Муҳташам мажмуани келиб кўраётган юртдошларимиз қувончи ва ифтихорини яшира олмаяпти. Айниқса, узоқ-яқиндан келган сайёҳларнинг кўзидаги ҳайрат ва эътирофлар ана шу туйғуни чандон оширяпти. Жамият бирдамлигида эса умумий ифтихор туйғуси ҳал қилувчи кучга эга. Зеро, у тарихий бирдамликни эслатиб, умумий келажакка катта ишонч беради. Шу маънода, Ислом цивилизацияси маркази ўзининг бирламчи вазифасини бажариб, жамиятимизда бирдамлик руҳини янада кучайтирди.

Мегалойиҳадан кўзланган яна бир мақсад аждодларимиз тараннум этган маърифатни дунёга танитиш эди. Айни пайтда уларга муносиб авлод бўлиб, илм-маърифатда етакчилик қилишга интилишимиз зарур. Бунинг учун ёшларни шу руҳда камол топтириш, Ислом цивилизацияси марказининг имкониятларидан тўлиқ ва самарали фойдаланишимиз керак. Унинг илмий базаси билан бир пайтда ҳар бир чизиғи, нақши, музейдаги экспонатнинг мазмун-моҳиятини ўрганиш ва халқимизга етказиб беришимиз лозим.

Давлатимиз раҳбари марказни очиб бериш маросимида бундай деди: “Бу улкан лойиҳа оддий бир чизма эмас. Уни юрак чизган, меҳр чизган, орзу ва армонлар чизган. Қуръони карим сақланадиган муқаддас зал ҳам шунчаки яратилган эмас. У юракдан туғилган, халқимизнинг ­орзу-интилишлари ва буюклигини намоён этиш истагидан пайдо бўлган маскандир. Бу лойиҳа буюк халқимизнинг асл қиёфасини рўёбга чиқаришга қаратилган эзгу ниятлар маҳсулидир”.

Марказ имкониятлари, мазмун-моҳиятини унинг юраги дея аталган Қуръони карим зали мисолида тушунтирсак, ушбу залда Усмон Мусҳафи муносиб ўрин эгаллади. Мазкур қўл­ёзма атрофида сомонийлар, қорахонийлар, хоразмшоҳлар, темурийлар ва бошқа тарихий сулолалар даврида битилган муқаддас китоб нусхалари ва уларнинг эски ўзбек ёзувидаги маънолар таржимаси қўйилган. Неча асрлар олдин кўчирилган ушбу китобларнинг ҳар бири қоғози, бўёғи, муқоваси билан ажралиб туради. Диёримизда китобат санъати қанчалик юксалганидан далолат беради. Масалан, улар орасида олтин суви юритилган китоб ҳам бор. Бу ерда гап олтиннинг қийматида эмас! Балки ўша пайтда аниқ фанлар, хусусан, кимёнинг қанчалик ривож топгани ҳақида!

Уни тайёрлаш, зарҳал битикни яратиш юксак билим, сабр ва бардош талаб этади. Унинг асрлар давомида аслиятини йўқотмаслиги эса аждодларимиз ўз ишини қанчалик пухта билганидан далолат. Шу мураккаб жараённи жамият ҳаётига ҳам ўхшатиш мумкин. Қоғоз ва олтинни бир-бирига жипслаштириш санъатини мамлакатимиз етакчисининг иқтисодий тараққиёт билан бирга маърифий юксалишни ҳам баробар олиб боришига ўхшатиш мумкин.

Шу маънода, марказга кирганимизда унинг маърифатидан баҳра олишимиз табиий ва зарур. Бу инсон қалб кўзи очиқлигидан далолат. Айни пайтда бу маърифат қаердан, қандай қувват олгани ҳақида ҳам фикр юритишимиз лозим. Албатта, унинг замирида аждодларимиз закоси мужассам. Шу билан бирга, аниқ ва ижтимоий фанларни ўзида жамлаган юксак интеллектдан куч олган. Буни диёримизда ривож топган китобат санъати мисолида ҳам кўриш мумкин.

Марказнинг очилишида Президентимиз мамлакат зиёлилари олдига яна бир муҳим вазифа, яъни мазкур марказни халқимизга, бутун дунёга танитиш, унинг мазмун-моҳиятини очиб бериш масаласини қўйди. Бу топшириқни ҳозирги кунимиз учун энг муҳим вазифа деб биламан. Масалан, касбимиз тақозоси туфайли малака оширишга келган имом-хатиблар билан бир неча бор марказга бордик. Улар марказдан жуда катта таассурот олиб чиқди. Динимиз, тарихимизга кўрсатилган эҳтиромдан қалблар равшан тортди. Давлатимиз раҳбарининг тарғибот масаласидаги чақириғидан сўнг ўйлай бошладим: биз уларга Ислом цивилизацияси маркази моҳиятини тўлиқ тушунтиролдикми? Бой тарихимизга оид экспонатларнинг қадри, зарҳал саҳифа яратишдай машаққатли меҳнат ортидаги илм ва ҳунарни англаб, теран ҳис этишига оз бўлса ҳам замин ярата олдикми? Назаримда марказга мана шундай саволлар билан қайта-қайта келиш, уни бор бўй-басти билан яна кўп марта ўрганиш зарур деб ҳисоблайман. Ана шу сабабдан ҳам институтимизнинг Ислом цивилизацияси маркази билан ҳамкорлик дастури ишлаб чиқилди ва унда бу борадаги барча зарур чора-тадбирлар белгиланди. Диний-маърифий соҳада малака ошириш ва қайта тайёрлаш бўйича институтимиздаги ўқувларга жалб қилинадиган тингловчилар учун баъзи дарс машғулотларини бевосита Ислом цивилизацияси марказида ташкил қилиш ҳам ана шу соҳадаги интилишларимизга ёрдам бериши шубҳасиз.

