Очиғини айтсам, бу шунчаки навбатдаги йиғилиш ёки расмий тадбир эмас, балки мамлакат етакчисининг ижодкорга, унинг дардига, ташвишига, орзу ва мақсадларига бўлган куюнчак муносабатини яна бир бор акс эттирган самимий мулоқот эди.

Биз кўпинча катта натижаларни кўра­миз, аммо уларнинг ортида қандай меҳнат турганини ҳар доим ҳам ҳис қилавермай­миз. Учрашувда хаёлимдан бир фикр ўтди: бир вақтнинг ўзида давлат бошқариш, мамлакат тараққиёти учун кечаю кундуз меҳнат қилиш, ташқи ва ички сиёсат, иқ­тисодиёт, хавфсизлик, ижтимоий соҳалар қатори маданият ва маънавият масаласига ҳам алоҳида аҳамият қаратиш учун инсон­да қанчалар куч-ғайрат, фидойилик бўли­ши керак.

Учрашув жараёни мени беихтиёр ҳар кунги ижод, иш ва турмуш ташвишларини бир лаҳза четга суриб, атрофимизда ке­чаётган ўзгаришларга яна бир бор қалбан ва идрок билан назар ташлашга ундади.

Қиёфаси кун сайин янгиланаётган ша­ҳар ва қишлоқларимиз… Инсонларнинг тобора фаровонлашиб бораётган турмуш тарзи… Сон-саноқсиз меҳмонхоналар, за­монавий масканлар, юртимизга қизиқиб келаётган хорижлик сайёҳлар… Спортдан тортиб, илм-фан, маданият ва иқтисодиёт­гача бўлган соҳалардаги ютуқларимиз… Чет эл матбуоти, сиёсатчилари ва халқаро экспертларнинг ҳайрат билан Ўзбекистон ҳақида билдираётган ижобий фикрлари… Юртимиздаги ўзгаришлардан лол эканини яшира олмаётган сайёҳлару катта-кичик давлатларнинг раҳбарлари…

Бу рўйхатни яна узоқ давом эттириш мумкин. Лекин бир ҳақиқатни ҳам тан олиш ке­рак: бу ютуқлар замирида юрти ва халқи тақдири учун тинимсиз меҳнат қилаётган, ўз ҳаловатидан кечаётган бир инсоннинг улкан иродаси ва масъулияти турганини англаяпмизми?

Ижод ва меҳнат фаолиятим давомида бир ҳақиқатни англаганман: хоҳ адабиёт бўлсин, хоҳ кино, хоҳ бошқа соҳа — буюк асарлар ва буюк шахслар кўп жиҳатдан давлатнинг биринчи раҳбари дунёқараши ва руҳияти билан боғлиқ бўлади.

Бу ҳақиқатни “Абдулла Орипов” филь­мини ишлаш жараёнида янада чуқурроқ англаган эдим. Нега айнан ўтган асрнинг 60-йилларида Абдулла Орипов, Эркин Во­ҳидов, Ўткир Ҳошимов, Шукур Холмир­заев каби улкан ижодкорлар бир вақтнинг ўзида етишиб чиқди? Нега айнан бир давр­да “Ўзбекистон — Ватаним маним” каби халқ руҳини уйғотган асарлар яратилди? Менимча, бунга сабаб машъум мустамла­ка тузум қатағонларидан кейин бошланган муайян маънодаги эркин нафас ва албатта, Шароф Рашидовнинг республика раҳба­ри сифатида миллат маънавиятига берган эътибори бўлган.

Бу жараён нафақат адабиётда, балки ки­нода ҳам яққол намоён бўлди. Миллий ки­номизга янги нафас олиб кирилди. Шуҳрат Аббосов, Али Ҳамроев, Элёр Эшмуҳамме­дов каби йирик дарғалар майдонга чиқди.

Одамларга гапириш, раҳбарларни танқид қилиш осон. Салбий фикр тез оммалашади. Баъзан ўзимиз ҳам яхши нарсани кўришдан кўра, камчилик излашга мойилмиз.

Аммо ҳақиқат шуки, 365 кун, ўн икки ой давомида халқининг дарди, юртининг эр­таси билан яшаб, унинг фаровонлиги учун тинимсиз меҳнат қилиш ҳар кимнинг ҳам қўлидан келмайди.

Бугунги тезкор замонда баъзан ёши улуғ инсонлар эмас, ҳатто ёшлар ҳам тез чарчаб қолаётганини тан олиш керак. Аммо Пре­зидентимиз фаолиятига назар ташласак, биз унда чарчоқни эмас, аксинча, улкан масъулият, тинимсиз ҳаракат ва ғайратни кўрамиз.

Тарихий учрашув ҳам эрталабдан бошланиб, кечгача давом этди. Прези­дентимиз сўзлашни истаган деярли ҳар бир ижодкорни диққат билан тинглади. Учрашувда нафақат соҳадаги ютуқлар, балки йиллар давомида йиғилиб қолган муаммолар, оғриқли масалалар ҳақида ҳам очиқ гапирилди. Мени энг таъсир­лантирган жиҳатлари шу бўлдики, дав­латимиз раҳбари ҳар бир фикрни сабр билан эшитди, ҳар бир масалага алоҳида муносабат билдирди.

