Инсон ҳаётида туб бурилишлар бўлиб туради. Улар турмуш ўзанини ё бутунлай яхши, ёки бутунлай ёмон томонга ўзгартириб юбориши мумкин. Менинг ҳаётимдаги кутилмаган совға бугунги ёруғ кунларнинг пойдевори бўлган десам, айни ҳақиқатни айтган бўламан. Кeлинг, ўша сурурбахш онларни сиз билан ҳам бўлишай.

2022 йилнинг 5 май куни Самарқанд шаҳридаги 59-сонли Кўзи ожиз болалар мактаб-интернати ўқувчилари пойтахтга сафар уюштирди. Ўша йили мазкур муассасага юртбошимиз ташриф буюрган, унда камина ҳам Президент билан суҳбатда бўлган эди. Тошкент сафарининг илк тадбири Ёзувчилар уюшмасида театр вакиллари ва ижодкорлар билан учрашувдан бошланди. Ҳозир ўйлаб қарасам, шу учрашувда Худо мени улуғ устоз ва беминнат дўст билан сийлаган экан.

Эсимда, биз ўқувчилар бир нечта ижодкорларнинг шеърларини тайёрлаб борган эдик. Мен Абдусаид Кўчимовнинг “Буқа жанги” деган шеърини ўқиб бергандим. Шунда устоз минбарга чиқиб, мени қучоқлаганларича шундай деган эдилар: “Шербек билан биз қўшнимиз. Мен томга чиқиб, ҳув десам, Шербекка эшитилади”. Кейин билсам, устоз Деҳқонободдан эканлар. Устознинг аллақачон мен ҳақимда маълумотга эга эканликлари мени ҳайратлантирди. Тадбирдан сўнг биз яна бироз суҳбатлашдик. Устоз Тошкентга ўқишга киришимни, ва албатта у кишига учрашишимни айтдилар.

Талабалик йилларимда ҳам устоз билан тез-тез кўришиб турдик. Ҳар сафар устоз менга китоб совға қилардилар. Китоб олгандаги бетакрор ҳиссиётни мен шунда илк бор туйганман. Бир сафар устоз менга шундай дедилар: “Ука, шеър ёзишни сира ташлаб қўйманг, қалам ҳам мисли ўроқ, чархлаб турмасангиз, ўтмаслашиб қолади”.

Инсон ҳақидаги энг тўғри фикр унинг ўзида. Шу маънода устоз ҳам ўзларини бир шеърларида шундай таърифлайдилар:

Менинг қалбим осмон каби кенг,

Унда ухлар тоғлар, дарёлар.

Тўлқинлари уммонларга тенг,

Қучоғида зуҳал зуҳролар.

Дарҳақиқат, устоз ниҳоятда бағрикенг инсон. Буни нафақат мен, балки у кишини таниган барча таъкидлайди. Хусусан, “Ишонч” ва “Жамият” газеталарида чоп этилган устоз ҳақидаги мақолаларда ҳам бу ўз аксини топган. Масалан, “Ишонч” газетасидаги профессор Қозоқбой Йўлдошнинг “Бутунлик” мақоласида устоз ижодкорнинг асарлари залвори ва умуминсоний ғояларига батафсил тўхталган бўлса, ЎзАнинг Самарқанддаги мухбири Ғолиб Ҳасановнинг “Жамият” газетасида эълон қилинган “Абдусаид Кўчимов сабоқлари” мақоласида у кишининг инсоний фазилатлари ҳақида сўз юритилган.

Бу икки мақолани ўқир эканман, уларда фақат мақтов ёки хотира эмас, устоздан таълим олган инсонларнинг қалб кечинмалари мужассам эканини ҳис қилдим. Қозоқбой Йўлдош устознинг асарлари орқали уни кашф этганини, инсон ва ижодкор сифатидаги бутунлигини катта меҳр билан тасвирлайди. Ғолиб Ҳасанов эса Абдусаид аканинг ҳаётдаги соддалиги, ҳалоллиги, мансабда эмас, инсонийликда улуғлигини аниқ мисоллар билан кўрсатади.

Айниқса, устознинг VIP зал эмас, оддий чиқиш эшигидан чиққани, давлат пулига эҳтиёткорлик билан муносабатда бўлгани, қишлоғида шахсий уйи ўрнида кутубхона қурдиргани ҳақидаги лавҳалар ҳар қандай баланд таърифдан ҳам таъсирлироқ туюлади. Чунки инсоннинг ҳақиқий қиёфаси катта минбарларда эмас, ана шундай кичик ҳолатларда намоён бўлади.

Устоз ўз шеърларида ифодалаганларидек, қалблари осмон қадар кенг, тоғлар каби юксакдир. Шогирдларга, умуман инсонларга бўлган меҳри дарёлардай жўшқин инсон. Шу ўринда мен у кишининг бугунги сиёсатнинг энг муносиб тарғиботчи раҳбари сифатида ҳам тилга олмоғим жоиз.

Юқорида давлатимиз раҳбари билан бўлган учрашувимиз ҳақида айтиб ўтгандим. Ўшанда Президентимиз менга: “Олийгоҳни битиргунларингча ҳар бир давлат идорасида сизлар учун муносиб иш ўринлари бўлиши шарт. Шундагина адолат ва инсон қадри деган ғояларимиз амалда ўз ифодасини топади”, деган эди. Устоз мазкур ғояни бутунлай қўллаб-қувватлаб, айнан олийгоҳни битираётган йилимда мени ЎзАдек нуфузли ташкилотга ишга қабул қилдилар.

Юртбошимиз илгари сураётган инклюзив тенгликни таъминлаш йўлида мен учун барча шароитларни яратиб бердилар. Энг муҳими, жамиятимизда кўзи ожиз инсонларга қўйиладиган тўсиқлардан мени халос этдилар. Ўйлайманки, бу олижаноблик барча раҳбарлар ва масъуллар учун ўрнак. Негаки, билдирилган ишонч ва яратилган имкониятлар натижасида камина ўз салоҳиятимни муносиб намоён этиб келмоқдаман.

Хулоса қилиб айтганда, устоз ижодкорнинг ҳаёт ва ижод йўли бугун ва келажак учун энг нодир ибрат мактабларидан. Эътибор берган бўлсангиз, мулоҳазаларимиз мобайнида Абдусаид Кўчимовнинг унвонлари-ю, мансабига заррача тўхталмадик. Чунки у кишининг энг юксак унвони бу чин инсон эканликларидир. Қолаверса, Абдусаид Кўчимов устозлик мақомига том маънода муносиб бўла олгани билан ҳам ардоқланади. Устозга янада жўшқинлик, юксак ижодий парвоз ва тан сиҳатлик тилаймиз. Зеро, ибратли ҳаёт эгалари узоқ умр кўришга ҳақлидир.

Шербек Исломов