2024 йилнинг 20 июнь куни Президентимиз раислигида муҳандислик соҳаларида кадрлар тайёрлаш ва олий таълим муассасалари фаолиятини янада такомиллаштириш масалалари юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида илм-фан ва саноат интеграциясини кучайтириш, замонавий технологияларни жорий этиш ҳамда янги авлод юқори малакали мутахассисларни тайёрлаш борасида устувор вазифаларни белгилаб берилди.

Мазкур ташаббуснинг амалий ифодаси сифатида бугунги кунда ёшлар орасида муҳандислик тафаккурини оммалаштиришга қаратилган янги лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилмоқда.

2025 йилдан бошлаб апрел ойи Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги томонидан “Муҳандислик ойлиги” деб эълон қилиниб, бутун мамлакат бўйлаб 5 мингдан ортиқ иқтидорли ёшларни бирлаштирувчи кенг қамровли тадбирлар ташкил этилиб келинмоқда.

Жорий йилнинг апрелида ўтказилган “Муҳандислик ойлиги” ёш иқтидор эгаларининг амалий ва илмий фаолиятини қўллаб-қувватлаб, техник мусобақалар орқали уларнинг жамоада ишлаш, муаммоларга креатив ечимлар ишлаб чиқиш кўникмаларини ривожлантиришга қаратилди. Техника йўналишидаги 26 та олийгоҳнинг ҳар бирида сунъий интеллект, робототехника, дрон, киберхавфсизлик каби йўналишларда “Олийгоҳ кубоги” танлови ўтказилиб, тадбирларга минглаб ёш муҳандис жалб этилди.

“Муҳандислик ойлиги”нинг энг муҳим воқеаларидан бири сифатида 28–30 апрел кунлари Тошкент шаҳрида ўтказилган “Келажак муҳандислари” халқаро фестивалини мисол келтириш мумкин. Фестивал ёш, ташаббускор ва ижодкор муҳандисларни бир майдонга жамлаб, уларни ўз салоҳиятини намоён этиш, инновацион лойиҳаларини кенг жамоатчиликка тақдим этишга имконият яратди. Мазкур фестивал муҳандислик соҳасининг турли йўналишларини қамраб олган ҳолда, илм-фан, таълим ва амалиёт интеграциясини таъминловчи муҳим платформа сифатида намоён бўлгани билан аҳамиятли.

Авиация, агротехнологиялар, машинасозлик, робототехника, чип дизайн, яшил энергетика, архитектура муҳандислиги каби соҳаларида республика ва халқаро даражадаги мусобақа ва амалий синовлар ташкил этилди.

Муҳандислик соҳасига қизиқадиган минглаб ёшларни бир майдонга жамлаган мазкур йирик тадбир инновацион ғоялар, технологик янгиликлар ва кучли рақобат муҳитига бой бўлди. Ҳар бир йўналишда иштирокчилар ўз билим ва кўникмаларини амалда намоён этиб, реал муаммоларга инновацион ечимлар таклиф қилдилар.

Ҳар бир лойиҳа юқори даражада тайёргарлик билан тақдим этилди. Айниқса, дрон технологиялари, роботлар жанги, энергия самарадор автомобиллар ҳамда сунъий интеллект асосидаги ишланмалар томошабинлар ва экспертларда катта қизиқиш уйғотди.

Мисол учун, Самарқанд давлат архитектура-қурилиш университети таянч докторонти Сарвара Саидмуродова томонидан яратилган ишланма кўпчиликнинг эътиборини тортди. Кам сув талаб қиладиган цементлар асосида вермикулитли енгил бетонлар ишлаб чиқариш технологияси замонавий қурилиш материалларини яратишда муҳим аҳамият касб этади. Тақдим этилган технология ёрдамида энергия самарадор, енгил ва мустаҳкам, юқори иссиқлик изоляциясига эга, оловбардош ҳамда зилзилабардош талабларга жавоб берадиган материаллар ишлаб чиқариш имконияти кенгаяди. Натижада, қурилиш соҳасида сифатли ва хавфсиз материаллар турини кўпайтиришга хизмат қилади.

Тиббиёт муҳандислиги йўналишида ўтказилган “AI Health” ҳакатони соҳадаги кўплаб муаммоларга креатив ечим топиш мақсадини ўздиа мужассам этди. Ҳакатон сунъий интеллект технологиялари асосида соғлиқни сақлаш соҳасида инновацион ечимларни ишлаб чиқиш ва қўллаб-қувватлаш, иқтидорли ёшларни аниқлаш ва уларни стартап фаолиятига жалб этиш, ахборот технологиялари ва тиббиёт интеграциясини ривожлантириш мақсад қилинган. 

— Аксарият ҳолларда беморларда даволаниш жараёни охирига етказилмайди, — дейди Тошкент тиббиёт университети талабаси Бекзод Тошқулов.   — Ўзини бироз яхши ҳис қилган бемор зарур дорини қабул қилишни муддатидан олдин тўхтатади. Бу эса касалликнинг охиригача тузалмай сурункали ҳолатга ўтиши ва касалхоналарга ортиқча юкламани келтириб чиқаради. Биз тақдим этган лойиҳада турли қизиқарли ўйинлар орқали дорини ўз вақтини қабул қилишга ўргатиш кўзда тутилган. Беморнинг дори ичиш жараёни сунъий интеллект ёрдамида назорат қилинади.

Иштирокчилар эътиборига тақдим қилинган ишланмалардан бири —  ҳаво мониторинг тизими атмосфера ҳавосининг сифат кўрсаткичларини узлуксиз назорат қилиш ва баҳолашга хизмат қилувчи муҳим технологик ечим ҳисобланади. Мазкур тизим орқали ҳаводаги зарарли моддалар миқдори аниқланиб, экологик ҳолат бўйича аниқ ва ишончли маълумотлар шакллантирилади. Натижада атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, аҳоли саломатлигини таъминлаш ҳамда экологик хавфсизликни оширишга қаратилган самарали чоралар кўриш имконияти яратилади.

Бундай изланишларга кўплаб мисоллар келтириш мумкин. Машинасозлик йўналишидаги “Янги авлод автомобили” мусобақаси фестивалнинг энг диққатга сазовор беллашувларидан бири бўлди. Робототехника йўналишида тақдим этилган “Робот сапёр” инновацион ишланмаси мамлакатимиз мудофаа тизимида соҳани янада такомиллаштиришга ҳисса қўшса ажаб эмас.

Намойиш этилган технологик лойиҳалар, ечимлар мамлакатимизда муҳандислик салоҳияти тобора юксалиб бораётганига далил бўла олади. Бу эса ёшларнинг иқтидорини юзага чиқариш, уларни қўллаб-қувватлаш ва келажак технологияларини яратишга берилаётган эътибор маҳсули.

 

Рисолат МАДИЕВА,

“Янги Ўзбекистон” мухбири