Президентимиз фармонига кўра “Содиқ хизматлари учун” медали билан тақдирланганимни эшитганимда, юрагимдан энг аввало шукроналик, ғурур ва шу билан бирга, кучли бир масъулият ҳисси ўтди. Чунки давлатнинг бу эътибори ва эътирофи — “Биз сизни кўриб турибмиз, меҳнатингизни қадрлаймиз, лекин олдинда халқнинг ва Ватаннинг янада катта ишончи турибди” дея берилган ишонч ёрлиғи бўлди. Бугун таълим соҳасида ишлаётган ҳар бир инсон бу ишончни иш столидаги, ҳар бир қароридаги асосий мезонга айланганини юракдан ҳис қиляпти.
Агар бу мукофотни ютуғим десам, жуда катта хато қилган бўламан. Бу — тунларни кунга улаб, ҳудудларда юрган, ёшларнинг кўзидаги ўтни кўриб, уларга янги йўллар очаётган, мамлакатнинг илм-фани ва инновацияси тараққиётига бел боғлаган бутун жамоамизнинг меҳнатига берилган баҳо.
Кейинги йилларда тизимда жуда катта янгиланишлар бўлди. Биргина инновацион ҳудудларни ривожлантиришда 200 дан ортиқ илмий лойиҳалар,
100 дан зиёд стартапларни оёққа турғазиш ва 130 та илмий ишланма ва технологияни айнан ишлаб чиқаришга, ҳаётга татбиқ этиш жараёнларида бевосита ичида бўлдик. Қоғозда қолиб кетаётган олимларимизнинг ишланмаларини бозорга чиқариш, ёшларимизнинг ғояларини амалиётда жонлантириш ишлари албатта осон кечаётгани йўқ.
АҚШнинг Массачусетс технология институти, Гарвард, Стенфорд ва Калифорния каби дунёнинг энг топ университетларида, OpenAI ва Google каби гигант компанияларда “Future 100” дастури бўйича стажировкада бўлганимда бир нарсани англадим: дунё шиддат билан илгарилаб кетяпти. Мен ўша ерда кўрган ва ўрганган билимларимни, халқаро мулоқотларда орттирган тажрибаларимни айнан ўз юртимиз илмига, таълимига қандай олиб киришни ўйладим.
Бу йўлда олиб борган ўн йилдан ортиқ фаолиятимга ортдан назар ташласам, меҳнатнинг ёқимли шарафи шинам кабинетда эмас, юрт бўйлаб юришда, вилоятлардаги ёш олимларнинг муаммосини тинглашда, илм аҳлига фойдаси тегадиган мақола ёзишда, тинимсиз изланишларда мужассам экани ойдинлашади. Меҳнатнинг заҳмати эса бирор олимнинг стартапи молиялаштирилиб, маҳсулот чиқаришни бошлаганида, лабораторияларда янги кашфиётлар қилинганида ёки халқаро ҳамкорлар билан юртимиз учун манфаатли бўлган йирик келишувга эришилганида ўзгача роҳатга айланиб бораверди, марралар масштабини тобора кенгайтираверди.
Натижада олий таълим тизимидаги ўзгаришлар тўлқини ўз тақдиримда акс эта бошлади. Жумладан, олиб борилган изчил саъй-ҳаракатлар натижаси ўлароқ, 2023 йилда “Туризм фидойиси”, 2025 йилда “Олий таълим аълочиси” ҳамда 2026 йилда “Ўзбекистон белгиси” кўкрак нишонлари билан тақдирландим.
Бу эътирофларнинг узвий давоми сифатида, давлатимиз раҳбари томонидан эълон қилинган “Сифатли давлат бошқаруви” дастури доирасида жорий йилнинг 22 май куни “Энг намунали маъмурий ходим” мукофотига муносиб деб топилганим, эришган марраларимизни янада юқори босқичга олиб чиқиш учун янги куч ва илҳом бағишлади. Мамлакатимиз етакчиси ғолиблар қаторида исмимни айтиб, эълон қилганларида шундай бир туйғу, шундай бир ҳаяжонли ҳисларни туйдимки, фаолиятим, соҳадаги ўзгаришлар, олий таълим тизимининг тарихи ва бугуни сониялар ичида кино тасмасидек кўз ўнгимдан шувиллаб ўтди.
Ҳа, кечаги кунлар худди эртакдай ўтмишда қолди. Илгари талаба бўлиш, минглаб ёшлар ичидан чиқиб бу номга сазовор бўлиш орзу эди, бугун эса имкониятга айланди. Тез фурсатларда юртимиздаги мавжуд олийгоҳлар сони 77 тадан 205 тага етди, қамров 45 фоизга кўтарилди, талабаларимиз сони
1,6 миллиондан ошди. 185 та таълим дастуримиз халқаро аккредитациядан ўтди. Еттита олийгоҳимиз 17 та фан бўйича нуфузли халқаро рейтингларга кирди. Амалиётга, ҳаётга яқин таълим ривожланиб, 22 та муҳандислик олийгоҳи бирлашди ва улар йилига 25–30 та энг замонавий ўқув адабиётларини яратмоқда. 11 та тиббиёт олийгоҳи эса робот хирургияси, трансплантология бўйича янги дарсликлар тайёрлаяпти.
