Жорий йил 17 март куни Президентимиз Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг расмий очилиши ҳамда ифторлик маросимида иштирок этди. Тадбир аввалида давлатимиз раҳбари бутун халқимизни муборак Рамазон ойи билан яна бир бор қутлади. Ҳозирги ғоят таҳликали замонда тинчлик нақадар улуғ ва бебаҳо неъмат эканини, 38 миллиондан зиёд аҳолимиз ягона халқ, аҳил бир оила бўлиб яшаётгани энг катта бойлигимиз эканини чуқур ҳис этиш зарурлигини таъкидлади.
Рамазон ҳайити арафасида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг очилиши нафақат халқимиз, балки бутун дунё мусулмонлари учун муносиб туҳфа бўлди. Ушбу бетакрор ва буюк мажмуа — мамлакатимизнинг уч минг йиллик шонли тарихи ва бой маданияти, янги Ўзбекистон имкониятларининг ёрқин кўзгуси.
Президентимиз таъкидлаганидек, бу маскан билан танишган ҳар бир одам, халқимиз, айниқса, ёшларимиз ислом динининг гуманистик моҳиятини англаб етади, ўзининг қандай улуғ мерос эгаси эканини ҳис этиб, қалби ғурур ва ифтихорга тўлади.
Ислом цивилизацияси маркази 2025 йилнинг ўзидаёқ минглаб хорижий меҳмонларда катта қизиқиш уйғотгани, улар орасида қатор давлатлар Президентлари, парламент ва ҳукумат раҳбарлари, депутат ва сенаторлар, вазирлар, элчилар, илм-фан ва жамоат арбоблари, диний ташкилотлар раҳнамолари борлиги эътирофга молик. Лойиҳалаш, қуриш ва замонавий ахборот технологиялари билан жиҳозлашда Франция, Хитой, Буюк Британия, АҚШ, Бирлашган Араб Амирликлари, Россия, Туркия, Германия, Испания, Италия, Малайзия, Озарбайжон, Саудия Арабистони, Ҳиндистон, Марказий Осиё давлатлари ва бошқа мамлакатлардан малакали мутахассислар қатнашгани ҳам иншоотнинг маҳобатидан далолат беради.
Президентимизнинг Пайариқ туманида қайтадан бунёд этилган Имом Бухорий мажмуасига ташрифи ҳам юртдошларимиз ва дунё мусулмонларининг эътибори марказида бўлди. Янги Ўзбекистоннинг дурдонаси бўлган бу мажмуанинг қоқ марказидан буюк ҳадисшунос бобомизнинг табаррук мақбараси ўрин олган. 14 та мовий гумбаз, 75 метрли 4 та минора қадамжога улуғвор қиёфа бағишлайди.
Имом Бухорий мажмуасида улкан бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари бажарилиб, зиёратчилар учун ҳар томонлама қулай шароит яратилди. Натижада илгари зиёратгоҳда бир кунда 12 минг кишига хизмат кўрсатилган бўлса, ҳозир кунига 65 минг зиёратчини қабул қилиш қувватига эга бўлди. Мажмуа ҳузурида туризм маркази очилди. Ёндош 15 гектар майдонда замонавий инфратузилма, шинам меҳмонхоналар, хизмат кўрсатиш шохобчалари барпо этилди. 10 минг кишига мўлжалланган улкан масжид, маъмурият биноси, 154 устунли, миллий услубдаги муҳташам айвон қурилди.
Наврўз бу йил ана шундай буюк тарихий воқеалар билан бирга муборак Рамазон ҳайити билан уйғун келгани алоҳида аҳамият касб этди. Бутун юртимиз бўйлаб нишонланган байрам шодиёналари “Наврўзни улуғлаш — инсонни улуғлашдир!” деган эзгу тамойилга ҳамоҳанг бўлди.
Наврўз табиатнинг янгиланишига монанд инсон қалбидаги эзгу ниятлар, саховат ва бағрикенглик туйғулари янада кучаядиган қутлуғ айём. Миллий қадриятларимизни ёрқин ифода этиб, жамиятда бирлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлайди, табиатни асраш, инсон қадрини улуғлашга даъват қилади.
Шундай шукуҳли кунларда бутун борлиқ жонланишига ҳамоҳанг одамлар ҳам фаол ҳаракатга келди. Ҳудудларда кенг миқёсли ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари бажарилди. Зеро, Наврўз фалсафасида миллий қадриятлар, халқимизга хос фазилатлар билан бирга атроф-муҳитни кўз қорачиғидек асраб-авайлаш ғояси мужассам.
Она заминга меҳр ва эҳтиром кўрсатиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, ёшларни табиатга муҳаббат руҳида тарбиялаш, экологик маданиятни юксалтиришга алоҳида эътибор қаратиш бугун ҳар қачонгидан ҳам муҳим.
Бу жиҳатлар Президентимизнинг шу йил 23 март куни экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида 2026-2030 йилларга мўлжалланган устувор умуммиллий лойиҳалар юзасидан тақдимот билан танишувида ҳам алоҳида қайд этилди. Тақдимотда атмосфера ҳавосининг сифатини яхшилаш, шаҳар ва ҳудудларда яшил майдонларни кенгайтириш, экологик таълим ва маданиятни юксалтириш, шунингдек, чўлланишга қарши курашишнинг илмий ва амалий асосларини мустаҳкамлашга қаратилган ташаббуслар кўриб чиқилди.
