар ва тезкор дубляж” муҳарририятининг катта муҳаррири Нозима Воҳидова Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 2 сентябрдаги 437-сон қарорига асосан “Ибратли оила” кўкрак нишони билан тантанали равишда тақдирланди.

Тақдирлаш жараёнида иштирокчилар мазкур эътироф нафақат бир оиланинг ютуғи, балки миллий қадриятларга садоқат, ўзаро ҳурмат ва маънавий бирликнинг рамзи эканини таъкидладилар.

Фахрий журналист Муҳаббат Хамидова тадбирда сўзга чиқар экан, аёлнинг жамиятда ўз ўрнини топишида оиладаги муҳит ва қўллаб-қувватлаш муҳим аҳамият касб этишини қайд этди:

— “Аёл киши қўллаб-қувватланса, унга имконият яратилса, албатта униб-ўсади. Аёлларимиз фаоллигида эркакларимизнинг ҳам ҳиссаси бор”, — деди у.

Дарҳақиқат, бугунги кунда жамиятда фаол ва ташаббускор аёллар сафининг кенгайиб бораётгани ортида, аввало, уларнинг оиласи, яқинлари ва ишончи турибди. Тадбирда ҳам айнан шу жиҳат — оиладаги ҳамжиҳатлик, ўзаро ҳурмат ва маънавий таянч “Ибратли оила”нинг энг муҳим мезони сифатида эътироф этилди.

Нозима Воҳидова ҳам сўзга чиқиб, ушбу мукофотни аввало ота-онасига берилган эътироф деб билишини таъкидлади.

— “Тарбия ота-онадан бўлади. Бу мукофотни бизга эмас, аввало бизни вояга етказган ота-онамизга берилган мукофот деб ўйлайман”, — деди у.

У фарзандларининг хорижда илм-фан ва таълим соҳасида эришган ютуқлари ҳақида тўхталар экан, ўзбек номи ва миллий қадриятларни дунёга муносиб танитиш ҳар бир оиланинг маънавий бурчи эканини қайд этди.

Тадбир давомида оиланинг мустаҳкамлиги, аёлнинг жамият ва оиладаги ўрни, маънавий қадриятларни асраш ҳақида чуқур мулоҳазалар билдирилди. Айниқса, “Аёл аввало она, оила бекаси ва турмуш ўртоғи эканини унутмаслиги керак” деган фикрлар йиғилганларда катта таассурот қолдирди.

Самимий ва маърифий руҳда ўтган учрашув шеърият билан ҳам бойиди. Ўқилган шеърлар оиладаги меҳр, садоқат ва бутунлик ғояларини янада теран ифода этди.

Йиғилиш якунида оилавий қадриятларни кенг тарғиб қилиш, аёл журналистларни қўллаб-қувватлаш ҳамда оммавий ахборот воситаларида оила мавзусидаги материаллар сифатини янада ошириш юзасидан таклиф ва тавсиялар билдирилди.

Зеро, мустаҳкам оила — мустаҳкам жамият таянчи. “Ибратли оила” эса нафақат бир хонадоннинг, балки бутун миллат маънавиятининг юксак намунасидир.

Зулхумор Акбарова