Учрашув яна анча давом этиши мум­кин эди. Аммо Президентимиз йиғилишда иштирок этаётган ёши улуғ санъат ва ма­даният фахрийларини ўйлаб, уларни узоқ вақт уринтириб қўймаслик кераклигини инобатга олиб мулоқотни якунлашни так­лиф қилди. Бу ҳам инсонга эътиборнинг яна бир кўриниши бўлди.

Учрашувда мен ҳам сўзга чиқдим. Рос­тини айтсам, саҳнада, камералар қарши­сида йиллар давомида бемалол гапириб келган инсон сифатида буни тан олишим керак: Президентимиз қаршисида ҳая­жонланиб кетдим. Ҳатто нима деганимни ҳам кейин яхши эслай олмадим.

Буюк инсон қаршисида ҳар қандай одамни салобат босади.

Лекин Президентимиз ҳаяжонимни ҳис қилди, гапимни бўлмасдан, аксинча, охи­ригача тинглаб, миллий кино ривожи учун давлат томонидан янада кенг имкониятлар яратилишини таъкидлади.

Яна бир жиҳат. Сўнгги ўн йилликда айнан давлатимиз раҳбари ташаббуси ва эътибори туфайли ўзбек киносида катта ўзгаришлар амалга оширилди. Янги фильмлар яратилди, халқаро фес­тивалларда иштирок этиш имкониятла­ри кенгайди, миллий кинонинг нуфузи ошди.

Бироқ ҳали қилиниши лозим бўлган иш­лар ҳам кўп.

Учрашувнинг аҳамияти шунда эдики, унда муаммоларнинг фақат ташқи кўриниши эмас, балки уларнинг илдиз сабаблари муҳо­кама қилинди. Кино соҳасида ижодий эркин­ликни таъминлаш, соғлом рақобат муҳитини шакллантириш, замонавий ва шаффоф тизим яратиш бўйича муҳим тўхтамга келинди.

Хусусан, миллий фильмларни халқаро бозорларга олиб чиқиш мақсадида глобал кино платформалари билан ҳамкорлик ку­чайтирилиши, “Ўзбекфильм”га миллий мақом берилиши, давлат буюртмаси асо­сида яратиладиган фильмларда реклама ва тарғибот харажатлари учун бюджетнинг 30 фоизигача маблағ ажратилиши, кино­фильмлар ишлаб чиқувчилар барча солиқ­лардан озод этилиши, миллий кенгаш ва бадиий кенгашлар тугатилиши ҳақидаги қарорлар кино соҳаси вакиллари томони­дан катта мамнуният билан қабул қилинди.

Чунки яхши фильмнинг тақдири фақат уни суратга олиш билан ҳал бўлмайди. Уни томошабинга етказиш ҳам санъатнинг бир қисми. Дунё тажрибаси кўрсатмоқдаки, кучли тарғибот фильм муваффақиятининг камида ярмини таъминлайди.

Шунингдек, давлат буюртмаси асосида яратилган фильмлар намойишидан туш­ган маблағнинг бир қисми ижодий жамоа­ларни рағбатлантиришга йўналтирилиши ҳақидаги ташаббус ҳам соҳа учун муҳим янгилик бўлди.

Натижа узоқ куттирмади. Мулоқот даво­мида илгари сурилган ташаббус ва таклиф­ларнинг аксарияти эртаси куни Президен­тимизнинг “Маданият, санъат ва адабиёт соҳаларини янада ривожлантириш бўйича кенг кўламли чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонида ўз аксини топди. Бу соҳада бош­ланган ислоҳотлар янги босқичга чиққани­дан дарак.

Президентимиз учрашув аввалида жуда муҳим фикрни айтди: “Давлатни иқтисо­диёт кўтаради, қонун бошқаради, армия ҳимоя қилади. Лекин қайси мамлакат ада­биёт ва маданиятга эътибор берса, келажа­ги мустаҳкам бўлади”. Бу сўзлар ҳар бир ижодкор учун нафақат эътироф, балки кат­та масъулият ҳамдир.

Учрашувдан кейин бир нарсага яна бир бор ишонч ҳосил қилдим: мамлакатимизда санъат ва маданият соҳасига қаратилаётган эътибор тасодифий эмас. Бу узоқни кўзлаб юритилаётган давлат сиёсати. Мулоқотдан сўнг кино, театр, мусиқа ва умуман, мада­ният соҳасида янги давр бошланишига, ўз­бек миллий санъати ва киноси янада юксак чўққиларни забт этишига ишончим янада мустаҳкамланди. Биз, ижодкорлар эса бу ишончга муносиб бўлишимиз, халқимиз ва Ватанимиз учун хизмат қиладиган, миллий ғуруримизни юксалтирувчи асарлар ярати­шимиз керак.

Яна такрорлагим келяпти: ҳар қандай буюк асар, ҳар қандай ижодий юксалиш ортида давлат раҳбарининг маънавият ва маданиятга бўлган муносабати туради. Тарих ҳам бу ҳақиқатни кўп марта исбот­лаган. Зеро, давлат томонидан берилган эътибор ва ишонч ижодкорга, яъни ижодга қанот беради.

Музаффар ЭРКИНОВ,

кинорежиссёр