Йиллик истеъмол нархлари индекси 107,1 фоизни ташкил этди. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 3,2 фоиз бандга паст (2025 йил март — 110,3 фоиз).

Март ойида нархлар ўсиши асосан озиқ-овқат маҳсулотлари ҳиссасига тўғри келди. Хусусан, озиқ-овқат маҳсулотлари 1,2 фоизга, ноозиқ-овқат товарлари 0,3 фоизга, хизматлар эса 0,2 фоизга қимматлашган.

Озиқ-овқат маҳсулотлари орасида помидор (11,5%), булғор қалампири (10%), картошка (9,8%), қовоқ (9,4%), олма (7,4%), банан (6%), лимон (4,4%) нархларининг ўсиши инфляцияга асосий таъсир кўрсатган. Шунингдек, тухум, гўшт, балиқ, шакар ва ўсимлик ёғи нархлари ҳам ошган.

Айни пайтда бодринг (-20,7%), карам (-4,7%) ва пиёз (-4,6%) нархларининг пасайиши инфляцияни чекловчи омил сифатида қайд этилди.

Ноозиқ-овқат маҳсулотларида айрим дори воситалари, кийим-кечак ва цемент нархлари ошган бўлса, пропан ҳамда AI-92 бензини нархи пасайган.

Хизматлар соҳасида маиший чиқиндилар учун тўлов ва таъмирлаш хизматлари қимматлашган, бироқ ички ва халқаро авиақатнов тарифлари арзонлашган.

Маълумотларга кўра, ҳисоб-китоблар 10 мингдан ортиқ савдо ва хизмат кўрсатиш нуқталаридан олинган қарийб 1,2 миллион нарх кузатувлари асосида шакллантирилган. Унда 419 турдаги товар ва 98 турдаги хизмат нархлари таҳлил қилинган.