Энг катта ўзгаришлардан бири — яқин йиллар ичида дуал таълим йўлга қўйилди. Қувонарлиси, келаси йилдан “корхона – олийгоҳ – мақсадли кадр” тизими йўлга қўйилади. Иш берувчи буюртма беради, талаба тестсиз, суҳбат билан ўқишга киради. Маошининг ярмини давлат қоплаб беради, яхши ўқиганлар 2-босқичдан давлат грантига ўтади. Бу таълимни тўғридан-тўғри ишлаб чиқаришга боғлаш демакдир.
Шу билан бирга, кечани тарихимизда мажбурий меҳнатда қадри топталган ўқитувчи ва унинг оиласи давлат ғамхўрлигини ҳис эта бошлади. Эндиликда камида 15 йиллик стажга эга педагогларнинг фарзандлари ўқиши учун фоизсиз кредитлар ажратилиши, халқаро сертификат олган муаллимларнинг имтиҳон харажатлари тўлиқ қопланиши — ўқитувчининг жамиятдаги қадрини ошириб, шу касбга ёшларда интилишни кучайтиради.
Ҳозирда мамлакатимизда 32 та хорижий олий таълим ташкилотлари фаолият юритмоқда. Энди дунёнинг энг кучли Топ-300 университетлари филиалларини олиб келиш, хусусий олийгоҳларга энг замонавий лабораториялар ва бренд учун харажатларининг 50 фоизигача қоплаб бериш тизими яратилади. Бу каби имкониятлар тобора ортиб бормоқда, бироқ уларнинг ташаккури, муносиб жавоби учун олдимизда жуда катта вазифалар турибди.
Давлатимиз раҳбари жонкуярлик билан таъкидлаганларидек, дарсликлар ва мазмунни бутунлай янгилашимиз зарур. Гарвард ва Массачусетс технология институти каби етакчи тажрибаларни миллий таълим билан мувофиқлаштириш, талабаларимизга дунёда тан олинадиган реал билим ва малака беришимиз даркор. “Корхона – олийгоҳ” занжирини мустаҳкамлаш, 75 та олийгоҳда дуал таълим бўлимларини тўғри йўлга қўйиб, ишлаб чиқариш, муҳандислик, сунъий интеллект ва тиббиёт соҳалари учун тайёр ва рақобатбардош мутахассислар етказишимиз зарур. Шунингдек, илм-фан ва стартапларни тижоратлаштиришни кучайтириш, ҳар бир инновацион ҳудуд ўзининг реал натижасини, иқтисодиётга келтирган фойдасини кўрсатиши учун интилишимиз шарт.
Шу боис, кўксимдаги медал янги ташаббуслар, янги марралар, Ватанга, Президентимизга ва халқимизга янада ҳалол, янада фидойилик билан хизмат қилиш учун берилган катта ишонч ва масъулият нишонидир. Бу ишончни ўзгаришлар, янги ютуқлар билан оқлаш — бош мақсадимиздир. Энг муҳими,ҳар бир ҳаракатимиз, интилишларимиз ортида тоғдай таянчимиз - Президентимиз турибди. Яшаётган тинч заминимиз, нафас олаётган мусаффо борлиғимиз, бизга тенгсиз имкониятларни тақдим этаётган Ватан эса ҳар қадамда қўллаб-қувватламоқда. Шундай экан, энди биз бошқаларга ўрнак бўлишимиз, ишга ёндашувда янги андозалар, янги тамойилларни яратишимиз зарур.
Фурсатдан фойдаланиб, бизга мана шундай имконни, муносиб меҳнат муҳитини яратиб берган, интилишларимизни қадрлаётган давлатимиз раҳбарига ўзимнинг чексиз миннатдорлигимни билдираман. Бундан кейин ҳам Ватанимиз тараққиёти, давлат бошқарувида сифатли ва самарали тизимларни ривожлантириш, илм-фан ва инновацияларни кенг жорий этиш йўлида бор билим ва тажрибамни сафарбар қилишга тайёрман. Зеро, Янги Ўзбекистонни шу меҳнатимизнинг шиддати, виждонан бажарилган иш сифати ва толмас қатъиятимиз кучи билан барпо этамиз!
Президентимиз ва халқимиз ишончини виждонан меҳнат қилиб оқлашни энг муҳим вазифам деб биламан.
Фазлиддин МЎМИНОВ,
иқтисодиёт фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD)
“Содиқ хизматлари учун” медали соҳиби