Бугун ёшларимиз орасида ўқиб-ўрганишга иштиёқ ниҳоятда кучли. Буни халқаро даражадаги ютуқлар мисолида ҳам кўриб турибмиз. Ана шу рағбатни янада жонлантириш, уни маърифат, ватанпарварлик руҳи билан кучайтиришда марказнинг ўрни ва ­аҳамияти катта. Содда қилиб айтганда, марказ Учинчи Уйғониш даврининг пойдеворидир. Ҳа, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази фақат халқимиз буюклигининг тимсолигина эмас, балки у дунё илм-маърифати ядросидир.

Гап билим олиш ҳақида кетар экан, марказнинг кутубхонаси ҳақида ҳам алоҳида тўхталиш зарур. Марказий Осиёда ўхшаши йўқ ушбу кутубхона энг замонавий жиҳозлар билан таъминланган. Ҳозир унинг фондида 45 минг 150 тадан зиёд адабиёт бор. Бу жуда катта илмий захира дегани. Айниқса, китобларнинг 2609 таси нодир манбалардан иборат экани зиё масканининг илмий қийматини янада оширади. Бундан ташқари, кутубхонада 350 мингта электрон адабиёт ҳам бор. Улардан фойдаланиш учун эса ниҳоятда замонавий ва қулай муҳит яратилган. Буни кутубхонанинг бир вақтнинг ўзида 310 фойдаланувчига хизмат кўрсатиш имкониятига эга экани ҳам тасдиқлайди. Умуман, марказ кутубхонасида илм кишилари учун барча зарур шароит бор. Масалан, олимлар ва профессорлар учун алоҳида 4 та хона ташкил қилинган. Уларда илмий фаолият билан шуғулланиш учун барча замонавий техника ва қулайликлар мавжуд.

Кутубхонадан Европа нодир нашрлари ҳам ўрин олган. Уларда ҳам тарихимиз акс этган. Хусусан, туркий халқлар тарихи, Шарқ халқларига оид энциклопедиялар, Хуросон ва Мовароуннаҳрга бағишланган саёҳатномаларнинг ХХ асргача бўлган даврда чоп этилган нусхалари бор. Шунингдек, Носируддин Рабғузийнинг “Қисасул анбиё” асари, Алишер Навоийнинг XIX аср бошларида Тошкентда кўчирилган девонлари, Мавлоно Жалолиддин Румий асарларининг туркий тилдаги таржималари каби нодир нашрлар ҳам бор. Аҳамиятлиси, ушбу қўлёзмалар шахсий коллекциялардан харид қилинган.

Шахсий коллекциядаги нодир асарларни харид қилиш айтишгагина осон. Бунинг нечоғлиқ машаққатли меҳнат ва изланиш, меҳр ва эътибор талаб этишини шу соҳага озгина бўлса ҳам қизиққанлар яхши англайди. Шу ўринда яна бир жиҳатга эътибор қаратиш зарур. Мамлакатимизда илм-маърифатга ­эътибор туфайли марказ ноёб манбалар билан бойиб бормоқда. Бундан фахрланиш, қувониш ва унинг аҳамиятини барчага етказиш — бирламчи вазифамиз. Аммо ушбу имкониятлардан кенг фойдаланиш яна бир муҳим миссиямиз. Бу манбаларни ўқиб-ўрганиш, тадқиқ этишда имкониятларга муносиб ҳаракат қилишимиз зарур.

Айтилганидек, ушбу мегалойиҳа узоқни кўзлаб, аниқ режа асосида бунёд этилди. Тарҳини чизишдан тортиб, ҳар бир экспонати, безагигача бўлган барча жараёнда миллий ўзлигимиз асосида замонавий ва бетакрор архитектурага эътибор берилган. Марказ атрофида ҳам чинакам миллий руҳ ва миллий қиёфадаги шарқона шаҳарча барпо этилди.

Мажмуада юртимизнинг уч минг йиллик тарихидан сўзлайдиган цивилизация дурдоналарини ва янги Ўзбекистоннинг сўнмас қудратга айланиб бораётган бугуни ва эртасини кўриш, ҳис қилиш мумкин. Бу халқимизнинг интеллектуал ва маданий салоҳиятини яққол англаш имконияти демак. Мамлакатимиз етакчиси ана шундай кенг кўламдаги аҳамиятга эга мегалойиҳага асос солди. Бизнинг галдаги вазифамиз эса шунга муносиб бўлиш, ёшларга ушбу марказ тимсолида замонавий илм-фан асосидаги маърифатни етказиб беришдир.

Ҳусниддин АҲМЕДОВ,

Дин ишлари бўйича қўмита ҳузуридаги

Диний-маърифий соҳада малака ошириш

ва қайта тайёрлаш институти директори,

сиёсий фанлар доктори, профессор