Эътиборли жиҳати, пойтахтимизда Миллий дендрология боғини барпо этиш концепцияси тақдимоти ҳам ўтказилди. 108 гектар бўлиши белгиланган ушбу йирик яшил ҳудудда 50 минг туп дарахт кўчати ва 100 минг туп бута экилиши назарда тутилмоқда. Табиийки, бундай катта ҳажмли “табиат ўпкаси”га эга парк биологик хилмахилликни сақлаш, ҳаво сифатини яхшилаш, углерод ютилишини ошириш, илмий тадқиқот ва селекция ишларини йўлга қўйиш, шунингдек, шаҳар микроиқлимини соғломлаштиришга хизмат қилади. Соддароқ айтганда, боғ ҳаво ҳароратини 2-4 даража пасайтириб, намликни 10-15 фоиз ошириши мумкин.
Қайд этилганидек, Миллий дендрология боғи фақат кўкаламзор ҳудуд бўлмайди. Бу ер илмий, маърифий ва жамоатчилик макони сифатида ҳам шакллантирилади. Боғнинг марказий қисмида 1 гектарли сунъий кўл ва атрофида сакура боғи барпо этилади. Бу ер университетимиз учун табиий лаборатория, аҳоли учун эса биотуризм ва экотаълим марказига айланади.
“Экомаданият” умуммиллий лойиҳаси доирасида экологик таълим, илм-фан ва тарғиботни ўзаро боғлаган ҳолда янги тизим яратилади. Мазкур соҳада халқаро стандартларга мос мутахассислар етишмаётгани, аҳоли ўртасида экологик онг ва барқарор одатлар ҳали етарли даражада шаклланмагани, инновация ва иқлим технологияларини амалиётга жорий қила оладиган кадрлар тақчиллиги муносабати билан 2026/2027 ўқув йилидан бошлаб 14 ҳудудда “яшил техникумлар” ташкил этилиб, улар ҳам университетимиз тизимига академик ҳамкорлик асосида бириктирилиши белгиланди.
Лойиҳага кўра, тайёрланадиган ўқувчи ва талабалар сони йил сайин оширилиб, 2028/2029 ўқув йилига бориб, 10 мингга етказилади. Бакалавриат ва магистратурада атроф-муҳит ва барқарор бошқарув, “яшил иқтисодиёт”, атроф- муҳит муҳандислиги, иқлим ўзгариши, чўлланишга қарши курашиш, барқарор шаҳарсозлик, барқарор энергия алмашинуви каби янги йўналишлар очилади. Таълим жараёнида дуал тизим жорий қилиниб, назарий билим билан амалиёт уйғунлаштирилади. Университет таълим тизимини ривожлантириш, илмий-инновацион лойиҳалар ва тарғибот ишлари учун катта миқдорда маблағ ажратиш кўзда тутилган.
Шу билан бирга, тақдимотда чўлланишга қарши кураш стратегияси лойиҳаси ҳам алоҳида кўриб чиқилди. Ушбу лойиҳага алоҳида тўхталаётганимиз боиси шуки, мазкур йўналиш бўйича университетимизга катта масъулият юкланди. Хусусан, юртимиз ҳудудининг 70 фоизи арид (жуда қуруқ иқлимга эга) зонадан иборат. Ернинг 70 фоиздан ортиғи деградацияга учраган. Бу иқтисодиётга ҳар йили 830 миллион доллар зарар келтирмоқда. Орол денгизининг қуриши натижасида 3 миллион гектар майдон яроқсиз ҳолга келган ва ҳудуднинг 56 фоизи шамол эрозияси таъсири остида қолган.
Шу муносабат билан университетимиз ҳузурида минтақавий қўшма илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш таклиф қилинди. Ушбу марказ чўлланишни бошқариш бўйича Марказий Осиёдаги биринчи илмий хабга айланиши кутилмоқда. Марказ таркибида 15 та ихтисослашган лаборатория фаолият юритади. Сунъий йўлдош маълумотлари, GIS ва масофадан зондлаш технологиялари асосида ер ҳолатини рақамли мониторинг қилиш йўлга қўйилади. Қурғоқчиликка чидамли ўсимликлар бўйича генетик банк шакллантирилади. Тупроқнинг кимёвий ва физикавий таҳлил тизими такомиллаштирилади. Натижада чўлланишни прогноз қилиш ва хариталаш миллий тизими яратилади. Оролбўйи ва қурғоқчил ҳудудларда яшил қоплама ҳудуди кенгайтирилади. Яйловлардан барқарор фойдаланиш ҳамда чўл иқтисодиёти моделлари жорий этилади.
Келажакда ҳамма соҳа экология билан ҳамоҳанг бўлади. Президентимизнинг 2023 йил 31 майдаги қарори асосида ташкил этилган Марказий Осиё атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришини ўрганиш университетида замонавий экологик йўналишлар қамраб олинган. Мазкур олий таълим муассасаси бутун фаолияти атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, барқарор ривожланиш ва иқлим ўзгаришлари соҳасида юқори малакали мутахассисларни тайёрлашга қаратилган минтақадаги илк ихтисослашган университетдир. Олийгоҳда атроф-муҳит ва барқарор бошқарув, атроф-муҳит ва иқтисодиёт, экология ва давлат бошқаруви, барқарор ривожланиш, барқарор молия, экология ҳуқуқи, атроф-муҳит соҳасида оммавий коммуникациялар йўналишлари очилган. Ўқув жараёни кредит-модуль тизими асосида ўзбек, рус ва инглиз тилларида олиб борилади.
Зеро, ёшларимизнинг экология йўналишлари бўйича олий маълумот олиши, билимли, малакали ва рақобатбардош кадрлар бўлиши табиатни асраш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, давлат ва жамият ривожи учун муҳим аҳамият касб этади.
Бахтиёр ПЎЛАТОВ,
Марказий Осиё атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришини
ўрганиш университети ректори,
техника фанлари доктори, профессор